Ўта бадавлат инсонлар қандай қилиб солиқлардан бойликларини иҳота қилишади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Paradise Papers ҳужжатларига кўра, Буюк Британия қироличасига тегишли шахсий 13 миллион доллар офшорларга сармоя сифатида ётқизилган.

Матбуотга сиздирилган янги молиявий ҳужжатларда таниқли ва ўта бой инсонлар қандай қилиб ўз бойликларини солиқлардан дахлсиз саналган офшорларда сирли сақлаётгани очиқланади.

Булар қаторида Британия қироличасининг мулки ҳам ҳам борлиги маълум бўлган.

BBC Uzbek Facebook саҳифасида видеолавҳани томоша қилинг

Янги ҳужжатларга кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳукуматининг савдо вазири россияликларга тегишли шахслар ширкатларининг ҳиссадорларидан бўлиб чиққан.

Улар эса АҚШ иқтисодий жазо чоралари остида саналади.

Бу галги сиздиришга «Жаннат ҳужжатлари» (Paradise Papers) деб ном берилган.

Унда 13,4 миллион ҳужжатлар бўлиб, асосан офшор молиялар билан шуғулланадиган бир ширкатга тегишли.

Би-би-сининг "Панорама" дастури 100га яқин изқувар журналистлар гуруҳи таркибида бўлиб, айни ҳужжатларни ўрганиб чиқишган.

" Панама ҳужжатлари" билан бўлгани каби айни ҳужжатлар Германиянинг Suddeutsche Zeitung газетаси томонидан қўлга киритилган.

Газета ўз навбатида Изқувар журналистларнинг халқаро консорциумига мурожаат қилган.

Якшанба куни оммага ошкор этилган сиздирувлар аслида ҳафта давомида наўр этиладиган ҳужжатларнинг бир қисмидир.

Текширув ва тадқиқотлар солиқ ва молиявий келишувларга оид юзлаб инсонлар ва ширкатларнинг айримларини фош этади.

Уларнинг аксарияти Буюк Британия билан боғлиқдир.

Тадқиқотлар сиёсатчилар, халқаро ширкатлар ва таниқли инсонлар қандай қилиб мураккаб ҳамда чалкаш жамғармалар, трастлар ва сохта ширкатлар ёрдамида ўз солиқларини яширишлари, шартномалар ва иш юритишларини сир сақлашлари ҳақида ҳикоя қилади.

Аксарият молиявий олди-бердилар қонунга хилоф эмас.

Қиролича Елизавате II ҳақида нималар маълум бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption Қиролича сармояси ётқизилган тармоғ

Paradise Papers ҳужжатларига кўра, Буюк Британия қироличасига тегишли шахсий 13 миллион доллар офшорларга сармоя сифатида ётқизилган.

Маблағлар Кайман ва Бермуда оролларига Ланкастер Герцоглиги томонидан ётқизилган.

Ланкастер Герцоглиги қироличага фойда келтиради ва унинг 660 миллион долларга тенг бойлигини сармояси билан шуғулланади.

Бу сармоялар қонуний, шунингдек Британия Қироличаси солиқ тўламайди, деб айтишга асос йўқ. Аммо Британия қироличаси офшорларга сармоя ётқизиши мумкинми деган савол туғилади.

Ҳужжатларга кўра, кичик сармоялар чакана савдо билан шуғулланадиган BrightHouse га ҳам ётқизилган.

Бу ширкат камбағалларни эксплуатация қилишда айбланган.

Сармоялар Threshers дўконлар тармоғига ҳам ётқизилган. Кейин бу дўконлар тармоғи касодга учраган, 23,08 миллион долларлик қарзга ботган ва қарийб 6 минг кишини ишсиз қолдирган.

Ланкастер Герцоглиги жамғармалар чиқарадиган қарорларга алоқаси йўқлиги, ҳамда Британия қироличаси ўз номидан қилинган сармоялардан хабардор эканига оид ишоралар йўқлиги ҳақида баёнот берган.

Герцоглик муқаддам "Қироличанинг обрўсига таъсир қиладиган ҳар қандай амали ва ё амал қилмаслигига жиддий эътибор бериши" ҳақида айтган эди.

Қиролича ўз мулкига нисбатан, айтилишича, эътиборлидир.

Росс ва Трамп учун мушкулотлар?

Уилбур Росс 1990 йилларда Дональд Трампни банкротликдан сақлаб қолган ва мукофот ўлароқ, президент Трамп маъмуриятида Савдо вазири этиб тайинланган.

Ҳужжатларга кўра, Росс Россиянинг энергетика ширкати "Сибур" буюртмасига биноан нефт ва газ ташиш компаниясида ҳиссаларини сақлаб қолган.

"Сибур" ширкатининг ҳиссадорлари қаторида президент Путиннинг куёви ва унинг атрофидаги икки шахс бор.

Улар ўз навбатида АҚШнинг жазо чоралари қўлланган шахслар қаторидадир.

Бу эса яна бир бор Дональд Трамп командасининг Россия билан алоқаларига доир саволларни ўртага отади.

Унинг президентлиги давомида Россия ўтган йил АҚШдаги сайловлар натижаларига таъсир кўрсатиш учун фитна уюштирган деган айбловлар янграб келмоқда.

Трамп бу айбловларни "фейк янгиликлар" деб атайди.

Бу ҳужжатларни матбуотга ким сингдирди?

