Шаҳзода Чарлз БААда қадимий Қуръон нусхасини тақдим қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шаҳзода Чарлз Бирмингам университети томонидан топилган қадамий Қуръоннинг рақамли нусхасини тақдим қилади

Бирлашган Араб Амирликларига сафари чоғида Шаҳзода Чарлз Бирмингам университети томонидан топилган қадимий Қуръоннинг рақамли нусхасини тақдим қилади.

Қўлёзманинг нусхаси БАА ва Буюк Британия ўртасидаги маданий алоқалар марказида бўлиши кутилмоқда.

Эҳтимолки, Қуръоннинг энг кўҳна нусхаси бўлмиш бу топилдиқ асли Британиянинг Бирмингам университетида сақланади.

Ўтган йили 1370 йиллик тарихга эга экани айтилаётган қўлёзма топилиши йирик воқеълик бўлган эди.

Бирмингам университети бу қўлёзмани 1920 йиллардан бери асраб келган, аммо унинг тарихига доир илмий изланиш натижаси фақат ўтган йил маълум бўлди.

Тадқиқотларга кўра, Қуръоннинг айни нусхаси бошқа қўлёзмалардан кўра қадимийроқдир.

Қўй ёки эчки терисидан ишланган ва Қуръон суралари аксланган муқова Бирмингамда намойиш этилганди.

Аммо Қуръоннинг рақамли (digital) нусхаси илк бор Британиядан ташқарига олиб чиқилиб, намойиш этилмоқда.

Бирмингамда топилган Қуръон тарихи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Birmingham university
Image caption Қуръони Карим

Ўтган йил ёзида Бирмингем университети ходимлари ўзларининг кутубхоналарида сақланаётган Қуръон нусхаси дунёдаги энг қадимий манускриплардан бири эканини аниқлашганди.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, ўтказилган радиоуглеродли текширув мусулмонлар муқаддас китобининг ёши 1300 йилдан ошишини, яъни Қуръоннинг энг биринчи нусхаларидан эканини кўрсатганда ҳайратга тушганлар.

Бу шуни англатадики, манускрип устида ишлаган инсон назарий жиҳатдан олганда Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) билан учрашган ёки ваъзларини бевосита эшитган бўлиши мумкин.

Қуръон нусхаси Яқин Шарқдан келтирилган бошқа минглаб қадимий китоблар билан биргаликда 1920 йилларда келиб чиқиши ироқлик бўлган тарихчи Алфонс Минган томонидан университетга тақдим этилган.

Бироқ китоб қарийб юз йил давомида синчиклаб ўрганилмай қолган.

Британия кутубхонаси эксперти доктор Муҳаммад Исо "ҳаяжонли кашфиёт" мусулмонларни тўлқинлантиришини айтади.

Университетнинг махсус тўпламлар бўлими директори Сюзан Уорроллга кўра, тадқиқотчилар китобнинг бу қадар қадимийлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмаганлар. "Бизда энг кўҳна Қуръон нусхасининг борлиги оламшумул янгиликдир", дейди у.

Қуръон устида текширув Оксфорд университети тадқиқотчилари томонидан ўтказилган бўлиб, қўй ё эчки терисига ёзилган сатрлар Қуръоннинг энг кўҳна матнларидан эканини кўрсатган.

"Бу натижалар бизни Ислом пайдо бўлган дастлабки даврларга олиб боради", дейди Университетнинг насронийлик ва ислом факультети профессори Дэвид Томас.

"Мусулмон анъаналарига кўра, Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в)га Муқаддас Қуръон оятлари 610-632 йиллар оралиғида ваҳий келган деб ишонилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қуръон нусхасини кўчирган инсон Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в)ни бевосита билган... балки у кишининг ваъзларини эшитгани эҳтимоли катта.

Профессор Томасга кўра, пергаментга, тошга, палма баргига ёзилган Қуръон парчалари йиғилиб, 650 йилда китоб тарзида якунланган.

Пергаментга ёзилган баъзи қисмлар Муҳаммад Пайғамбар(с.а.в) вафотидан сўнг камида 20 ичида кўчирилгани эҳтимолини беради.

Радиоуглеродли ташҳис давлат ва хусусий коллекциялардаги қадимий китобларнинг аниқ ёшини айтиш имконини беради.

Доктор Уэйлига кўра, Қуръон нусхасининг якуний кўчирилган пайти учинчи халифа Усмон ибн Аффан даврига тўғри келади.

Бирмингем марказий масжидининг имоми Муҳаммад Афзал ушбу янгиликдан қаттиқ таъсирлангани, қалби улкан фахрга тўлганини ҳаяжонланиб сўзлайди. "Мен Қуръон саҳифаларини кўрганимда қаттиқ таъсирландим. Кўзларимга ёш келди. Мен аминманки, Британияликлар бу муқаддас саҳифаларни ўз кўзлари билан кўриш учун Бирмингемга албатта келадилар", дейди Муҳаммад Афзал.

Профессор Томас таъкидлашича, Бирмингемликлар учун ҳозир дунёда "бошқа нусхаси бўлмаган улкан хазина" мавжуд.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар