НАТО Трампни якка амал қилмасликка чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг

НАТОнинг бош котиби Йенс Столтенберг АҚШ Президентлигига сайланган Доналд Трампга "якка амал қилиш"дан на Оврўпо, на АҚШ манфаатдор бўлишини айтди.

Унинг огоҳлантиришича, Ғарб энг катта замонавий таҳдидга юз тутиб келмоқда.

Ўз сайловолди кампанияси давомида жаноб Трамп Ғарбнинг ҳарбий альянси саналмиш НАТОни "ўз вақтини ўтаб бўлган" бефойда ташкилот дея тасвирлаган.

Трамп агар НАТОнинг қайсидир аъзоси ўз улушини тўламаган бўлса, АҚШ унинг ҳимоясига келишни икки марта ўйлаб кўришини айтган.

Британиянинг "Обзервер" газетасида чиққан мақоласида жаноб Столтенберг баъзи НАТО аъзолари кўпроқ молиявий ҳисса қўшишлари кераклигини тан олди, чунки ҳозирда НАТО харажатларининг 70 фоизини АҚШ қоплайди.

Бироқ, унга кўра, Америка раҳбарлари ҳар доим барқарор ва хавфсиз Оврўподан ўта манфаатдор эканликларини тан олиб келганлар.

"Эркинликларимиз, хавфсизлигимиз ва фаровонлигимизнинг қадрини унутиб қўйиш жуда осон. Бундай нотайин замонда биз қудратли Америка раҳбариятига муҳтожмиз, ва Оврўполиклар ҳам маълум масъулиятни ўз бўйниларига олишлари керак", - деб ёзади Норвегиянинг собиқ бош вазири Столтенберг.

"Якка амал қилиш на Оврўпо, ё на АҚШ учун яхши танлов. Биз замонамизнинг энг йирик таҳдидларига юз тутаяпмиз. Ҳозир Оврўпо ва АҚШ ўртасидаги шериклик қадрини савол остига оладиган вақт эмас", - деди у.

Жаноб Столтенбергнинг ёзишича, АҚШда 11 сентябрь ҳужумлари юз берганида, НАТО биринчи марта мудофаа моддасини ишга солган. Бу моддага биноан, НАТОнинг барча аъзолари ҳужум остидаги аъзо ҳимоясига отланадилар. Мазкур модда бошқа ишга солинмаган.

"Бу фақат рамзий ҳаракат эмасди. НАТО Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар устидан назоратни қўлга олди. Юз минглаб оврўполик аскарлар ундан бери Афғонистонда хизмат қилишди. АҚШга тўғридан-тўғри қилинган ҳужум туфайли 1000дан ошиқ оврўполик аскарлар жонларини беришди", - деди жаноб Столтенберг.

Би-би-сининг Вашингтондаги мухбири Пол Адамсга кўра, бир вақтлар президентликка номзоднинг қуруқ гаплари деб кўрилган баёнотлар энди НАТОнинг иттифоқ сифатида сақланиб қолишига катта хавф сифатида талқин қилинмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, жаноб Трампнинг Россия президенти Путинга бўлган ҳурмати бу хавотирларни янада кучайтирган.

Жума куни Президент Путиннинг воизи жаноб Трамп НАТОни ўз қўшинларини Россия чегараларидан олиб чиқишга ишонтирса, АҚШ-Россия алоқалари яхшиланишига умид қилинаётганини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг