Франция президентлик сайловининг янги юлдузи - Макрон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Макрон ҳам чап, ва ҳам ўнгдаги сайловчиларни ўзига оғдиришга уринмоқда

Франциядаги президентлик кампаниясини титратаётган марказчи номзод ўзининг йирик нутқида миллатни бирлаштиришини ва Германия билан муносабатларни кучайтиришини айтди.

Лион шаҳрида оломон олдида чиқиш қилар экан, Эммануэл Макрон мудофаа учун харажатни ҳам оширишини билдирди.

Социалистлар партиясидан собиқ иқтисод вазири ўтган йили ўз партиясига асос солган.

Макрон ҳам чап, ва ҳам ўнгдаги сайловчиларни ўзига оғдиришга уринмоқда.

Оммавий фикр сўровларига кўра, у президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ўнг қанот миллатчи номзод Марин Ле Пенга қарши чиқиши мумкин.

Марин Ле Пеннинг Миллий Фронт партияси ҳам Лионда икки кунлик чиқишларини бошлаган.

Унинг сиёсий дастури Европа Иттифоқидан ташқарида Франция мустақиллигини қайта тиклаш ва чегаралар назоратини кучайтиришни ваъда қилади.

Францияликлар 23 апрелда президентлик сайловларида овоз берадилар. Мазкур сайлов яқин тарихдаги энг қизғин ва натижаси башорат қилиш қийин бўлган сайлов бўлади.

Иқтидордаги Президент Франсуа Оллонд иккинчи муддатга номзодлигини қўйишдан бош тортган.

Мухолифатдаги консерватив Республикачиларнинг номзоди Франсуа Филлон ғолиб чиқиши башорат қилинаётганди, аммо шу кунларда унга қарши янграган коррупция иддаолари унинг обрўсини тушириб қўйди.

Филлон депутат бўлганида ўз рафиқасини хўжакўрсинга ёрдамчи қилиб ишлатгани ва унга маош тўлагани даъво қилинади.

"Бизда девор қурилмайди"

"En Marche" (Олға қадам) партиясига асос солган Макрон 8 минг киши олдида ўзини миллатни бирлаштирувчи куч сифатида тақдим этишга уринди.

"Мен ўнг ё сўл мазмунсиз деб ўтирмайман, улар битта нарса ҳам демайман, лекин улар фарқдан кўра тўсиқ эмасми?", - деб сўради у.

"Мен бир-биридан йироқлашиб бораётган икки Францияни яна бирлаштиришни истайман", - деди у.

"Мен Европа мудофааси кучайтирилиши, ҳамда Франция ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишини истайман".

Макрон, шунингдек, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Мексика билан чегарада девор қуриш сиёсатини мазах қилди.

У бу сиёсатни Франциянинг Гитлер нацистларига қарши 1940 йилда қуришга уринган мудофаа деворларига қиёслади.

"Мен девор қуришни истамайман. Сизни ишонтириб айтаманки, менинг дастуримда девор йўқ. Мажино чизиғини эслай оласизми?", - деди у.

63 ёшли нафақадаги ўқитувчи Одиль Дуклу илк бора En Marche йиғинида қатнашаётганини айтди.

"Мен социалистларга овоз берардим, лекин эрим йилларки мамлакатимиздаги ўнг-сўл бўлинишни йўқ қилишимиз керак деб келарди. Эммануел Макрон билан бу юз беришига ишондим", - деди у.

Фикр сўровларига кўра, жаноб Филлон ёки Макрон президентлик сайловларининг биринчи босқичида Ле Пенга ютқазадилар, аммо 7 майда бўладиган иккинчи босқичда ғолиб чиқадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар