Бош маслаҳатчилик куёвга тегди

Жаред Кушнер Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ўз куёвини бош маслаҳатчи этиб тайин этди.

Жаред Кушнер энди Оқ Уйдаги муҳим шахслардан бирига айланади.

Куёв Кушнернинг президент маъмуриятига ишга олиниши аллақачон қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлмоқда.

Ёши 35 да бўлган Жаред Кушнер республикачи президент Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясида фаол иштирок этган.

Нью-Йорк кўчмас мулк бозорида иш юритувчи бизнесменлардан бири бўлган.

Жаред Кушнер, бундан ташқари, нашриётчи: У бор-йўғи 25 ёшда экан, "New York Observer" газетасига эгалик ҳуқуқини ҳам қўлга киритган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзининг қайин отаси Дональд Трамп каби Жаред Кушнер ҳам давлат бошқаруви тажрибасига эга эмас.

Аммо, Оқ Уйга бош маслаҳатчи бўлиб ўтгач, унинг АҚШ ички ва ташқи сиёсати билан боғлиқ масалалар устида бош қотириши лозим бўлади.

Куёв Жаред Кушнернинг президент маъмуриятига ишга олиниши кўпчилик учун кутилмаган бўлган, таклиф аллақачон қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлиб улгурган.

Айниқса, Америка оммавий-ахборот воситаларида баҳсу мунозаралар қизиган.

Ҳаммани бунинг қариндош-уруғчиликни маън этувчи қонунга қанчалик мос келиши ва ёки алал-оқибат манфаатлар тўқнашувига олиб келиш-келмаслиги қизиқтирган.

Дональд Трампнинг баён қилишича, "куёви ўзининг бутун сайловолди кампанияси чоғида катта ҳисса қўшган, ишонган маслаҳатчиси бўлган ва унинг ўз маъмуриятида муҳим роль ўйнашидан ғурурланади, холос".

Айтилишича, Дональд Трамп айнан шу куёвининг маслаҳатларига кўпроқ қулоқ тутиб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси чоғида Жаред Кушнер унинг интернет-стратегиясига масъул, деб кўрилган, юқори мартабали ходимларни хизматга ёллаш ишлари билан машғул бўлган.

Агар, ўзи соҳиблик қилувчи "New York Observer" газетасида чоп этилган мақолага таянилса, яҳудий динига эътиқод этувчи Жаред Кушнер қайин отасини антисемит эканликка оид айбловлардан ҳам ҳимоя қилган.

Демократлар жамлоғи ҳам аллақачон Дональд Трампга мурожаат билан чиқишган, уни ўзининг куёвини бош маслаҳатчи этиб тайин этиш қароридан воз кечишга ундашган.

АҚШ Вакиллар палатаси ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси аъзоларининг хос мактубида айтилишича, бу - қариндош-уруғчиликни маън этувчи амалдаги қонунга зид бўлиши мумкин.

Уларга кўра, 1967 йилда қабул қилинган мазкур қонун Оқ Уйнинг барча ходимларига бирдек тааллуқли бўлиб, ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди.

Бундан ташқари, қайин отанинг таклифи билан куёвнинг президент маъмуриятида ишлаши манфаатлар тўқнашувига олиб келмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг