Лондон кўчаларида қуролли полициячилар кўпаяди

Лондондаги қуролли полиция ходими Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

3 августдан бошлаб Британия пойтахти Лондон кўчаларида қуролланган полиция ходимларининг сони кўпаяди.

Бу ҳақда Лондон шаҳри ҳокими Содиқ Хон ва шаҳар полицияси раҳбари сэр Бернард Хоган-Хоу маълум қилганлар.

Бунга охирги пайтда Оврўпода ҳужумлар кўпайгани сабаб бўлгани хабар қилинмоқда.

"Олмонияда, Белгия ва Францияда ҳужумлар содир этилди. Буларни инкор этиш биз томонимиздан ақлсизлик бўлур эди. Шунинг учун таҳдидга жавоб қайтаришга қодир қуролли зобитларнингкўчаларда бўлишлари муҳим", деб айтган Лондон полиция идораси раҳбари.

Сэр Бернард Хоган-Хоу айтишича, қуролланган зобитлар Лондоннинг айрим туманларида кечаю-кундуз патрул хизматини йўлга қўядилар.

Асосий эътибор сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ва одамлар кўп тўпланадиган жойларга қаратилади.

«Лондонликларнинг полиция ва хавфсизлик хизматлари хавфсизликни таъминлаш йўлида қўлларидан келган ҳамма ишни қилаётганларига ишонч ҳосил қилишлари муҳим", деб айтган шаҳар ҳокими Содиқ Хон.

Бундан олдин полиция Лондон кўчаларидаги қуролли зобитларнинг сонини 600 тага кўпайтиришни режалаштираётгани ҳамда яна 1500 кишини ўқотар қурол билан муомала қилишга ўргатиш мақсади ҳақида хабар тарқатган эди.

Охирги ойларда Оврўпода бир неча ҳужум рўй берди.

Франциянинг Ницца шаҳрида Бастилия куни муносабати билан мушакбозликни томоша қилиш учун денгиз соҳилига чиққан оломон устига юк автомобили ҳайдаб борилгани оқибатида 80 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди.

Олмониянинг Мюнхен шаҳридаги савдо марказида асли келиб чиқиши эронлик Олмония фуқароси оломонни ўққа тутди.

Бундан бир неча кун олдин Бавария поезди йўловчиларига пичоқ ва болта билан ҳужум қилинди.

Франциянинг Сент-Этьен-дю-Рувр шаҳридаги черковга икки шахс ҳужум қилиб, ибодатга тўпланган кишиларни гаровга олди.

Черковнинг кекса роҳибини ўлдириб, яна бир кишини жароҳатладилар.

Икки ҳужумчининг ҳам зўравонликка қўл уриши мумкинлиги ҳақида полиция хабардор бўлгани маълум бўлди.

Ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган экстремистик гуруҳ ҳужумлар учун масъулиятни зиммасига олиб баёнотлар тарқатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.