"Паралимпия қўмитасининг қарори "ноинсоний"

Рио де Жанейродаги Паралимпия ўйинлари рамзи Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Халқаро Паралимпия қўмитаси(ХПҚ) бутун бошли Россия терма жамоасини 7 сентябрда Рио-де-Жанейрода бошланадиган Паралимпия Ўйинларидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилган.

Халқаро Паралимпия қўмитаси қарорини Россия раҳбарияти ғазаб билан қарши олди.

Россия Спорт вазири Виталий Мутко ва Россия Паралимпия қўмитаси президенти Владимир Лукин ХПҚнинг қарори устидан Лозаннадаги Спорт Арбитраж маҳкамаси(CAS)га шикоят билан мурожаат қилишлари ҳақида айтганлар.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова ХПҚ қарорини "ноинсоний" деб таърифлаган.

ХПҚ ўтган ой эълон қилинган допингга бағишланган ҳисобот ортидан текширув бошлаган эди.

WADA ҳисоботи, Россия давлати допинг дастурини қўллаб-қувватлайди, деган хулосага келган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси бутун бошли Россия жамоасини олимпиада ўйинларидан четлатмасликка қарор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Россия ҳокимияти ўзининг паралимпиячи спортчиларига панд берди, деб айтган сэр Филип Крэйвен.

Россиялик 270 дан ортиқ спортчи Риога борган.

Россиялик 267 паралимпиадачи эса 18 спорт тури бўйича Бразилияга боришни режалаган эдилар.

ХПҚ WADA масъуллари ва ҳисобот муаллифлари ҳамда Россия Паралимпия қўмитаси ҳайъати билан мулоқотлардан кейин ўзининг якуний қарорини эълон этган.

Рио-де-Жанейрода матбуот анжумани ташкил қилган Халқаро Паралимпия қўмитаси раҳбари сэр Филип Крэйвен Россия аксилдопинг ташкилотига ишониб бўлмайди, деб айтган.

"Россия аксилдопинг тизими синдирилган, коррупцияга ботган ва буткул ўз обрўсини йўқотди", деб айтган сэр Филип Крэйвен.

"Мен ўйлайманки, Россия ҳокимияти ўз паралимпиадачиларга панд берди. Мен уларнинг "медал ахлоқдан муҳимроқ" деган ёндашувидан жирканаман", деб айтган ХПҚ раҳбари.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.