Қайтаётган ИШИДчилар қанчалар хавфли?

Fighters of the Syrian Democratic Forces stand guard on a rooftop in Raqqa after retaking the city from Islamic State Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ пойтахти сифатида Суриянинг Раққа шаҳрини танлаган эдилар. Раққа учун уч йиллик шафқатсиз жанглардан кейин ИШИД "пойтахти"дан қувиб чиқарилди, Ироқ ва Суриядаги назоратига олган анча ҳудудидан айрилди. Ироқ ва Суриядан қочаётган жангарилар ўз мамлакатига қайтиб яна ҳужумларга қўл уришлари мумкин, деган хавотирлар билдирилмоқда.

Бундан кейин ИШИДчилар бошқа мамлакатга бориб ҳужум содир этишлари таҳдиди нақадар реал, деган саволни қўяди доктор Лорензо Видино.

Шунча ИШИД жангариси қаерга ғойиб бўлишди?

Ироқ Мўсулидан нима қолди?

ИШИД раҳбарларидан Абдураҳмон Ўзбекий йўқ қилинди

"Ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳ Ироқ ва Сурия ҳудудида мунтазам ҳужумларга тутилиб тор-мор этилаётган экан, бутун дунёдаги хавфсизлик мулозимлари ўзларига ўта муҳим саволни бермоқдалар: бу гуруҳ жангариларига энди нима бўлади?

ИШИД сафига 30000 хорижий жангари бориб қўшилган ва жангларда "суяги қотган" шахслар ўз мамлакатларига қайтишлари мумкин ёки бошқа бирор ерда "халифат"ни тор-мор этганлари учун қасос олиш мақсадида террорчилик хуружини содир этишлари мумкин, деган хавотирлар билдирилмоқда.

Ҳозирча бир нарсани башорат қилиш мушкул бўлса-да, ИШИД тақдири ўзгаргани глобал хавфсизликка катта таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Чегара ҳатлаб ўтиш

Айримларнинг тахминича, хусусан АҚШ аксилтеррор расмийларининг фикрларича, айрим хорижий жангарилар Сурия ва Ироқ ҳудудида қоладилар.

Шу кунларда Британия жосуслик хизмати - MI5 раҳбари баёнот беришича, ИШИД сафига бориб қўшилган 800 Британия фуқаросининг бошида кутилганидан камроқ сондагиси ватанига қайтган, камида 130 нафари ўлдирилган.

Ироқ ва Сурия ҳудудида қолишга қарор қилган хорижий жангарилар худди ИШИД илк пайдо бўлган кунлардагидек партизанча уруш йўлларини танлайдиган исёнчи гуруҳларни тузадилар ва шу йўл билан ҳалокатли террочилик ҳужумларини содир этишга ўтадилар.

Хорижий жангарилар, айниқса, Мосул ва Раққа шаҳарларида энг охиригача жон-жаҳди билан жанг қилганлар орасида кўпчиликни ташкил этди.

Ва бугунга келиб тириклайин қўлга тушган ИШИД жангариларининг тақдирини Ироқ судлари ҳал қилади.

Бу жангариларнинг айримлари ўлим жазосига ҳукм этилишлари мумкин, бу эса улар фуқароси ҳисобланган айрим мамлакатлар учун ҳуқуқий ва маънавий бошоғриқларни юзага келтириши мумкин.

Шунга қарамасдан, кўплаб жангарилар Туркия ва Сурия ўртасидаги "бепоён" чегара ҳудуди мавжудлигидан фойдаланиб "халифат"ни тарк этишга муваффақ бўлганлар.

Бу чегара 822 километрга чўзилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркия расмийлари олдингига қараганда чегара патрул назоратини кучайтиришганига қарамасдан, кўп ҳудудлар тоғли бўлгани ҳамда контрабанданинг жуда мураккаб тармоғи йўлга қўйилгани боис чегарадан ошиб ўтиш қийин бўлмайди.

ИШИД Туркия чегарасидан одам олиб ўтадиган тармоқни йўлга қўйганига анча йиллар бўлган ва бу тармоқ Суриядаги жангариларни олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди.

Сўнгги уч йилдаги энг ҳалокатли бўлган ИШИД ҳужуларини инобатга олиб Туркия расмийлари бу гуруҳнинг ўз ҳудудидаги таъсиридан жиддий хавотирга тушганлар.

Худди шундай хавотирни Иордания ва Ливанда ҳам ҳис қилишмоқда.

Жанг майдонидан бошқа жанггоҳга

Сурия ва Ироқдан қочиб чиқаётган чет эллик жангарилар бориб жойлашиши мумкин бўлган ҳудудлар "тўлиб-тошиб ётибди".

Чунки айрим жангарилар ИШИДнинг Ямандаги, Синай яримороли, Шимолий Кавказ ва Шарқий Осиёдаги "вилояти"га содиқликка қасам ичиб гуруҳга қўшилганлар.

Гуруҳнинг Ливиядаги аъзолари сони ҳам салмоқли. АҚШ расмийларига кўра, Ливиядаги ИШИДга байъат берганини эълон қилган 6500 ча жангари бор.

Афғонистонда ҳам ИШИДнинг бир неча юз аъзоси бор, деб кўрилади. Шу йил апрелида ИШИД қароргоҳи деб кўрилган тоғдаги туннелга АҚШ "бомбаларнинг онаси"ни ташлаган ва камида 94 жангари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Филипиннинг Марави шаҳри атрофида шу йил майидан ИШИДга алоқадор жангарилар қўлга олинган

Шу билан бирга, жангарилар Конго Демократик республикаси, Мянмар ва Филиппиндаги жанглар кечаётган ҳудудларга бориши мумкин, деган латифанамо бўлиб кўриниши мумкин бўлган эҳтимоллар ҳам билдирилмоқда.

Бу ҳудудларга собиқ ИШИДчиларнинг бориб қўшилиши маҳаллий жиҳодчи гуруҳларнинг кучини кучайтириши, айрим ҳолларда, ҳалокатли можароларни бошқа йўналишга солиб юбориши мумкин.

Заиф мамлакатлар

Бошқа кўплаб хорижий жангарилар ўзлари туғилиб ўсган мамлакатга қайтишга қарор қилишади.

Қайтганларнинг айримлари бундан кейин жангарилик амалиётига қўшилишни истамасликлари мумкин. Айримлари янги ҳужумларни уюштириш, мамлакатдаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш мақсадида ўзларининг махфий ташкилотларини тузишга қарор қиладилар.

Шу маънода Шимолий Африка мамлакатлари, хусусан Тунис ана шундай хавф остидаги мамлакат ҳисобланади. Бу мамлакатнинг 6000 тача фуқароси ИШИД сафларига бориб қўшилган, бу киши жон бошига ҳисоблаганда дунёдаги энг юқори рақамдир.

Форс кўрфазидаги Араб мамлакатлари ҳам ватанига қайтган ИШИДчилар қўл урган зўравонликлардан жабр кўриши мумкин бўлган мамлакатлар деб кўрилади.

Россия, Кавказ ва бир неча Марказий Осиё мамлакатларидан кўп сондаги жангарилар ИШИД сафларига бориб қўшилганлар ва улар жанг майдонларида энг қаттиқ урушган жангарилар бўлган. Бу жангариларнинг ватанларига қайтишлари борасида ҳам хавотирлар ўртага чиққан.

Европа учун таҳдид

Европа мамлакатлари расмийлари учун тахминан 6000 европалик хорижий жангарининг мамлакатига қайтиши асосий хавфсизлик хавотирига айланган.

Италия Халқаро Сиёсий тадқиқотлар институти ва Жорж Вашингтон университети қошидаги Экстремизм бўйича Дастур ўрганишларига кўра, Ғарбдаги ҳужумларга алоқадор бўлган ҳар беш шахсдан биттаси, 2014 йили ИШИД ўзининг "халифат"ини эълон қилгунича, хорижий жангари сифатида тажрибага эга бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Париж ҳужумларини собиқ хорижий жангарилар уюштирганлар

Бугунга келиб эса жангарилик тажрибасига эга инсонларнинг сони кўпайди. Уларнинг сони 1000 атрофида деб кўрилади.

Қайтганларнинг аксари бундан кейин зўравонлик билан боғлиқ фаолиятга аралашишни истамас, бироқ айримлари ўзининг жанговар қобилиятини ишга солиши мумкин деган қўрқув мавжуд.

Улар ўз тармоғи ичидаги контактларни ишга солиши ва террочилик хуружларини режалаштиришда "жиҳод ишқибозлар" кўзи ўнгида "нуфузли" шахс деб кўрилиши табиий.

ИШИДнинг ўз ҳудудларидан айрилгани бу жангариларнинг мустақил жангчи сифатида фаолият юритиш қобилиятига кўп ҳам таъсир кўрсатмайди.

Ҳуқуқий жавобгарлик

Ҳамон муҳим муаммолар мавжудлигига қарамасдан, Европа расмийлари ортга қайтаётган жангарилар ҳақидаги жосуслик маълумотларини алишиш ишларини яхшиладилар.

Туркия билан ҳамкорлик кучайтирилгани боис аксар жангарилар мамлакатига қайтиши билан ҳибсга олиндилар.

Жангариларнинг кам сондагиси Европага нолегал бўлиб ёки 2015 йил ноябридаги Париж ҳужумчилари каби ўзини қочқин кўрсатиб ўтишга муваффақ бўлган.

Бироқ хорижий жангариларнинг кўпчилиги Европага қонуний йўл билан - ўзининг ҳақиқий Европа паспорти билан қайтган.

Расмийлар учун уларни қўлга олиш бир муаммо бўлса, бундан кейин уларга нисбатан қандай чора кўриш масаласи яна бир муаммо.

Уларни шу заҳоти ҳибсга олиш энг оддий жавоб бўлиб кўриниши мумкин, бироқ реал вазият бир қарашда кўринганига нисбатан анча мураккаб.

Мисол учун, Британия Ички ишлар вазирлиги ошкор қилган маълумотларга кўра, Сурия ва Ироқдан ватанига қайтган 400 Британия фуқаросидан атиги 54 нафари маҳкум этилган.

Қитъанинг бошқа мамлакатларида ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилади.

Ватанига қайтган жангарини ҳибс қилиш, жиноят иши қўзғатиш ва қамашдан расмийларни нима қайтаради?

Бу, асосан, ҳуқуқ билан боғлиқ мушкуллик. Вазият мунтазам ўзгариб тургани сабабли парламент аъзолари қонунчиликни янгилашда қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

Мамлакатларнинг қонунчилиги бир-биридан фарқ қилса-да, умумий муаммолар кўп.

Мисол учун, аксар шахслар Суриядаги урушга бориб қўшилган пайтда айрим мамлакатларда террочилик ташкилотига қўшилиш ёки хорижда давом этаётган урушга бориб қўшилиш жиноят деб ҳисобланмаган.

Ўшандан буён кўплаб мамлакатлар ўз қонунларини ўзгартирди, аммо бу қонунни у қабул қилинишидан олдинга даврга тадбиқ этиш мумкин эмас.

Ҳатто бу амаллар қонунчиликда жиноят деб кўрилган мамлакатларда ҳам расмийлар кучли жиноят иши учун талаб қилинадиган исбот-далилларни топишда қийинчиликларга дуч келганлар.

Жосуслик маълумотларига таяниб кимнингдир Суриядаги вайронагарчиликлар, зўравонликларга қўл урганини билиш бир нарса.

Аммо бу нарсаларни судда қонун талабларидан келиб чиқиб исботлаш бошқа масала.

Расмийларнинг "иши бошидан ортган" - урушдан қайтган юзлаб собиқ жангариларни кузатиш керакми ёки сони ортиб бораётган ўз мамлакатидаги ИШИДга хайрихоҳларними? Булардан қайси бири хавфсизликка муқаррар таҳдид?

Бутун Европа бўйлаб уйига қайтган хорижий жангариларни дерадикализация қилиш мақсадига молия сарфлашга киришилган.

Франция 12 дерадикализация марказини очишни режалаштирган.

Келажакка назар

Назоратидаги аксар ҳудудни йўқотиш ИШИД учун катта зарба.

Гуруҳ ва унга ҳайрихоҳлар аллақачон бутун дунёга ёйилиб улгурганини инобатга олиб шуни айтиш мумкинки, Сурия ва Ироқдаги ҳудудини йўқотгани сайин ИШИД ўзининг ҳозирлигини кенгайтиришни бундан-да тезлаштириши табиий.

Бундан кейин ИШИД марказий раҳбарликни йўқотган, турли-туман йўналишда фаолият юритадиган аморф ташкилотга айланади, бироқ буткул йўқолиб кетмайди.

"Исломий Давлат"нинг сиймоси ва гуруҳнинг "халифат"га чақириғи яқин орада ғойиб бўлмайди.

Ташкилот бошига тушаётган жиддий қийинчиликларга қарамасдан, ИШИДнинг Интернетдаги ҳозирлиги, яъни, "виртуал халифат" ҳамон кучли бўлиб қолмоқда.

Келажакда ҳам "виртуал халифат" ўлмайди, дунё бўйлаб "Исломий Давлат"га хайрихоҳларнинг эътиборини ўзига жалб қилиб қолаверади ва ИШИД номидан уюштирилган айрим террочилик хуружларига ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

"Халифат" барбод бўлгани китобнинг бир бобидир, аммо бундан кейин янги бир боб очилади.


Таҳлилий мақола ҳақида

Шу мавзуда таҳлилий мақолани ёзиб беришни Би-би-си ўз соҳаси экспертларидан илтимос қилган ва бу мақола Би-би-си сўрови асосида тайёрланган.

Доктор Лорензо Видино Жорж Вашингтон университети қошидаги Экстремизм бўйича Дастур директори ҳамда Миландаги Италия Халқаро Сиёсий тадқиқотлар институтида ташкил этилган Радикализация ва Халқаро терроризм Дастури раҳбари ҳисобланади.



Бу мавзуда батафсилроқ