Аксарият маълумотлар Appleby ширкатидан келган.

Айни ширкат Бермуда оролларида рўйхатдан ўтган.

Appleby офшор бизнеси элитаси учун юридик хизматларни йўлга қўйган.

Айни ширкат ўз мижозларига хорижда жуда оз ва ё умуман солиқсиз ширкатлар яратишга кўмак бериб келган.

Бу ва бошқа ҳужжатлар, асосан Кариб ҳавзасидаги юридик шахслар Süddeutsche Zeitung газетасига тушган.

Газета ўз манбаларини ошкор қилмайди.

Айни ахборотлар бўйича ҳамкорларга кўра, бу тадқиқотлар жамоатчилик манфаатини кўзлаб қилинмоқда.

Чунки офшорлар оламидаги маълумотларнинг ошкор бўлиши бир неча марта турфа қонунбузарликларни фош этган.

Appleby ширкати эса, айни сиздирувлар ҳақида "биз ва бизнинг мижозларимиз томонидан қонунбузарликка доир асослар йўқлигидан қониқдик" қабилида жавоб берган.

Ширкат шунингдек, қонунга қарши амалларга тоқат қилмаслигини уқтирган.

Офшор молиялар нима дегани?

Сиз яшаб турган давлатдаги қонунлар ишламайдиган ва ширкатлар ёки шахслар ўз пуллари, ҳиссалари ҳамда бойликларини йўллаб, солиқ фоизлари оз бўлгани учун каттароқ фойда оладиган жойлар офшор ҳудудлардир.

Бу каби жойлар "солиқсиз бошпаналар" ёки расман офшор молия марказлари деб аталади.

Одатда улар барқарор, яширин ва ишончли бўлади.

Аксарият ҳолатларда бу жойлар кичик ороллардир.

Аммо доим ҳам эмас.

Улар қонунбузарлик эҳтимоли билан текширувларга қанчалар жиддий тушиб қолишларига кўра фарқланадилар.

Буюк Британия бу ерда йирик ўйинчи саналади.

Бу фақатгина Буюк Британия қатор ороллар - офшор марказларга эгалик қилиши билан изоҳланмайди.

Балки офшор молия марказларида ишлайдиган кўплаб ҳуқуқшунослар, ҳисобчилар ва банкирлар Лондоннинг Сити молия марказида фаолият кўрсатишади.

Бу орада яна супербойлар масаласи ҳам бор.

"Чегара билмас капитал: активлар бошқарувчиси ва 1 фоиз" тадқиқотининг муаллифи Брук Ҳаррингтонга кўра, офшор молиялар аҳолининг 1 фоизи учун эмас, балки 0,001% фоизи учундир.

Масалан, 500 минг долларлик мулк офшор компенцасиялар учун етарли эмас, мавжуд схемалар бу ҳолатда ишлашга арзимайди.

Бу нима учун муҳим?

Биринчидан, гап жуда катта маблағ ҳақида кетмоқда.

Boston Consulting Group маълумотларига кўра, офшор молия марказларида 10 триллион доллар мавжуд.

Бу эса Буюк Британия, Япония ва Франциянинг биргаликда йиллик ялпи ички маҳсулотига тенг.

Шунда ҳам, айни маблағ аслидан кўра анчайин "камтарин" бўлиши мумкин.

Офшорлардан фойдаланишни сирли бўлгани учун танқид қилишади.

Чунки бу ҳолатда турфа махинациялар ва ёки тенгсизликлар бўлиши мумкин.

Танқидчилар яна ҳукумат офшорлар билан самарали кураш олиб бормаётгани уқтиришади.

Брук Ҳаррингтонга кўра, бойлар шу йўл билан солиқлардан қочишса, камбағаллар товон тўлашга мажбур.

"Ҳукуматлар фаолият кўрсатишлари керак, бойлардан ундиролмаса, камбағаллардан юлиб олади".

"Биз офшорларда нималар бўлишини билишимиз керак. Агар улар сирли бўлишмагани эди, айрим нарсалар умуман бўлмас эди, бизга шаффофлик керак", дейди Би-би-си билан суҳбатда лейборист, жамоат харажатлари назорати парламент комиссияси аъзоси Мег Хилер.

Офшорлар ҳимоясига нималар дейилмоқда?

Офшор молия марказларига кўра, агар улар бўлмаса, ҳукуматларнинг солиқ солишига чекловлар бўлмас эди. Улар "пулдан бино бўлган тоғлар устида" ўтирмасликлари, балки молияларни дунё бўйлаб алмашишида агент сифатида ишлашларини айтишади.

Бермуда оролларида молия вазири бўлган Боб Ричардс Би-би-си билан суҳбатда унинг иши бошқа давлатларда солиқ йиғиш эмаслигиЮ бу билан уларнинг ўзлари шуғулланиши кераклигини айтади.

У ва Мэн ороли вазири Ховард Куэйл "солиқ бошпаналари" ҳақидаги даъволарни рад этишди, чунки уларга кўра, бу ҳудудлар яхши тартибга солинган ва халқаро молия қоидаларига (сарҳисоблари) тўла жавоб беришади.

Муқаддам Appleby ширкати "жиноятчилик, таъқиб ва коррупциядан азият чеккан шахсларни коррупциялашган ҳукуматлардан ҳимоя қилиши" ҳақида айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02