Лондонда тунги метро иш бошлайди

Жума кундан бошлаб Лондон метроларида биринчи тунги поездлар ҳаракати йўлга қўйилади. Лондон аҳолиси бу воқеани қарийб уч йил кутишига тўғри келди.

Лондон метросининг Victoria ва Central йўналишлари бўйича қатновчи поездлари дам олиш кунларидан бошлаб 24 соат давомида ишлайди.

Тунги метро очиш 2013 йилда режага киритилган.

Ўшандаги режага биноан, лойиҳа 2015 йил сентябрда амалга оширилиши керак эди. Бироқ ер ости йўли ишчилари норозилиги туфайли иш маълум вақтга тўхтатилди. Ишчилар тунги иш соатлари учун тўланадиган иш ҳақига рози бўлмаганлар. 2016 йил март ойида бу борада муросага келинган.

Хабар қилинишича, тунги поездлар ҳар 10 дақиқа оралаб юради.

Лондон ҳокими Содиқ Хон биринчи поезд билан Victoria йўналишида "Брикстон" станциясигача боришини билдирди.

Image caption Лондон ҳокими Содиқ Хон бутун пойтахт аҳолисини узоқ кутилган воқеа билан қутлади.

"Мен сизни қутлаётганимдан бахтиёрман. Улкан сондаги инсонлар кечки соатларда ишдан қайтишлари ва ҳамшира, шифокор, қўриқчи, меҳмонхона хизматчилари каби касбдагилар тунда ишга боришларига тўғри келади, энди уларга анча қулай бўлади. Бундан ташқари бу Лондон кечки ҳаётига ўзгариш киритади", деб айтган шаҳар ҳокими Содиқ Хон.

Кузга бориб Jubilee, Piccadilly ва Northern йўналишларида, шаҳар ҳокимлигининг 2017 йилги режаларига биноан, Metropolitan, Circle, District ва Hammersmith & City ва ер усти метросида ҳам тунги поездлар қатнови йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Тунги соатларда йўл ҳақи кундузги тиғиз вақтдан ташқарида тўланадиган нархда белгиланган ва кундузги чипталар эрталабки 4.30гача амал қилади.

Дунёнинг яна қайси жойида тунги метро бор?

Копенгагенда 2009 йилдан бошлаб 24 соатлик метро йўлга қўйилган бўлиб, поезд ҳайдовчисиз автоматик тарзда ҳаракатланади.

Стоголм, Вена ва Берлинда ҳам дам олиш кунлари тунги поездар юради.

Бильбао ва Барселонада ер ости йўли шанба кунлари 24 соат очиқ.

Бу жиҳатдан Нью-Йорк энг илғор бўлиб, ҳафтанинг етти кунида ҳам туну кун ишлайди.

Transport for London (TFL) ширкатига кўра, тунги поездларни йўлга қўйишдан олинадиган даромад кунига 6,4 млрд фунт( 8,3 млрд доллар) ни ташкил қилиб, 2030 йилга бориб 500 минг янги иш ўринларини очишга имкон беради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.