Россия спортчилари допинги бўйича манба ҳаётидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Агар биз билан нимадир содир бўлса, билингки, бу бахтсиз тасодиф эмас", дея қайд этган россиялик спортчи.

Допингга қарши бутунжаҳон агентлиги манбаси, россиялик югурувчи Юлия Степанова допингга қарши тизимдаги ўзининг манзили тўғрисида маълумотлар бўлган рақами хакерлик ҳужумига учрагач, эри билан ўзи ҳаётидан хавотирланаётганини айтган.

30 ёшли Степанова Россия спортидаги допинг махинацияларини ошкор қилишга ёрдам берганидан сўнг оиласи билан АҚШга қочишга мажбур бўлганди.

Шанба куни ВАДА (Допингга қарши бутунжаҳон агентлиги) ADAMS тизимидаги Степанова ўзининг қаерда эканлигини хабардор қилиши лозим бўлган рақами бузиб кирилганини маълум қилди.

"Кимдир ADAMS системасидаги ҳисобимизни бузиб кирганининг ягона сабаби бизнинг манзилимизга аниқлик киритишга уринишдир. Биз турар жойимизни ўзгартириш хавфсизроқ бўлади, деган қарорга келдик", деб айтган Степанова.

"Агар биз билан нимадир содир бўлса, билингки, бу бахтсиз тасодиф эмас", дея қайд этган россиялик спортчи.

У бундан олдин ҳам ҳаётига таҳдид борлигини айтганди. Россия допингга қарши агентликнинг икки мулозими икки ҳафта орасида сирли равишда вафот этганлари орқасидан шундай хавотирни билдирган.

Юлия Степанованинг эри РУСАДАнинг собиқ ходими Виталий Степанов ҳам шу фикрни тасдиқлаган.

Эр-хотин Степановлар россиялик енгил атлетикачиларнинг допинг қўллашлари ҳамда Сочидаги Олимпия ўйинларида оммавий допинг ишлатилганининг схемаси тўғрисида хабар берган асосий манбаълар ҳисобланишади.

Олмониянинг ARD телеканали ва Американинг Си-би-эс канали намойиш этган филмларнинг асосида айнан бу икки россияликнинг интервьюси турган.

Бунинг орқасидан ВАДА текширувлари бошланган.

2013 йилда ҳали фамилияси Русанова бўлган Юлия Степанованинг ўзи ҳам допингни қўллаганликда айбланиб дисквалификацияга тушганди. Шунга биноан МОҚ уни Олимпиадада қатнашишини тақиқлаган.

Юлия Степанованинг ўзи ва эрининг ҳаётига таҳдид борлигидан хавотири хабар қилингач, ижтимоий тармоқларда россияликларнинг баҳсу мунозараларига сабаб бўлган.

Аксарият россияликлар эр-хотинни "ватан хоини" сифатида қоралаганлар ва улар бундан ёмон муносабатга лойиқ эканлиги айтганлар.

Кам сонли интернет фойдаланувчилар уларни ёқлаб, спортда кўзбўямачилик қачондир ошкор бўлиши кераклигини, бу Степановлар зиммасига тушганини билдирганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.