Саудия Арабистонида 11 шаҳзода ҳибсга олинди

Муҳаммад бин Салмон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон коррупцияга қарши курашиш қўмитасини бошқармоқда

Бир неча соат аввал ишини бошлаган Саудия Арабистони коррупцияга қарши курашиш қўмитаси 11 шаҳзода, амалдаги 4 нафар вазир ва ўнлаб собиқ вазирларни ҳибсга олди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот хабар бермоқда.

Қўлга олинганларнинг исмлари маълум қилинмаган, уларни нимада айблашаётгани ҳам ҳозирча номаълум.

Саудия телеканали Ал-Арабиянинг хабар беришича, қўмита 2009 йил Жиддада бўлган сув тошқини ҳамда 2012 йили тарқалган Mers вируси юзасидан тергов ишларини қайтадан бошлаган.

Янги аксил коррупция идорасига валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Бин Салмон раҳбар этиб тайинланган. Саудия Арабистони давлат ахборот агентлигининг маълум қилишича, қўмита ҳибсга олишга буйруқ бериш ва мамалакатдан чиқишга тақиқ қўйиш каби ваколатларга эга.

Муҳаммад бин Салмон шу йилнинг ёзида валиаҳд шаҳзода этиб тайинланганди. Бироқ у шу вақтгача ҳам Саудия арабистонида энг қудратли шахслардан бири бўлган.

Сиёсий элитадаги тозалашлар унга қудратни янада мустаҳкамлашга ва режалаштирган ислоҳотларини амалга оширишга хизмат қилиши мумкин, дейди Би-би-си мухбири Фрэнк Гарднер.

Бир неча таъсирли сиёсатчиларнинг ҳукуматдан четлаштирилиши анъанадор қатламни ғазаблантириши мумкин. Саудия Арабистони жамияти бу каби кескин ўзгаришларга кўникмаган.

Шанба куни Саудия Арабистони қироли Салмон Миллий гвардия ва денгиз флоти раҳбарларини ишдан олганди. Ишдан олишларга расмий изоҳ берилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар