Ҳиндистон Афғонистонга бағишланган анжуман мезбони

Амритсардаги анжуман эълони ва Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг фотосурати. Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрида Афғонистондаги амниятий вазиятга бағишланган олтинчи "Осиё юраги" халқаро анжумани иш бошлаган.

Вазирлар даражасидаги йиғин эканига қарамай, унда Афғонистонни Президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг ўзи намоён этишга қарор қилган.

2001 йил Афғонистондаги Толибон қудратдан ағдарилганидан кейин бошланган Бонн анжуманининг давоми ҳисобланган Истанбул жараёнининг бир қисми бўлган "Осиё юраги" анжуманида қарийб 40 мамлакат ва ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.

Ҳиндистон расмийлари хабар қилишларича, Хитой, Россия, Эрон ва Покистон дохил 14 мамлакат расмийси ҳамда 17 мамлакатнинг вакиллари Амритсарга етиб борганлар.

Мухбирларга кўра, икки кунлик халқаро анжуманнинг асосий эътибори минтақада терроризмни жиловлаш масаласига қаратилади.

Шунингдек, ўзаро савдо-сотиқни янада кучайтириш йўллари ҳам муҳокамага қўйилган.

Амритсар анжумани доирасида Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг яккама-якка учрашуви режаланган.

Қатор оммавий ахборот воситаларининг расмийларга таяниб ёзишларича, Ҳиндистон ва Афғонистон давлат раҳбарларининг мулоқоти якунида икки мамлакат ўртасида учоқларда юк ташишни келишиб олинади ва икки мамлакат ўртасида парвозлар йўлга қўйилади.

"Осиё юраги" анжумани Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги зиддият таранглашган бир вақтда бўлиб ўтмоқда.

Томонлар бир-бирини чегарада охирги ойларда рўй берган қонли ҳужумларда айблаб келадилар.

Шу сабабли Покистон ҳайъатининг Ҳиндистондаги халқаро анжуманда қатнашиш-қатнашмаслиги савол остида экани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган.

Лекин бу хабарларни рад этган расмий Исломобод Амритсарда Покистон Бош вазирининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Сартож Азиз қатнашишини маълум қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.