Туркияда портлаш қурбонлари сони ошмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркиянинг Ғазиантеп шаҳрида содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 50 га етган, ярадорлар 70 дан ортиқ.

Дастлаб қурбонлар сони 30 та, жароҳатланганлар 70 тача экани айтилганди.

Президент Эрдўғон ҳужумда "Исломий давлат" жангари гуруҳини айблади.

Шу билан бирга Эрдўғон ИШИД жангарилари билан Курдистон Ишчилар партияси ва диний уламо Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари ўртасида фарқ кўрмаслигини қайд этди.

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужумга масъулиятни зиммасига олгани йўқ. Бироқ ҳудкуш ҳужумчи 12-14 ёшлардаги ўсмир экани аниқланган.

Ғазиантепда куннинг иккинчи ярмида дафн маросимлари бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Портлаш Ғазиантепда тўй маросими пайти содир этилган. Қурбонлар ва ярадорларнинг аксарияти бир оиланинг аъзолари ва яқинлари бўлишган.

Ижтимоий тармоқларда ҳодиса саҳнаси акс этган сурат ва видео лавҳалар пайдо бўлган.

Ғазиантепда ИШИД жангарилари борлиги маълум, дейди Истанбулдаги Би-би-си мухбири Марк Лоуэн.

Охирги йилларда Туркиядаги портлашларни ИШИД билан бирга курд исёнчилари ҳам уюштирганлар. Истанбул аэропортида 40 дан ортиқ инсон ёстиғини қуритган портлашни Курд Ишчилар партияси ўз зиммасига олиб чиққанди.

Сўнгги вақтларда исломий жангарилар Сурияда ўз мавқеъларини йўқота бошлаганлар. Жумладан, улар яқинда Манбиж шаҳрини ташлаб чиқишга мажбур бўлгандилар. Сурия исёнчилари ИШИД назорати остидаги Жераблус вилояти ичкарисига киришга ҳаракат қилишмоқда.

Шанба тунги ҳужум "Исломий давлат" жангарилари томонидан содир этилган бўлса, у Суриядаги охирги мағлубиятга қасдма-қасд амалга оширилиб, гуруҳнинг кучини кўрсатишни мақсад қилгани тахмин қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ғазиантеп Сурия чегарасидан 60 км масофада жойлашган бўлиб, асосан курдлар истиқомат қилишади.

Айни пайтда Ғазиантепдан жанубда курд исёнчилари ва ИШИД жангарилари ўртасида жанглар бормоқда.

Шанба куни Туркия Бош вазири Бенали Йилдирим Сурия инқирозини тезроқ ҳал этиш учун Анқара фаол ҳаракат қилиш ниятида эканини айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи STR
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio