‘Қочаётган мусулмонлар сони бир миллионга яқинлашди’

Мяньмар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бундай баёнот билан Бангладешнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги махсус вакили чиққан.

Шамим Эҳсоннинг айтишича, мамлакати Мяньмардан қочаётган мусулмонларни эплай олмаслик даражасига етган.

Мяньмарнинг шимолий Ракхин штатида эса, зўравонликлар ҳануз давом этмоқда.

Махсус вакилга кўра, мавжуд вазият сабаб, ҳар куни минглаб мяньмарлик мусулмон Бангладешга қочиб ўтмоқда.

Агар, у келтирган рақамларга таянилса, август ойидан буён дарбадарликка юз тутган бу каби инсонларнинг сони қарийб 600000 га етган.

Вакилнинг сўзлари мяньмарлик қочоқларга бағишлаб, Женевада бўлиб ўтган махсус анжуман чоғида янграган.

Анжумандан мақсад эса, Мяньмардаги зўравонлик жабрдийдаларига маблағ йиғиш бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти $434 миллион доллар пул тўпламоқчи.

Халқаро ташкилотга кўра, бунча маблағ келаси олти ой ичида бир миллиондан ортиқ қочоққа кўмак беришларига етади.

Мяньмар: Дарбадар мусулмонлар сони ярим миллиондан ортди

Сўров: 'Дунёнинг энг аҳолиси сахий давлати Мяньмар бўлади'ми?

Кўмак ташкилотларининг айтишларича, Бангладешдаги қочоқлар учун мўлжалланган жамлоқлардаги аҳвол ўта аянчли.

Тоза ичимлик суви, чодир, озиқ-овқат тақчил. Катта сондаги болалар бу аҳволдан руҳан таъсирланишган.

Шамим Эҳсоннинг огоҳлантиришича, мавжуд вазиятга бас келишлари қийин.

Унга кўра, худди шу боис ҳам, Мяньмар "фуқароларининг хавфсиз, ор-номус билан, кўнгилли равишда ортга қайтишларига рози бўлмагунича", ўзларига ёрдам берилиши жуда муҳим.

Аксарияти мусулмон бўлган рохингалар асрлардан буён Мяньмарда яшаб келишган.

Аммо, шунга қарамай, Мяньмар ҳукумати уларни ўз фуқаролари сифатида тан олмайди. Бангладешлик беватан ноқонуний муҳожирлар, деб билади.

Бангладешнинг БМТ қошидаги махсус вакилига кўра, худди шу нарса вазиятни мураккаблаштираётган асосий тўсиқ бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Мяньмардаги маҳаллий мусулмонлар билан боғлиқ сўнгги инқирозни "этник қирғин"га тенглаштирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар