"Эътиқодни кучайтириш руҳий хасталикларни даволайди"

Депрессияни рамзий кўрсатувчи сурат

Руҳий хасталиклардан азият чекаётган мусулмонларга эътиқодини кучайтириш ва диний таълим олиш касалликдан фориғ бўлишда ёрдам бериши мумкин. Лидс университетида тадқиқот ўтказаётган Британия олимлари шундай хулосага келишган.

Одатда шифокорлар динни даволашнинг бир бўлаги сифатида гапиришдан қочишади, айрим ҳолатларда уни хасталик деб қабул қилувчилар ҳам бор.

Бироқ Лидс университетида олиб борилаёган тадқиқотларга таянган Британия Соғлиқни сақлаш хизмати лойиҳаси "айрим якка мувафаққиятларни кўрсатмоқда".

Тадқиқот ўтказаётган шифокорларнинг таъкидлашича, руҳий хасталикларга бир тамға сифатида қараш туфайли жуда кўп мусулмонлар одатий муолажалардан фойда олмайди.

"Мен руҳан сингандим"

40 ёшли Самиа депрессиядан азоб чеккан ва лойиҳада иштирок этмоқда.

"Мен доим ўзимни қатъиятли тутиш шартлигини ва ҳар нарсага қодирлигимни ҳис қилардим. Бироқ мен ич-ичимдан тўкилиб бўлгандим. Мен тушкунликка тушиб, дунё кўзимга тор кўринганда Аллоҳни ранжитадиган бирор нарса қилганимни сезардим," дейди у.

Лидс университети Тиббиёт фанлари институти бош тадқиқотчи Доктор Ғазала Мирнинг айтишича, бу каби ҳолатлар руҳий хасталиклардан даъволаниш йўлига кирган аксар мусулмонларда учрайди.

"Ушбу аломат агар сиз даволанишга эҳтиёж сезсангиз, биринчи навбатда эътиқодингиз билан боғлиқ бирор хато бўлиши мумкинлигини ўз ичига қамраб олади."

Соғлиқни сақлаш хизмати маълумотлар базасига кўра, руҳий хасталикларни даволаш бўйича мурожаат қилганларнинг ичида депрессия мусулмонлар учун бошқаларга нисбатан сурункали аҳамият касб этади. Уларнинг ушбу хасталикдан даволаниш кўрсатгичи бошқаларникига нисбатан паст.

Британия Соғлиқни сақлаш хизмати мижозларнинг маданий жиҳатларини эътиборга олган ҳолда ёндашиш мажбуриятини олган, бироқ профессор Мирнинг айтишича, бу нарсани амалда қўллаш кўпинча қийин кечмоқда.

Доктор Мирнинг таъкидлашича, аксар шифокорлар эътиқодни бирор кишининг маданияти сифатида кўрмаслик орқали хатога йўл қўяди.

"Дунёнинг исталган нуқтасида ўтказилган синовлар орқали мусулмонлар эътиқодий-таъсирчан муолажалардан тезроқ наф кўришини биламиз. Улар бошқа диндаги одамларга қараганда кўпроқ динни таскин сифатида қабул қилади."

Доктор Мир сурункали оғрийдиган беморларни ўз ҳолатини бошқаришга асосланган мавжуд услубга таяниб янги муолажа тури - ўзини тутиш активизация тизимини яратишга кўмак берган.

Ушбу тадқиқот Соғлиқни сақлаш хизматининг Лидсдаги руҳий хасталиклар хайрия ташкилоти орқали 20 кишининг иштироки билан мувафаққиятли чиқди.

Мижозларга даволаш кор қилгач, улардан эътиқод ҳаётининг бир қисми эканлиги ё эмаслиги ҳақида сўралган.

Депрессия туфайли диний амалларни бажармай қўйганларга махсус чиқарилган буклетлар орқали аста секинлик билан ибодатнинг аҳамияти ҳақида тушунтирилган. Ушбу буклетларда "Қуръони Карим"дан оятлар келтирилган. Уларнинг бирида "кучли эътиқодли одам ҳам" депрессияга тушиши мумкинлиги ва бу нарса Аллоҳ улардан ранжиганини билдирмаслиги айтилади.

Самианинг айтишича, анъанавий услубда даволаш "охирига етмай қолган сафар"га ўхшайди. Бироқ у янги буклетни ўқий бошлаганидан бери ҳаёти ўзгара бошлаган.

"Ушбу буклетлардаги ёзувлар менга Қуръон депрессия, қайғу ва қийинчиликлар борлигини эътироф этишини мулоҳаза қилишимга ёрдам берди. Аллоҳ менга ушбу қўлланмаларни кўрсатиб қўйибди. Бу имонимни мустаҳкамлайди," дейди Самиа.

Шифокорлар синов лойиҳани тарк этди

Ричард Гарланд Тоучстондаги Руҳий хасталиклар хайрия ташкилотида мусулмон мижозларни даволовчи жамоани тарқатиб юборди. Унинг айтишича, бир неча шифокорлар даволашнинг бошланғич синовини турли сабабларга кўра тарк этган.

Айримлар мижозларга динни юклашганидан хавотирга тушишди, бошқалар Исломни етарли билмаслигини айтишди. Динни даволаш услуби сифатида ишлатиш ғоясига қарши чиқувчилар ҳам бўлди. Айримлар дин депрессияни даволашда ёрдам берувчи асос эмаслигини айтишди.

Шунга қарамасдан Гарланд бу каби диний йўл билан даволашлар ўз сўзини айтишига ишонади.

"Бу ерда ишлаб чиқилган тизим одамларнинг эътиқодини тўлиқ эътиборга олади. Ушбу ўзига хос эътиқод одамларнинг қадриятларига боғланган. Яъни бу кимнингдир эътиқоди амалий тажрибасидир."

Тадқиқотни ўтказаётганлар ушбу тажриба мамлакат бўйлаб ёйилишини ва даволаш услуби бошқа дин вакилларига ҳам қўлланишини орзу қилаётганини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.