Россиялик терговчилар Туркияга йўл олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria-Novosti
Image caption Карлов Россияга бағишланган фотокўргазма очилиши чоғида отиб ўлдирилган

Россия элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши юзасидан терговда иштирок этиши кутилаётган тезкор-тергов гуруҳи Туркияга йўл олган.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг билдиришича, гуруҳ таркибига Россия Тергов қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда "махсус идоралар вакиллари"дан иборат жаъми 18 киши кирган.

"Гуруҳ Россия Федерациясининг элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши юзасидан тергов доирасида ҳаракат қилади", -деб айтган Песков.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳақдаги келишувга Путин ва Эрдўғон ўртасидаги телефон мулоқоти чоғида эришилган.

Айни пайтда Россиянинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Россиянинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Андрей Карлов душанба куни Анқарадаги Россияга бағишланган фотокўргазма очилиши чоғида отиб ўлдирилган.

Элчига ўқ узган шахснинг Анқара полицияси махсус бўлинмасида хизмат қилган 22 ёшли Мавлуд Март Олтинтош экани маълум қилинган.

Дипломатга суиқасд онлари акс этган видеода ўқ узган шахснинг "Ҳалабни унутманг, Сурияни унутманг" дея ҳайқиргани эшитилади.

Полиция қотилни отиб ўлдирган.

Хабарларга кўра, ҳодиса жойида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси ҳам бўлган.

Ҳодиса Туркияда Россиянинг Суриядаги амалларига қарши норозиликлар манзарасида содир бўлган.

Ҳозирга қадар Олтинтошнинг бирон-бир гуруҳга алоқаси борлиги аниқланмаган.

Президент Эрдўғон миллатга мурожаатида қотилликни Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларни қайтадан кескинлаштириш уриниши, деб атаган.

Анқара ва Москва ўртасида Туркиянинг Сурия чегарасида Россия қирувчи учоғини уриб тушириши ортидан совуқлашиб кетган алоқалар шу йил ёзида қайта тикланганди.

Президент Путин ҳам ҳодисани шундай баҳолаган ва "иғвогарлик" деб атаган.

Британия рўзномалари эса сиёсий қотиллик Анқара ва Москвани янада яқинлаштириши мумкинлигини ёзмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

BBC бўйлаб

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас