Россия бомбачи учоқлари Оврўпони безовта қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RAF
Image caption Британия учоғи Россия бомбачисини кузатиб қўймоқда

Россиянинг иккита Blackjack бомбачи қирувчи учоқлари тўртта Оврўпо мамлакати устидан Норвегия ва шимолий Испания томон учиб, яна ортга қайтгани қайд этилди.

ТУ-160 учоқлари тўртта оврўпо давлатининг чегаралари бўйлаб учар эканлар, Норвегия, Британия, Франция ва Испания ўз қирувчи учоқларини тайёр аҳволга келтирганлар.

Мазкур воқеа Ғарб ва Шарқ орасида алоқалар таранглашган бир вақтда юз бермоқда.

Мухбирларга кўра, Россия қирувчи самолётларининг НАТО учоқлари томонидан илғанган ҳоллари охирги вақтда ошган.

Испания матбуоти хабар қилишича, Россия учоқлари ҳали Оврўпо жанубига бунчалар чуқур кириб бормагандилар.

Россия учоғини қандай илғаса бўлади?

Ҳодиса 22 сентябрда рўй берган, аммо у ҳақида яқинда Франция мудофаа вазирлигининг баёнотида батафсил айтилди.

Унга кўра, аввалига Норвегия икки Blackjack бомбачи учоқларини илғаган ва уларни Шотландия шимолигача олиб чиқиб қўйиш учун икки F-16 қирувчи учоқларини сафарбар қилган.

Россия учоқлари сўнгра Шетланд ороллари ғарби томон учар экан, Британия ҳаво кучлари Typhoon учоғини ҳавога кўтарган. У вақтда Британия ҳаво кучлари Россия учоқлари умуман Британия ҳаво ҳудудларига кирмаганини айтганди.

Британиянинг Typhoon учоқлари эҳтиёткорлик мақсадида шарқдаги Линколншир графлигидан ҳам учирилган.

Россия учоқлари сўнгра Ирландия ғарби бўйлаб учиб, Франциянинг Бриттани вилоятига 100 масофа қолганларида француз Rafale қирувчи учоқлари томонидан қайд этилган. Россия учоқлари сўнгра жанубга учганларида франциянинг икки бошқа учоғи уларга эргашган.

Ниҳоят, Испания ўз шимолидаги Бильбао яқинида Россия учоқларини илғаш учун икки F-18 қирувчи учоқларини сафарбар қилган. Россиянинг бомбачи учоқлари сўнгра йўналишни ўзгартириб, Россияга қайтганлар.

Кейинроқ Исландия Россияга унинг TУ-160 Blackjack бомбачи учоқлари Исландиянинг йўловчиларни ташувчи учоқларига жуда яқин учганидан шикоят қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг