Туркияда қийноқ қўлланилгани ҳақида даъволар

Image caption Камералар қаршисида

Селжен Баюн ўз телефонидаги видеони кўрсатар экан, чуқур нафас олади.

15 июлдан бери бир неча бор кўрилганига қарамай, бу видео ҳамон инсонни ларзага солади.

"Бу менинг ҳимоямдаги мижоз", дейди у бошида жароҳат излари яққол кўриниб турган эркакка ишора қилиб...

"Уни ва бошқаларни калтаклашган. Бошларини деворларга урганлар. Иссиқ асфалт йўлга тиз чўктириб қўйилгани учун тиззалари куйиб кутган. Мен полиция зобити бошқа бир мижозимни сўроққа тутиш давомида бўғаётганини кўрдим".

Бу видеодагилар ёзда Туркияда муваффақиятсиз якун топган тўнтаришда шубҳа остида бўлганлардир.

Айни ҳарбийлар F16 учоғи учувчисига парламент биносини бомбардимон, танкларга эса намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ берганликда гумонланмоқдалар.

Айни ҳодиса Туркия давлатига қилинган энг йирик ҳужум эди дейиш мумкин.

Камида 265 киши қурбон бўлди.

Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳукумати қарийб ағдарилди.

Туркиянинг замонавий тарихида мисли кўрилмаган қама-қамалар бошланиб кетди.

40 мингдан ортиқ киши ҳибс қилинди.

125 минг хизматчи вазифасидан озод этилди.

Ҳибсга олинганларнинг аксарияти Фатҳуллоҳ Гуленнинг исломий ҳаракати билан аъзоликда айбланилди.

Ҳибсдагиларга қарши ноинсоний муносабатлар ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Би-би-си қўлга киритган маълумотларда ҳибсдагилар қийноққа солинаётгани ҳақида хавотирли дадиллар бор.

"Улар мижозларимни калтаклаб, қобирғаларни синдиришган. Орқаларига кишанланган қўллари кесилиб кетган. Бошчаноқлари ёрилган", дейди Селжен Баюн.

"Адвокатларга мижозлар билан кўришиш чекланган. Полиция ва қўриқчилар доим ҳозиру нозир. Улар ҳатто бизнинг суҳбатларимизга ҳам қўшилиб туришади. Ҳар бир мактубни ўқишади. Мижозларимиз бошларидан нималар ўтаётганини айтишга қўрқишади", дейди у.

Селжен менга кўрсатган видео тўнтариш ҳаракатидан кўп ўтмай чиқарилган.

Унда гумонланувчилар камералар қаршисидан олиб ўтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Тўнтаришга ҳаракатдан кейин

Кимнинг боши ёрилган, яна кимнингдир бурни синган, кимнингдир қулоғи қонаган...

Яна бир бошқа, афтидан полиция ходими тасвирга туширган видеода эса аскарлар қонига белаб калтакланади. Тепкиланади.

Amnesty International ташкилоти ўзида "маҳбусларнинг калтаклангани, қийноққа солингани ва зўрланганига доир" ишончли хабарлар борлигини айтди.

Human Rights Watch ҳам бир неча зўравонлик ва қонунбузарликка доир маълумотларга эга эканини очиқлади.

Би-би-си қўлга киритган маълумотларда ана шундай зўравонлик ва қонунбузарликлар нафақат тўнтаришга алоқадор деб гумонланганлар, балки қама-қамаларда "террорчиларга ёрдам" берган дея қўлга олинган оддий одамлар, сўлчилару курдларга ҳам қарши қўлланган.

Камил Улуч август ойида қўлга олинган ва Туркияда тақиқланган курд жангариларининг ПКК партияси билан алоқаларда айбланган.

У Истанбулнинг Эсенлер ва Ватан полиция идораларида сақлангани ва қаттиқ қийноққа солинганини айтади.

Би-би-си билан узундан узоқ ва тафсилотларга бой ҳикоясида у ўз оғзига тўппонча тиқишгани, ҳожатхонага боришга атайдан қўйишмаганини айтади.

Image caption Қийноқ

"Уларнинг қўлида 200 га яқин сурат бор эди. Улар биздан бу одамларнинг ПККга алоқаси бор деб кўрсатма беришимизни исташарди. Биз бу талабларни рад этганимизда, улар жинсий аъзоларимизга тошлар осишди. Менинг бу аъзоларим ҳамон оғрийди. Бошимиздан сув қуйишар ва дўппослашарди. Кейин шифохонага олиб боришар, шифокорларга ҳеч нарсани қайд қилмаслик буйруғини беришарди".

Тиббий ходимларга бу каби буйруқ бериш, уларга босим ўтказиш ҳақида бир неча хабарлар юзага чиққан.

" Агар гапирмасангиз, хотинингизни олиб келамиз шу ерга ва кўз олдингизда зўрлаймиз", дейишди. Кейин эса мени қоронғу хонага олиб киришди, у ерда эса орқамга полиция таёғини тиқишга ҳаракат қилдилар. Қўлларидан келмади. Эҳтимол мен бошқа қийноқларни унутмасман...аммо жинсий зўрлик йўлида қилган бу ишлари доим юрагимнинг энг қора доғи бўлиб қолади", дейди Камил.

Би-би-си яна жинсий зўравонлик қурбони бўлганини даъво қилаётган икки шахснинг тиббий хулосасини қўлга киритган.

Жанубий Урфа шаҳрида бу икки шахс марксистлар гуруҳига аъзо бўлгани учун ҳибс қилинади.

Тиббий хулосада "жинсий аъзо ортида яра, оғриқ бор. Бу жинсий аъзоларнинг давомли сиқилгани натижасидир", дейилади.

Мухолифатчилар ҳам нишонга айлангани айтилади.

ҲДП (HDP) раҳбарлари ва парламент депутатлари ҳибсга олинар экан, улардан бирининг фарзанди Жиҳад Саатчиогли норозилик билдиради. Кўчага чиқади.

Жароҳатлари туфайли касалхонага келтирилади.

Би-би-си уни касалхонада бориб кўради.

Унинг умуртқа поғонаси жиддий жароҳат олганидан ҳатто ётган жойида оғриқдан йиғларди.

Би-би-си қўлга киритган тиббий хулосада унинг калтаклангани қайд қилинган.

"Мени қўлга олишганидан то касалхонага келтиришганига қадар калтаклашди. Тарсакилар, муштлар, тепкилар ва бошимни деворга уришлари...Кейин эса улар докторга босим ўтказишмоқчи бўлишди. Аммо тиббий хулоса чиқиши билан бу полиция ходимлари қочиб қолишди. Ўрниларига бошқаларни жўнатишди", дейди Жиҳад Саатчиогли.

"Агар булар фақат бир неча зобитлар бўлишса, майли, ҳаммалари бунақа эмас деб ўйласангиз бўлади. Аммо бизни калтаклаганлар орасида фуқаро кийимидагилар, мотоциклда юрадиганлар, аксилтеррор тизимлар ходимлари бор эди. Улар қўрқмасдан қийноқ қўллашарди", дейди у.

Би-би-си Туркия ҳукуматидан айни даъволар бўйича изоҳ сўради. Бу сўров рад этилди. Аммо Human Rights Watch ўтган ҳафта ҳисоботини ошкор этар экан, Адлия ва Ички ишлар вазирлиги "ҳисобот бир томонлама, фақат Гуленчи террористларнинг айтганлари асосида тайёрланган", деб баёнот берди.

Адлия вазири ҳисоботни "туҳмат" деб атади.

Ҳозир Туркияга БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус ҳисоботчиси сафар қилмоқда.

Унинг ҳисоботи Қийноқларга қарши халқаро қонунни Туркия бузгани ва ё бузмаганига доир масалага ойдинлик киритади.

Мен эса Селжен Баюн билан суҳбат сўнггида қийноқ ҳақида гапиришдан қўрқмайсизми деб сўрайман.

"Қўрқаман, аммо кимдир гапириши керак. 15 июл ҳодисаси мутлақо ноқонуний эди. Аммо ҳозир рўй бераётган воқеалар ҳам қонуний эмас. Биз адолат истаймиз".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар