Россиянинг Фейсбук постлари америкаликларга қанчалар таъсир қилган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кремль АҚШ сайловларига таъсир ўтказганини рад этади.

Фейсбукка кўра, охирги икки йил ичида 126 миллион америкалик юзерлар (интернетдан фойдаланувчилар) Россиядан тарқатилган маълумотларни кўрганлар.

Фейсбук 2016 йилги президентлик сайловларигача ва сайловларидан олдин 80 мингта пост чоп қилинганини айтади.

Ижтимоий ва сиёсий маълумотларни ўз ичига олган бу постларнинг аксари адоват уйғотишни ният қилган.

Фейсбук, Твиттер ва Гугл Россиянинг бу оммабоп сайтларга таъсири ҳақида АҚШ Сенатига кўрсатма беришлари кутилади.

Россия ўтган йили Доналд Трампнинг ғалабаси билан якун топган АҚШ президентлик сайловларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилгани борасидаги иддаоларни бир неча бор рад этган.

Айни дамда мустақил ҳуқуқшунос Роберт Мюллер ўтказган терговга биноан, Трампнинг икки собиқ ёрдамчисига қарши айбловлар илгари сурилди.

Аён бўлишича, учинчи ёрдамчи Россия билан алоқалари борасида Федерал Қидирув бюросига ёлғон гапирганини октябрь бошида тан олган.

Президент Трамп Москва билан тил бириктирганини яна рад қилди, ҳамда собиқ номзод Ҳиллари Клинтон тергов қилинишига чақирди.

Фейсбук нима деяпти?

Фейсбукка кўра, 2015 йил июни ва 2017 йил августи орасида чоп қилинган 80 мингта постни 29 миллион америкалик бевосита кўрган.

Бу постлар, Фейсбукнинг айтишича, Кремлга алоқадор компания томонидан яратилган, ҳамда улашишлар ва шарҳлар орқали ўн миллионлаб одамларга етиб борган.

Фейсбук, шунингдек, 120 мингта пост қилган 170та Инстаграм аккаунтларини ҳам ўчирганини билдирди.

Ой бошидаги блог постида Фейсбук вице-президенти Эллиот Шрейж мазкур постларнинг кўпчилиги Фейсбук қоидаларига зид эмаслигини ёзганди.

Унга кўра, улар "ҳақиқий бўлмаган"и учун олиб ташланган. Постни ёзган россияликлар бу даъвони рад қилишди.

Бошқа ижтимоий тармоқлар-чи?

Душанба куни Гугл ҳам россиялик троллар Ютюбдаги 18та каналда 1 мингдан ортиқ сиёсий видеоларни чоп қилишганини айтди.

Аммо, унга кўра, видеолар кўп кўрилмаган ва улар америкаликларни нишонга олганига далил-исбот йўқ.

Айни дамда Твиттер Россияда жойлашган Интернет Тадқиқот агентлигига боғлиқлиги аниқланган 2752та аккаунтни ёпиб ташлаган.

Бу аккаунтлар 2016 йил сентябри ва ноябри ўртасида 131 мингта твит ёзганлар.

Учала компания ҳам чоршанба куни Сенат ва Вакиллар палатасининг хавфсизлик қўмиталари қаршисида кўрсатма берадилар.

Клинтон ва Трамп: Россия ва Путин ҳақида

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
АҚШ президентлик сайловлари хақида Россия матбуоти нималарни ёзмоқда?

Алоқадор мавзулар