Кремл ИДнинг Россияга таҳдидига изоҳ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кремл Россияда ва дунёнинг кўп мамлакатларида тақиқланган "Исломий давлат" жангари гуруҳининг таҳдидли мурожаатларига эътибор қаратади, лекин улар терроризмга қарши сиёсатига таъсир қилмайди, деб айтди президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

"Шубҳасиз, чоп этилаётган бу каби маълумотларни аксилтеррор масалаларга ва хавфсизликка масъул махсус хизматлар ҳисобга оладилар", деди жаноб Песков.

"Шу билан бирга, бундай таҳдидлар Россиянинг олиб бораётган сиёсатига, Президент Путиннинг терроризмга қарши, халқаро терроризм билан кураш сиёсатига таъсир қилмайди, улар ўз йўналишида давом эттирилади", дея таъкидлади Кремл матбуот сўзчиси.

Песковнинг ушбу мурожаати ИДнинг душанбага ўтар кечаси тарқатилган видео ролиги орқасидан берилган саволларга изоҳ тариқасида билдирилди.

Жангарилар чиқарган видеолавҳада "Россияга жиҳод эълон қилган"лар. Унда шахсан Владимир Путинга мурожаат қилиб, "Россияга бориш" билан таҳдид қиладилар.

Бу ўзини "Исломий давлат" деб атовчи гуруҳнинг Россияга биринчи бор ҳужум билан таҳдиди эмас. Ўтган йил бошида ҳам ИШИД видеоролик чиқариб, унда гўёки Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходими ўлдирилгани кўрсатилган. Видеолавҳада Россия халқига таҳдидлар ҳам янграган.

Бир неча ой олдин эса жангарилар рус тилидаги қўшиқ уйғунлигида "Яқинда, жуда тез орада" номли видеоролик жойлаштирганлар интернетга. Унда ҳам "Россияни қонга ботириш" таҳдидларига гувоҳ бўлиш мумкин.

2015 йил охирида Дербент яқинида бир гуруҳ сайёҳлар ўққа тутилган. Жангарилар яширингани айтилган хонадонда отишма орқасидан икки полиция ходими ўлдирилган, 15 дан ортиғи ярадор этилган. ИШИД ҳодисага масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Душанба куни Суриянинг Идлиб вилоятида Ҳалабга гуманитар ёрдам бериб қайтаётган Россия тикучари уриб туширилган.

Ҳозирча бирор гуруҳ ҳодисага масъулиятни зиммасига олгани йўқ. Бундан олдинги ҳужумларни ИШИД жангарилари ўзлари амалга оширганини айтиб чиққанлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.