Каталония: Барселона Мадриднинг режасини рад этди

Карлес Пучдемон Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мустақиллик референдуми Испанияда сиёсий инқирозни келтириб чиқарди

Каталония ҳукумати раҳбари Карлес Пучдемон минтақа Мадриднинг тўғридан тўғри бошқариш режасини қабул қилмаслигини билдирди. У ушбу режаларни генерал Франко диктатураси замонларидан кейинги демократияга бўлган энг ёмон ҳужум деди. Франко даврида Каталония автоном мақомдан маҳрум қилинганди.

Испания Бош вазири Мариано Рахоянинг режасига кўра, Каталония раҳбарлари ишдан олиниши ва маҳаллий парламентнинг ваколатлари қисқартирилиши керак эди.

Пучдемоннинг таъкидлашича, Испания ҳукумати каталонияликларнинг демократик иродасига қарши чиқмоқда ҳамда мулоқот қилишдан бош тортмоқда.

У шунингдек, жавоб чораларини муҳокама қилиш учун парламент йиғилишини чақирди.

Олдинроқ Каталония парламенти бошлиғи Карме Форкадел Испания ҳукумати ҳаракатларини давлат тўнтаришига ҳаркат дея баҳоланганди. Форкаделнинг айтишича, у Рахояга парламентни демократик бўлишдан тўхтататишга йўл қўймайди.

Европа давлатларига инглиз тилида мурожаат қилган Пучдемон Европа иттифоқининг асосий қадриятлари Каталонияда хавф остида қолганини айтди.

Шанба куни Барселонада йирик намойиш бўлиб ўтди. Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, унда 450 минг киши чиққан. Акция иштирокчилари "озодлик" ва "мустақиллик" сўзларини айтиб бақирган.

Шанба куни эрталаб Испания вазирлар кенгаши фавқулотда йиғилди. Унда конституциянинг 155 моддасини қўллаш орқали Каталониянинг автоном мақомини тўхтатиш эҳтимоли масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилиш сўнггида Испания Бош вазири Мариано Рахой Мадрид 1 октябрда бўлиб ўтган мустақиллик борасидаги референдумдан сўнг "қонунчиликни тиклаш" учун 155 чи моддани жорий қилишини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шанба куни намойишчилар мустақиллик талаб қилган

Каталония ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, референдум иштирокчиларининг кўпчилиги Испаниядан ажралиб чиқиш тарафдори бўлган.

Испания ҳукумати Каталонияда 6 ойнинг ичида муддатидан аввал сайлов ўтказишни истамоқда. Рахойнинг таъкидлашича, Мадрид Каталониядан мухторият мақомини тортиб олмоқчи эмас.

Ушбу чораларни амалга ошириш учун барча минтақалар вакилларидан ташкил топган Испания парламенти юқори палатаси - сенатнинг ҳам розилигини олиш керак бўлади.

Испания ҳукумати овоз бериш ноқонуний бўлганини айтмоқда. Бироқ Каталония раҳбари Калес Пучдемоннинг таъкидлашича референдум Каталонияни мустақил деб эълон қилишга ваколатли бўлган.

Алоқадор мавзулар