Москва: Бомбага оид аноним қўнғироқлар юзасидан жиноий иш

Москва

Россия пойтахтидан олинган хабарларга кўра, бунга Москвадаги қатор савдо марказлари ва университет биноларига портловчи ускуна ўрнатилганига оид ёлғон маълумотлар сабаб бўлган.

Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги мамлакат куч тизимларидаги манбасига таяниб, хабар берган.

Аммо, агентликка кўра, бу хусусда ҳалича ҳуқуқ-тартибот идораларининг расмий муносабат ва изоҳларини олишга муваффақ бўлмаган.

"Новости"нинг ўз манбасига таяниб хабар беришича, жиноий иш Россия Жиноят Кодексининг 207-моддаси бўйича олиб борилади.

Жиноят Кодексининг бу моддаси "Террорчилик амали юзасидан мутлақ ёлғон маълумот бериш" айбини кўзда тутади.

Россияда бомба хавфи, одамлар эвакуация қилинмоқда

Турли маъмурий ва савдо иншоотларининг миналаштирилганига оид аноним қўнғироқлар Россияда, тўртинчи кундирки, давом этаётгани айтилади.

Хабарларга кўра, кетма-кет уч кун давомида Россиянинг қатор йирик шаҳарлари нишонига айланган бу каби телефон қўнғироқлари кеча-чоршанба куни пойтахт Москвага ҳам етиб келган.

"Новости"нинг ёзишича, бомба таҳдиди сабаб, бир куннинг ўзида Россия пойтахтида 20 дан ортиқ объектлар текширилган.

Уларнинг орасида Киевский, Ярославский, Казанский вокзаллари, "Метрополис" савдо марказлари, ГУМ, И.М. Сеченов номидаги Биринчи Москва Давлат Тиббиёт, Г.В. Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетлари ва Москва давлат Халқаро алоқалар институти бинолари ҳам борлиги айтилмоқда.

Хабарларга кўра, махсус хизматларнинг текширувлари ортидан, улар аксарияти яна ўз иш фаолиятларига қайтишган.

Вокзаллар ҳам йўловчиларга, одатдагидек, хизмат кўрсатишда давом этаётгани айтилмоқда.

"Новости"нинг мамлакат куч тизимларига таяниб хабар беришича, бомбага оид аноним қўнғироқлар сабаб, сешанба куни Россиянинг 22 шаҳрида 45 минг киши эвакуация қилинган.

Аммо, аён бўлишича, бу маълумотларнинг бирортаси ўз тасдиғини топмаган.

Чоршанба куни эса, худди шу каби қўнғироқлар боис, 17 шаҳардаги 190 дан ортиқ бино титпит қилиб ташланган, портловчи ускуна ахтарилган, аммо топилмаган.

Орадан шунча кун ўтса-да, буларнинг барчаси кимнинг иши экани ҳануз номаълум қолаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар