"Эвертон" футбол клубини ким назорат қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA/Getty Images
Image caption Англия Премьер-лигасининг қоидаларига мувофиқ, футбол клубининг 10 ёки ундан ортиқ фоизига эга хусусий шахс бошқа клубнинг ҳиссаларига эгалик қилиши мумкин эмас.

Англиянинг "Эвертон" футбол клубининг асл хўжайини ким?

Клубнинг сотилишида Англия Премьер-лигасининг қоидалари бузилмаганми?

Бу каби саволлар "Жаннат ҳужжатлари" (Paradise Papers) номини олган оффшор ҳужжатларининг сиздирилиши натижасида ўртага чиққан.

Ўта бадавлат инсонлар қандай қилиб солиқлардан бойликларини иҳота қилишади?

BBC Uzbek Facebook саҳифасида видеолавҳани томоша қилинг

Британиялик бизнесмен Фарҳод Мошири "Эвертона" клубининг қарийб 50 фоиз ҳиссаларини сотиб олиш мақсадида ўзининг "Арсенал" футбол клубидаги ҳиссасини 2016 йилда сотган эди.

Аммо сиздирилган ҳужжатлар Моширининг "Арсенал"даги дастлабки улуши Алишер Усмоновнинг "ҳадяси" ҳисобидан молияланган бўлиши мумкин, деган фаразни илгари суриш имконини беради.

Маълумки, Усмонов "Арсенал"нинг 30,4 фоиз ҳиссаларини назорат қилади.

Бу эса ўз навбатида Усмоновнинг пуллари "Эвертон"га ўтиб қолмадимикан, деган саволни ўртага чиқаради.

Мошири олинган пуллар "ҳадя" бўлганини қатъиян рад этади.

"Эвертон" бўйича битим амалга оширилган пайт Моширининг манфаатларини ҳимоя қилган адвокатларга кўра, Премьер-лига қоидалари бузилгани ҳақидаги ҳар қандай айблов "қип-қизил ёлғон"дир.

Уларнинг уқтиришларича, Фарҳод Мошири ўз бойлигини ўзи мустақил ишлаб топган ва футболга киритган сармоялари ҳам ўзиникидир.

Алишер Усмоновнинг юристлари эса, айбловда хатоликлар борлиги, текширувлар эса мижозларининг шахсий ҳаётига жиддий дахл қилиш эканини айтишган.

Англия Премьер-лигасининг қоидаларига мувофиқ, футбол клубининг 10 ёки ундан ортиқ фоизига эга хусусий шахс бошқа клубнинг ҳиссаларига эгалик қилиши мумкин эмас.

Бу футбол ўйини ёки трансферлар вақтида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қилинган.

Расман Усмонов ва унинг собиқ ҳисобчиси бўлган Мошири 2007 йилда биргаликда "Арсенал"нинг 14,58 фоиз ҳиссаларини Red And White Holdings офшор ширкати орқали сотиб олишган.

Аммо ҳужжатлардан англашилишича, "Арсенал" ҳиссаларини сотиб олиш учун зарур маблағлар Epion Holdings номли ширкатдан келиб тушган.

Бу ширкатни эса тўлалигича Алишер Усмонов назорат қилади.

Epion Holdings ширкати 15,8 миллиард долларга баҳоланган.

Сиздирилган ҳужжатлардан бирида шундай дейилади: Gallagher Holdings нинг дивидендлари Алишер Усмоновга келади, у эса пулларни Моширига ҳадя қилади. Ўз навбатида Мошири ширкатга сармоя киритади. Red And White Holdings ширкати Epion Holdings Limited ҳисобидан молияланган".

Gallagher Holdings ширкати ҳам Усмоновга тегишли.

Ҳужжатларда нима дейилган?

Фарҳод Моширининг адвокатлари аввалига пулларнинг Усмоновга тегишли Epion ширкатидан келганини рад этганлар.

Кейинроқ эса пуллар аввалига ҳақиқатан ҳам Epion дан келганини тан олишган, аммо уларнинг сўзларига кўра, Мошири алал-оқибат Усмоновнинг пулларини қайтарган.

Red And White Holdings "Арсенал" футбол клубидаги ҳиссашини ошириб бориб, 30,4 фоизга етказган.

2016 йил февралида Мошири "Арсенал" даги ҳиссаларининг ярмини Усмоновга сотган.

Офшор ҳужжатларида ушбу битимни назорат қилган Appleby ширкатига тегишли ҳужжат бор.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, "Арсенал"даги ҳиссаларнинг сотилишидан қўлга киритилган маблағлар "Эвертон" футбол клубининг 49.9 фоиз ҳиссаларини сотиб олишда ишлатилган бўлиши мумкин.

Битимнинг эълон қилинган қиймати 87,5 миллион фунт-стерлинг ёки тақрибан 114 миллион долларни ташкил этган.

