Алишер Усмонов Alibaba даги улушини сотди

Фото муаллифлик ҳуқуқи РБК

Миллиардер Алишер Усмонов Хитойнинг интернет-ретейлер ширкати Alibaba даги улушини сотганини эълон қилган.

У ўз вақтида Facebook га "бай-бай" дегани, энди эса Alibaba га "бай-бай" дейиш вақти келганини айтган.

Усмоновнинг "Россия 24" телеканали билан суҳбатда айтишича, айни вақтда Хитой технология бозорида ҳали кўплаб ҳиссалари сақланиб қолмоқда.

"Хитойдаги биз ташкил қилган технологик фондда кўплаб ҳиссаларимиз бор. JD.com, Xiaomi ва яна икки-уч Хитой ширкатларидаги позицияларимиз сақланяпти. Биз бу сармояларни жуда ҳам қадрлаймиз", - деган у.

Усмоновнинг айтишича, у технологик ширкатлар ривожланишининг кейинги босқичини яқиндан кузатмоқда.

USM Holdings раҳбарининг сўзларига кўра, унинг улуши бор фондда Apple ширкатининг бир қисм ҳиссалари сақланиб қолган.

У Apple ҳиссаларидан "яхши ишлаб олгани"ни айтган.

Усмоновнинг Alibaba даги улуши қанча экани ҳеч қачон эълон қилинмаган.

Alibaba асосчиси Жек Ма Усмонов ширкатда "унча катта бўлмаган, аммо етарли дажарада катта" улушга эга эканини айтганди.

Алишер Усмоновнинг ўзи 2014 йилда Alibaba даги сармояларининг даромадлилигини 500 фоиз, деб баҳолаган.

Ўтган ҳафта асли ўзбекистонлик миллиардер ватанига қайтиш ниятида эканини ҳам билдирган.

63 ёшли Усмонов Россиянинг солиқ резиденти мақомига қайтиш-қайтмаслигини Ўзбекистон билан боғлаган.

"Россия солиқ резидентлигини агар қачондир алмаштирмоқчи бўлсам, фақат Ўзбекистонникига алмаштираман", - деган Усмонов.

У Россия солиқ резидентлигидан вақтинча чиқиш қарорини ўзи раҳбари бўлган Халқаро қиличбозлик федерациясидаги фаолияти билан боғлаган.

Федерация қароргоҳи Швейцарияда жойлашган ва Усмонов бу йил биринчи марта Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатидан ҳам ўрин олган.

USM Holdings хўжайини бўлган Алишер Усмонов нафақат Россияда, балки Британияда ҳам энг бадавлат шахслардан бири саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг