Австралия Манус оролидаги қочқинлар жамлоғини ёпмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Австралия ва Папуа Янги Гвинея расмийлари Манус оролидаги бошпана изловчиларни тутиб туриш жамлоғини ёпишга келишганлар.

Папуа Янги Гвинея давлатига қарашли Манус оролида қочқинлар учун жамлоқ Австралия ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган.

Австралия шу йўл билан бу мамлакатга етиб олмоқчи бўлган қочқинларнинг йўлини тўсишни мақсад қилган.

Кемаларда Австралия соҳилига етиб олмоқчи бўлган қочқинлар чегарачилар томонидан ушланиб Манусга юборилган.

Манус оролидаги жамлоқ айнан қачон ёпилиши муддати эълон қилингани йўқ.

У ерда сақланаётган 800 бошпана изловчининг тақдири номаълум қолмоқда.

Манус жамлоғини Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва инсон ҳақлари гуруҳлари танқид қилганлар.

Жамлоқда қочқинлар, жумладан болалар ҳам таҳқирланиши, бунинг оқибатида айримлар ўзини-ўзи жароҳатлашгача бориб етгани маълум бўлган.

Бир неча кун олдин рўзномаларда Науру қочқинлар жамлоғидаги вазиятга оид маълумотлар эълон этилди.

Сизиб чиққан маълумотларга кўра, сўнгги 2 йил мобайнида Науруда жинсий таҳқирлаш ва бошқа турдаги хўрлашнинг 2000 дан ортиқ ҳолати қайд этилган.

Папуа Янги Гвинея Бош вазири Питер О Нил жамлоқ ёпилиши билан боғлиқ бир неча вариантлари кўриб чиқилишини айтган ўз баёнотида.

Хабарларга кўра, агар жамлоқ ёпиладиган бўлса, у ерда сақланаётган қочқинлар Папуа Янги Гвинеяда жойлаштирилиши мумкин, деган овозалар маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган ва улар қочқинларга ҳужум қилгани ҳолатлари юз берган.

Австралияга етиб олмоқчи бўлган кўплаб эронлик ва афғонистонлик қочқинлар Манус жамлоғида сақланганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.