Лондон метросидаги портлаш-"террорчилик ҳужуми"

Фото муаллифлик ҳуқуқи TWITTER/@RRIGS

Лондондаги "Парсонс-грин" метро бекатидаги портлаш оқибатида 22 инсон жабрланган.

Жароҳатланган инсонларнинг ҳаёти хавф остида эмас, демоқдалар шифокорлар.

Полиция тахминига кўра, қўлбола бомба портламай қолган. Акс ҳолда қурбонлар сони кўп бўлиши мумкин эди, дейди полиция.

Полиция ҳодисани террорчилик ҳужуми, деб таснифлади.

Лондон полицияси бошлиғи ўринбосари Марк Роули айтишича, қўлбола портловчи мослама ишга тушиб кетгани оқибатида портлаш рўй берган. Би-би-сига маълум бўлишича, портловчи моддада таймер бўлган.

Шоҳидларнинг айтишларича, поезд вагонида портлаш юз берган.

Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, у портлаш овозини эшитган ва ортидан алангани кўрган.

Йўловчининг айтишича, у билан портлаш жойи ўртасида кўпгина одамлар бўлгани учун жароҳат олмаган.

Аммо бу аёлга кўра, у бир неча жароҳатланганларни кўрган, жумладан, юзлари куйганларни ҳам. Унинг айтишича, вагонда саросима бошланган.

Метро бекати ўраб олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02