Малайзия Мянмардаги "этник тозалаш"дан ғазабда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Малайзия Мянмарни Роҳинга мусулмонларига қарши "этник тозалаш"ни амалга ошираётганликда айблаб чиқди.

Малайзиянинг қўшнисига нисбатан эълон қилган баёноти жуда кескин тилда ёзилган.

"Фақат бир миллат қувиб солинаётгани этник тозалаш тушунчасига тўғри келади", дейилади Малайзиянинг Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Расмий Куала-Лумпур охирги йилларда 100 минглаб Роҳингалар ўзи туғилиб ўсган ерлардан бадарға қилинганини қайд этган.

Ўз ҳаёти учун хавотир мусулмонларни буддавийлар кўпчиликни ташкил этадиган собиқ Бирма ҳудудини тарк этишга мажбур қилган.

Роҳингалар қўшни мамлакатлардан паноҳ топишга ҳаракат қилмоқдалар.

Сўнгги йилларда 56000 Роҳинга Малайзиядан бошпана топган.

"Энди бу ички иш эмас, халқаро масалага айланди", дейилади Малайзия баёнотида.

Шу куни БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан Мянмарнинг Рахин штатига борган.

Рахин штати Бирманинг Роҳингалар кўпчилик бўлиб истиқомат қилган штати ҳисобланади.

Кофи Аннан Рахиндаги Роҳингаларнинг Вапеик қишлоғини бориб кўрган.

Ўт қўйилгани оқибатида қишлоқдаги биноларга жиддий шикаст етган.

Малайзия баёнотига жавобан Мянмар қўшнисининг ички ишларига аралашаётганликда айблаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Йангон шаҳрида кам сонли намойишчилар Малайзиянинг Мянмардаги элчилиги биноси олдида тўпланганлар ва ўзларининг норозилигини билдирганлар.

Бундан олдин БМТ Мянмар ҳукуматини Роҳингаларга қарши "этник тозалаш"да айблаган эди.

БМТга кўра, Бирмадаги сўнгги зўравонликлар оқибатида 30 минг инсон ўзларининг уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар.

Мянмар ҳукуматига кўра, 9 октябрда Роҳинга мусулмонларидан иборат қуролли гуруҳ Рахин штатидаги полиция постларига ҳужум қилганлар, полициячиларни ўлдириб қурол-яроғни олиб кетганлар.

Ушбу ҳодиса ортидан Рахин штатига Мянмар кўп сондаги армия кучларини ташлаган.

Рахинга ҳарбийлар ташланганидан кейин фаоллар тинч Роҳингалар ўлдирилгани, аёллар жинсий зўрлангани, уйларга ўт қўйилгани ҳақида хабарлар тарқатдилар.

Мянмар ҳарбийлари бу айбловларни рад этишади, қуролли қаршилик кўрсатган Роҳингалар ўлдирилди, дейишади.

Мнямар расмийлари Рахин штатига журналистлар ва халқаро ташкилотларнинг ходимлари киришларига изн бермайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