БМТ: Сурияга барча инсонпарварлик конвойлари тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ушбу қарорга Ҳалабнинг исёнчилар назорати остидаги туманида гуманитар ёрдам ортилган автокалонна ҳаво ҳужумига тутилиб, камида 12 киши ҳалок бўлгани ортидан келинган.

Бир кун олдин АҚШ бошчилигида коалиция исёнчилар назорати остидаги ҳудудда Ассад армиясини ҳужумга тутиши натижасида 60 дан ортиқ аскар ҳалок бўлган, Сурия армияси оташкесимдан чиққанини маълум қилганди.

БМТ вакилига кўра, инсонпарварлик ёрдамлари тўхтатилганидан АҚШ ва Россия аллақачон хабардор қилинган.

Сурия мухолифатига кўра, инсонпарварлик конвойи ҳукумат ёки Россия ҳарбий учоқлари томонидан амалга оширилган.

Ҳалок бўлганлар орасида Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Суриядаги бўлими вакили бор.

Ҳалабга олиб борилаётган 31 юк машинасидан 18 таси зарарланган. Ёрдам БМТ ва Қизил Хочнинг Сурия бўлими томонидан ташкиллаштирилган.

Гуманитар конвой маҳаллий аҳолига ун, иссиқ кийим ва дори-дармон олиб кетаётган бўлган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Президенти Петер Маурер ҳужумни "инсонпарварлик ҳуқуқни қўпол равишда бузиш" деб атади.

АҚШ ҳам ҳаво ҳужумини қоралаган. Авианишон Сурия армияси АҚШ ва Россия воситачилигидаги оташкесимдан чиққанини эълон қилишидан бир неча соат ўтиб содир бўлган.

БМТ вакилининг сўзларига кўра, конвойда талаб қилинган барча рухсатномалар бўлган ва томонлар инсонпарварлик ёрдами олиб кетилаётганидан огоҳлантирилган.

Вашингтон Сурия ҳукуматининг яқин иттифоқчиси Россия билан ҳамкорлик истиқболларини қайта кўриб чиқишини билдирди.

Қамалда қолган туманларга инсонпарварлик ёрдамлари етказиш жанговор ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувнинг асосий нуқтасидан бири эди.

"Оташкесим тугади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сурия армияси қўмондонлиги 12 сентябрда АҚШ ва Россия воситачилигида узоқ давом этган музокаралардан сўнг эришилган оташкесимдан чиқишини эълон қилган.

"Сурия Армияси Олий қўмондонлиги ва Қуролли кучлари 12 сентябрда россия-америка келишувига асосланган оташкесим тугаганини билдиради. Оташкесим қон тўкилишига чек қўйишга реал имкон бериши кутилганди, бироқтеррористик гуруҳлар келишувни инкор қилиб, бирорта ҳам шартига амал қилмадилар. Сукут сақлашни қарийб 300 марта буздилар", дейилади Сурия армияси тарқатган мурожаатда.

Бундан аввал Россия Мудофаа вазирлиги ҳам оташкесим ниҳоясига етиши эҳтимоли ҳақида билдирганди.

"Жангарилар томонидан оташкесим шартларига амал қилинмаётганини ҳисобга олиб, уни бир томонлама ушлаб туришдан маъни йўқ, деб ҳисоблаймиз", деб айтганди Россия Мудофаа вазирлиги вакили Сергей Рудской.

Ассад армиясига кўра, терроризмга қарши курашни бор кучи билан давом эттиришга тайёр.

Россия 17 сентябрда АҚШ бошчилигида коалицияни Башар Ассад кучлари устида ҳаво ҳужумлари уюштирганликда айблади. Москванинг таъкидлашича, ҳужумда икки F-16 қирувчи учоғи ва икки A-10 бомбардимончи учоқлари қатнашган, камида 60 Сурия аскарини ҳалок этган.

Айни вақтда Вашингтоннинг баёнотича, "Исломий давлат" жангариларини нишонга олиш режалаштирилган, бунинг ўрнига Сурия аскарлари ҳужумга тутилганидан хабардор бўлингач, дарҳол ўт очиш тўхтатилган.

Россия бу ҳаракатни шундоқ ҳам нозик бўлган оташкесимга таҳдид, деб баҳолади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.