"Жаннат ҳужжатлари": АҚШ Савдо вазирини Россия билан нима боғлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Уилбур Росс ва Дональд Трамп

АҚШ президенти маъмуриятининг асосий аъзоларидан бири президент Владимир Путин атрофидаги шахслар билан бизнес алоқаларга эгалиги айтилади.

Путин атрофидаги бу шахслар эса АҚШ жазо чоралари нишонидадир.

Бу ҳақда сиздирилган офшор ҳужжатларда сўз боради.

"Эвертон" футбол клубини ким назорат қилади?

Ўта бадавлат инсонлар қандай қилиб солиқлардан бойликларини иҳота қилишади?

BBC Uzbek Facebook саҳифасида видеолавҳани томоша қилинг

АҚШ Савдо вазири Уилбур Росс Navigator Holdings ширкатида молиявий ҳиссаларга эга.

Ширкат эса матбуотга сиздирилган ҳужжатларга кўра, ҳар йили Россиянинг "Сибур" энергетика компанияси учун нефту газ ташиб миллионлаб даромад кўради.

"Сибур"нинг икки йирик ҳиссадори АҚШ жазо чораларига нишон бўлган шахслар.

Вазирнинг вакили ҳозирда ошкор бўлган маълумотларни инкор этмайди.

"Вазир Росс уммонорти транспорт кемалари бўйича саволларни рад этади", дейди Би-би-си "Панорама"дастури билан суҳбатда матбуот котиби ва " юқори аҳлоқий мезонлар йўлида Вазир, савдо этикаси қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини" қўшимча қилади.

"Сибур" ҳиссадорлари орасида Россия президенти Путиннин куёви Кирилл Шамалов ҳам борлиги тахмин қилинади.

У ширкатнинг 3,9% фоиз ҳиссаларига эга.

Путиннинг "яқин давраси" аъзоси Геннадий Тимченкога қарши АҚШ жазо чораларини жорий қилган.

"Новатэк" ширкати асосчиси Леонид Михельсон ҳам "Сибур"нинг ҳиссадори саналади.

"Сибур"нинг ўзи ва Кирилл Шамаловга нисбатан АҚШ жазо чоралари қўлланилмайди, аммо Кирилнинг отаси Николай Шамаловга нисбатан Америка жазо чоралари остида.

Савдо вазирлиги вакилига кўра, Уилбур Росс ҳеч қачон "Сибур"нинг россиялик акционерлари билан учрашмаган.

АҚШ Россияга қарши 2014 йилда, Қрим аннекциясидан кейин жазо чораларини жорий қилган эди.

Қўшимча чекловлар эса ўтган йили киритилган ва бунга Россиянинг АҚШ президентлик сайловларига аралашуви сабаб қилиб кўрсатилганди.

Янги сиздирувлар Дональд Трамп командаси ва Россия ўртасидаги алоқалар борасида саволларни ўртага отиши аниқ.

Трампнинг президентлиги Россия Америка сайлов натижаларига таъсир қилди деган даъволар соясида қолиб келаётганди.

Трамп бу айбловларни "фейк нюс" деб рад қилиб келади.

Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқалар ҳозир текширилмоқда.

Уилбур Росс ва Дональд Трамп қарийб чорак асрдан бери бир-бирини танийди.

Росс 1990 йилларда Трампнинг "Тожмаҳал" казиносини банкротлик ишида муҳим рол ўйнаган.

Трампнинг таржимаи ҳолини битган Кей Жонстон Би-би-сига "агар Уилбур Росс бўлмаса, Трамп Оқ Уйда ўтирмас эди", деб айтади.

Асосий мижоз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Трампнинг "Тожмаҳал" казиноси очилиши

WL Ross & Co ширкати Уилбур Росс томонидан асос солинган ва Navigator Holdings компаниясига биринчи марта 2011 йилда сармоя киритган.

Текширувлар шуни кўрсатдики, жаноб Росс ҳали ҳам Кайман оролларида рўйхатдан ўтган бир неча ширкатлар орқали Navigator Holdings да ўз молиявий манфаатларини сақлаб турибди.

Росс Молия вазири этиб тайинланганида у бир неча ширкатлар ҳақида маълумотларни ошкор этган, аммо маълумотларни ошкор этиш қоидаларига биноан ўзининг Navigator Holdings билан боғлиқ молиявий қизиқишларини очиқлашига тўғри келмаган.

2016 йил бўйича йиллик ҳисоботларга кўра, Navigator Holdings 31,5 фоиз ҳиссалари Росс ҳиссаси бўлган тизимларда қолган, аммо вазирнинг активлари баҳоси аниқ эмас.

Трамп Россни қачон учратди?

1990 йилда йирик молиявий жангдан кейин Трамп Атлантик-ситида ўзининг учинчи "Тожмаҳал" аталмиш казиносини очди.

Уни "дунёнинг саккизинчи мўъжизаси" деб аташди.

