Ўзбекистон ва дунё: Саудияга эргашиш вожиб эмас - кимнинг Ҳайити тўғри?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ислом динида Ой тақвими ишлатилади

Сешанба куни Саудия Арабистони дохил, аксар мусулмон давлатларида Рамазон Ҳайитининг биринчи куни, деб эълон қилинган.

Ўзбекистонда, аввалдан эълон қилинган Президент қарорига мувофиқ, Ҳайит намози чоршанба, 5 июнь куни ўқилади.

30 май куни эълон қилинган қарорга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 5 июнь чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори асос қилиб олинган.

5 ва 6 июнь кунлари дам олиш кунлари деб эълон қилинган.

Ўзбекистон ва Мирзиёев: Ўзбек қамоқхоналарида қанча диний маҳкум қолди?

Минтақа, Афғонистон: Қонли Рамазон

Дунё ва мусулмонлар: Рамазон шукуҳи суратларда

Ўзбекистон расмийлари Ҳайит кунинининг бошқа кўпчилик мусулмон давлатларидаги каби, янги Ой чиқишига қараб эмас, балки ҳукуматнинг бир неча кун аввал қабул қилинган қарорига мувофиқ тарзда нишонланишини хавфсизлик ва давлатнинг мусулмонларга ғамхўрлиги билан тушунтиришади.

Ўтган йилларда маҳаллий матбуот Диний идора ва ҳукуматнинг бу борадаги қарорларини савол остига олмаган, аммо бу йил қатор нашрлар расмийларга изоҳ сўраб мурожаат қилган.

"Фитналарга учманг"

Kun.uz нашрига берган интервьюсида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан диний идора фатвоси ва ҳукумат қарорини ҳимоя қилган.

Унинг сўзларига кўра, Ҳайит масаласида "Саудия Арабистонига эргашиш вожиб амал эмас".

Мулозим ўзбекистонлик мусулмонларни эҳтимолий фитнадан огоҳлантирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency
Image caption Британияда чиқадиган энг йирик таблоид - Daily Mail нашри Тошкентдаги таровиҳ намози акс этган суратларни чоп этган

"Бугун биз рўза тутамиз. Чунки бизнинг минтақамиздан ғарброқда жойлашган араб давлатларига ой кўринган бўлиши мумкин. Чунки Янги ҳилол Ғарб томондан кўриниб бошлайди. Бу борада Саудия Арабистонига эргашиш вожиб амал эмас. Чунки ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида Ойнинг кўринишини кузатиши керак. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг «Ҳилолга қараб рўза тутинглар, ҳилолга қараб очинглар», деган ҳадисига амал қилинади. «Маккага қараб тутинглар ёки очинглар», деган буйруқ йўқ.Мана шундай ҳолатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик мусулмонларнинг орасига фитна солишга уринаётганлар топилади. Ундай фитналарга учмаслигимиз керак. Бу борада фатвони диний идора чиқарган. Ўзбекистон мусулмонлари ўзини ҳурмат қиладиган бўлса — Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг раиси муфтий ҳазратларининг фатвосига бўйсуниши вожиб ҳисобланади", - деган мулозим ва "мусулмон давлатларнинг 70 фоизида ҳайит 5 июнь куни бўлиши"ни даъво қилган.

Kun.uz бу борада марҳум уламо шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг сўзларини ҳам келтирмоқда.

"Агар бир юртда (Ой ) кўринса иккинчи юртда кўринмаса ва фарқ юз берса, ҳар ким ўзи турган юртга қараши керак. Ўзи қайси юртда турса, шунинг эътиборидан рўза тутишни бошлайди ва тугатади, ҳайитини нишонлайди".

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳам Ҳайитни 5 июнь куни нишонлаш қарорини ҳимоя қилган

"Рамазон ойининг бошланиши ва ҳайит кунларини белгилашда биз ўзимизнинг анъаналаримизга кўра қадимдан тақвимга амал қилиб келганмиз. Шунинг учун ҳар йили Саудия билан бир кунга тўғри келиб қолади ё бир кун фарқ қилади. Бу табиий нарса. Бундан ҳеч қандай ҳаяжонга тушиб, шубҳаланиш керакмас", - дея иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.

Шайх Абдулазиз Мансур Саудия Арабистони ва минтақа давлатларида Рамазон ойининг биринчи кунини белгилаш масалаларида камдан-кам ҳолатда бир хиллик кузатилишини айтган.

"Чунки ҳар бир жойда ҳилолнинг кўриниши, об-ҳавоси ҳар хил", - деган у.

Бу йил Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам Ҳайитнинг биринчи кунини 5 июнда нишонлайди.

