Ямандаги ҳаво ҳужумида 26 инсон ҳалок бўлган

People gather at the site of a suspected Saudi-led coalition air strike in Sahar district, Saada province, Yemen (1 November 2017) Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ямандаги шифокорлар ва маҳаллий расмийлар хабар қилишича, Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция уюштирган ҳаво ҳужумида камида 26 инсон ҳалок бўлган.

Бомбардимончи учоқлар Яманнинг шимолидаги Саада вилоятидаги Саҳар тумани ҳудудидаги меҳмонхона ва гавжум бозорни бомбалаганлар.

Бу ҳудуд Яман ҳукумат кучларига қарши қуролли қаршилик қилаётган Хусий исёнчилари назорати остидаги ҳудуддир.

Хусийлар матбуоти хабар тарқатишича, бомбалар ташланган вақтда бозор ҳудуди тинч фуқаролар билан тўла бўлган.

Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган Саудия етакчилигидаги коалиция ушбу ҳодиса борасида изоҳ бермаган.

Ҳарбий коалиция атайин тинч фуқаролар ёки тинч аҳолига тегишли иншоотларни нишонга олаётганини рад этади, бироқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, коалиция Хусийлар назорати остидаги ҳудудларда жойлашган мактаблар, шифохоналар, бозорлар ва тинч маҳаллалаларни бомбалаган.

Хусийлар назоратидаги "Саба" ахборот агентлиги хабар қилишича, чоршанба куни эрталаб Саҳардаги меҳмонхона ва бозор бомбаланган пайти атрофда ишчилар ва дўконлар соҳиблари кўп бўлганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исёнчилар назоратидаги матбуот хабар қилишича, бомба ташланган пайти ҳудуд одамлар билан гавжум бўлган.

Меҳмонхона жойида бомбадан кейин улкан чуқурлик ҳосил бўлган, дўконлар эса бир уюм темир-терсакка айланган.

Шифокорларнинг "Рейтер" ахборот агентлигига айтишларича, камида 26 инсон ҳаётдан кўз юмган.

"Франс Пресс" ахборот агентлиги тиббиёт мулозимига таяниб ўлган инсонларнинг сони 29 га етгани ҳақида хабар тарқатган.

Фотосуратлардан бирида маҳаллий шифохона моргига қўйилган куйиб кетган камида 15 эркак жасадини кўриш мумкин.

Бошқа бир суратда бино вайроналари остидан бир эркак ўғил боланинг жасадини чиқариб олаётгани акс этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 2015 йил мартидан буён Яманда кечаётган урушда 8670 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган

Ўтган ой БМТ қуролли тўқнашувлар пайти болаларни ўлдираётган ва мажруҳ этаётганлар рўйхатига Саудия Арабистони раҳбарлигидаги ҳарбий коалицияни киритди.

Рўйхатдаги матнда айтилишича, ҳарбий коалиция 2016 йили 38 мактаб ва шифохонага ҳужумлар қилган, бу ҳужумлар оқибатида 683 бола ҳаётдан кўз юмган.

БМТ рўйхатига Ямандаги Хусий қавми жангарилари, "Ал-Қоида"нинг Араб ярим ороли бўлими ҳам киритилган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2015 йил мартида Яманда Хусий қабиласи ва ҳукумат кучлари ўртасида бошланган жанглардан кейин 8670 инсон ҳалок бўлган.

Уларнинг 60 фоизини тинч фуқаролар ташкил этган.

Ҳаво ҳужумлари ва уруш 49900 кишини яралаган.

Ямандаги ҳарбий можаро оқибатида 20 миллион 700 минг одам инсонпарварлик кўмагига муҳтож бўлган.

Бу дунёдаги энг катта озиқ-овқат тақчиллиги инқирозига айланган.

Яманда вабо ҳам тарқаб 884000 кишига юққан, шундан 2184 одам ҳаётдан кўз юмган, деб ишонилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