Аммо бизнес юришмади.

Трамп казино учун 675 миллион ётқизган эди.

Бу сармоя эса турфа қимматбаҳо қоғозлар ёрдамида йиғилган эди.

Айни қимматбаҳо қоғозлар учун йилига 14 фоиз тўланиши керак бўлган ва бу Трампга оғирлик қилган.

Ишга Уилбур Росс киришади.

Rothschild Inc. да у қимматбаҳо қоғозларнинг ғазабнок эгалари вакили эди, аммо унга Дональд Трампнинг иш тутиши ёқиб қолди.

Трамп таржимаи ҳоли муаллифи Дэвид Кейга кўра, "Уилбур Росс айни мушкул вазиятда асосий муросасоз эди, Трамп банкротлик ва тарих чиқиндихонасига равона бўлишдан қутилиб қолди. Чунки Росс Трампнинг исмида бойлик кўрди".

2017 йил "Конкордия"нинг йиллик саммитида Росс шундай деган эди: "Сиз катта молиявий босим остида қолган пайти одамларнинг нимадан яралганини билиб оласиз. Трамп муаммоли ширкатларнинг эгаларидан кўра мустаҳкамроқ яратилгандир..."

Банкротликни четга суриб қўйган Трамп қарзларини тўлаган Forbes рўйхатида тепага қараб кўтарилганди.

Уилбур Росс 2012 йилда Navigator бошқарув ҳайъати аъзоси бўлди.

АҚШ Савдо вазирлиги баёнотига кўра, шу йил "Сибур" билан шартнома имзоланган, аммо бу вақтда Росс ҳайъат аъзоси бўлмаган.

Аммо 2014 йилнинг мартдан ноябр ойига қадар ( АҚШ Қрим туфайли Россияга жазо чораларини қўллаган вақт) Уилбур Росс ҳамон Navigator ҳайъат аъзоси эди.

Айни шу вақт Михельсоннинг "Новатэк"ширкати ҳам АҚШ жазо чоралари рўйхатига тушади.

Бу муддат орасида Navigator "Сибур" билан алоқаларни кенгайтиришда давом этади.

Navigator маълумотларига кўра, Россия ҳолдинги 2015 йилда ширкатнинг 9,1 фоиз фойдасини таъминлаган, 2014 йилда бу кўрсаткич 5,3% бўлган.

Росс Navigator директорлар кенгашини 2014 йиола тарк этади ва унинг ўрнини Венди Терамото эгаллайди.

У ҳозирги АҚШ Савдо вазирининг бизнес ҳамкоридир.

Термато Navigator директорлар кенгашида 2017 йилга қадар ишлаган.

2016 йилда эса "Сибур" Navigator мижозларининг асосий бешталиги таркибида бўлган.

Асосан Россия газини Европага экспорт билан шуғулланган ва Путин атрофида бўлган, АҚШ жазо чоралари остидаги шахсларга фойда келтирган.

Navigator бу йил асосан "Сибур"га ишлайдиган транспорт кемалари сонини иккитадан тўрттага кўпайтирган.

"Сибур" Navigator ширкатига 68 миллион долларлик фойда келтирган.

Уилбур Росс бирор бир қонунни бузганига доир тахмин йўқ.

Аммо Барак Обама даврида Россияга қарши жазо чораларини назорат қилган Дэниэл Фрид Би-би-сига айтишича, "Сибур" билан бизнес қилиш ҳар қандай Америка мулозими учун хато бўлур эди.

"Мен ўз қошимга келадиган ҳар қандай мижозга "Сибур"дан ва ё жазо чоралари остидаги ёки жазо чоралари остидагиларга яқин шахслардан узоқроқ юришни маслаҳат берган бўлардим. Ҳеч қурса ўз обрўларига путур етиши важидан..."

Аммо афтидан Росс "Сибур" билан яқин алоқаларни сақлаб қолган.

Дональд Трамп Росс номзодини Савдо вазирлигига кўрсатган куни, у Нью-Йорк ресторанларидан бирига йўл олади.

У ерда Россни Navigator Holdingsнинг юқори лавозимли менежерлари қутлашади, деб хабар беради Bloomberg.

Хабарга кўра, Росс Navigator Holdings бош директорига "Сизнинг манфаатларингиз менинг манфаатларим билан боғлиқ. АҚШ иқтисоди ўсади. Navigator Holdings бундан фойда олади", деб айтади.

Navigator Holdings билан яна бир ҳамкорлик қилган ширкат Венесуэланинг нефт ширкати Petroleos de Venezuela (PDVSA).

Бу йил айни ширкатга нисбатан АҚШ жазо чораларини қўллади.

АҚШ Савдо вазирлигида Росс "умумиятла АҚШ маъмуриятининг Россия ва ё бошқа субъектларга қарши жазо чораларини қўллаб-қувватлайди", деб айтишди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02