Хабарларга кўра, апрель ойида тўрт давлат уламолари ўзаро малаҳатлашиб, янги ой халқаро астрономик тадқиқот марказлари услуби бўйича аниқланади, деган хулосага келганлар.

Ҳайит арафасида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қамоқхоналаридаги диний маҳбуслар деб ишонилган 575 нафар маҳкумни авф этиш ҳақидаги фармонга имзо чеккан.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён диний сиёсат юмшагани кузатилади.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар бу йил таровиҳ намозларида ҳар йилгидан кўра ҳам кўпроқ одам қатнашганини ёзишган.

Британияда чиқадиган энг йирик таблоид - Daily Mail нашри Тошкентдаги таровиҳ намози акс этган суратларни чоп этган.

Ҳилолга тикилган кўзлар

Рўза ойи тугаши билан бошланадиган Рамазон Ҳайитини аниқлаш жуда мураккаб жараён.

Рамазон ойи якунига етаркан, дунёдаги 1.8 миллиард мусулмон булутсиз осмонга умид қилиб, ҳилолни кўриш учун кўкка кўз тикишади.

Ислом дини ойнинг жойлашув паллаларига қараб юритиладиган Қамарий тақвимга мувофиқ йўл тутади. Рамазон - тўққизинчи ой.

Ой тақвимига биноан ҳар янги йили ойлар аввалги санага қараганда 11 кун олдин бошланади.

Қамарий ой ҳисоби жуда муҳим ва у ҳар сафар Рамазон ойига ўзгачалик бахш этади.

Рамазон ойи давомида кун чиқишдан то кун ботгунича мусулмонлар на овқат, на сув истеъмол қилишади.

Исломий ойлар шасмий, яъни ҳеч қачон сурилмайдиган қуёш тақвими асосида ҳисобланадиган давлатларда одамлар, дейлик, кунлар узун ёз пайтида Рамазон ойини нишонлашса, дунёнинг бошқа жойида бу кунлар қисқа қишга тўғри келиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Индонезиялик аёл Рамазон Ҳайити учун рўмол сотиб олмоқда

Оқ тақвимига амал қилиш орқали эса 33 йил рўза тутган инсон йилнинг турли мавсум ва палласида Рамазон ойи қандай кечишини билади.

Рамазон Ҳайити оқ тақвимидаги ўнинчи ой - Шаввалнинг биринчи куни нишонланади.

Байрам баҳси

Аммо Ислом ичида ҳам Ҳайит қачон бошланиши борасида баҳслар бор. Кўплаб мамлакатларда одамлар осмонга ўзлари қарашмайди ва аксинча, расман ой чиққан кунни белгилашади.

Баъзилар аввалдан ҳисоблаб чиқилган ой тақвимини ишлатишади.

Бошқалар эса юлдузбон, яъни астрономларнинг ҳисоб-китобларини кузатиб бориб, ҳилол чиқишига қараб иш тутишади.

Шундай мусулмонлар ҳам борки, улар осмонда янги ойни кўришмаса, умуман, Ҳайит қилишмайди. Шу боис дунё бўйлаб Ҳайит куни бир кунда бўлмайди ва бир-икки кун фарқ билан нишонланиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўзбекистон, Туркия ва Малайзия астрономларнинг ҳисоб-китобига қараб Ҳайитни белгилашади

Саудия Арабистонида бирон одам ҳилолни ўз кўзи билан кўрганига қараб, Рамазон ойи бошланиши ёки тугаши эълон қилинади.

Жаҳондаги кўплаб мусулмонлар кейин шу ҳисобга эргашадилар. Лекин айрим давлатлар бошқачароқ йўл тутишади.

Масалан, Шия Эронда ҳилол чиққани ҳукумат тарафидан расман эълон қилинади.

Ўзбекистон ва Туркия каби сунний, аммо дунёвий давлатлар эса ойнинг чиқишини дақиқама дақиқа ҳисоблайдиган астрономларнинг хулосасига қараб Ҳайитни белгилашади.

Шия ва суннийлар аралаш яшовчи Ироқда эса одамлар мазҳабига қараб икки хил йўл тутишади.

Шия ироқликлар Оятуллоҳнинг эълонига қулоқ солишса, Суннийлар ўз уламолари айтган гапга қараб байрамини қилишади.

Фақат ўтган 2016 йили Ироқдаги шиялар ва суннийлар узоқ муддат давомида илк марта бир кунда Рамазон Ҳайитини нишонлашган.

Европада яшовчи мусулмонлар ўз жамоалари етакчиларининг эълонига қарашади. Баъзида бу эълонлар бошқа йирик мусулмон давлати белгилаган Ҳайит кунига мосланиши ҳам мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