Алишер Усмоновга яқин Россия медиа ширкати ҳатто "Усмонов "Эвертон"нинг янги хўжайинига айлангани" ҳақида хабар қилишга ҳам улгурган.

Кўп ўтмай, хабар олиб ташланган, аммо шубҳалар қолган.

2017 йил январида "Эвертон"нинг тренировка майдони Finch Farm га эндиликда Усмоновнинг USM Holdings ширкати ҳомийлик қилаётгани эълон қилиниши ортидан бу шубҳалар янада кучайган.

Тренировка майдони номи USM Finch Farm деб ўзгартирилган.

Би-би-си мухбири Фарҳод Моширига "Алишер Усмонов "Эвертон" футбол клабини назорат қиладими, деган саволни берган.

"Ақлдан оздингизми? Руҳшуносга борганингиз йўқми?", - дея жавоб берган Мошири.

"Агар бу кредит бўлса, сиз пулни қайтаришингиз керак бўлади. Агар ҳадя бўлса, унда сизники. Аммо бу униси ҳам, буниси ҳам эмас. Чунки мен пулини тўлаб қўйганман", - деб айтган Мошири.

Фарҳод Мошири кейинроқ ҳадя экани эслатилган барча ҳужжатлар хато эканини айтган.

Моширининг ҳуқушунослари Премьер-лига барча зарур текширувларни ўтказгани ва Мошири клубга эгалик қилиш ва уни бошқариш бўйича барча талабларни бажарганидан қониққанлигини билдиришган.

Улар шунингдек, Мошири пировардида "Эвертон"га кўпроқ сармоя киритганини айтганлар.

Forbes журнали Моширининг сармоясини 2,4 миллиард деб баҳолаган.

Англия Футбол уюшмасининг собиқ раҳбари Грег Дайкнинг Би-би-си "Панорама" дастурига айтишича, "ҳадя" сўзи "ғалати эшитилади".

"Агар бу ҳужжатлар сиз айтаётган нарсани тасдиқласа, ишончим комилки, Премьер-лига ўз текширувини ўтказади", - деган у.

Ҳар қандай текширувнинг натижаси Мошири ва Усмонов нима қилишгани, шунингдек, бу ҳақда футбол клублари нима билганига боғлиқ бўлади.

Премьер-лига "клублар ва хусусий шахслар ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслиги"ни айтган.

"Эвертон" футбол клуби билан боғлиқ битимни Bridgewaters Limited ширкати амалга оширган.

Ушбу ширкат Британия эгалик қиладиган Мэн оролида рўйхатдан ўтган.

"Paradise Papers" ҳисоботидаги бошқа ҳужжатлар Bridgewaters Limited ширкатини Усмонов 2011 йилда яширинча суратда сотиб олган бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқда.

Усмонов ҳам, ширкат ҳам буни қатъиян рад этади.

"Эвертон"га эгалик қиладиган Blue Heaven Holdings ширкати Bridgewaters ширкатининг юридик манзили бўйича рўйхатдан ўтган.

Унинг бошқарувчиларидан икки нафари Bridgewaters ходимлари, ходимлардан бири Алишер Усмоновнинг USM Holdings ширкатида ҳам ишлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Усмоновга алоқадор Bridgewaters ширкати "Эвертон"ни сотиб олиш бўйича битимни амалга оширган

Алишер Усмонов ким?

  • 1953 йилда Ўзбекистонда туғилган, Россия фуқароси. Владимир Путинга яқин
  • Ўз бойлигини пластик пакет ва тоғ металлургияси савдосидан орттирган
  • Ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа ва матбуотга сармоялар киритган
  • Лондоннинг "Арсенал" футбол клуби ҳиссаларининг 30,4 фоизига эгалик қилади
  • Меценатлик фаолияти билан танилган
  • 1980 йилда таъмагирлик ва социалистик мулкни ўғирлаш айби билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2000 йилда Ўзбекистон Олий суди жиноят ишини сохталаштирилган деб топиб, Усмоновни оқлаган
  • Ўз обрўсини суд орқали ҳимоя қилади. 2017 йилда ўзини пора беришда айблаган Алексей Навальнийга қарши суд ишини ютган ва мухолифатчи устидан кулган энг яхши интернет-мем учун мукофот сифатида учта мобил телефони таклиф қилган
  • 1992 йилда бадиий гимнастика бўйича тренер Ирина Винерга уйланган

Алишер Усмоновнинг адвокатлари у "Эвертон"нинг эгаси экани ҳақидаги даъволарда "хато ва нотўғри талқинлар" мавжудлигини айтишган, аммо тафсилотларга тўхталмаганлар.

"Бизнинг мижозимиз сизларнинг сўровингиз ва нохолис журналистик текширувингизга ёрдамлашишга мажбур эмас", - деб айтишган адвокатлар.

2017 йил майида Усмонов "Арсенал"нинг асосий ҳиссаларига эгалик қиладиган америкалик Стэн Кронке билан 1 миллиард фунт-стерлинг (1.3 миллиард доллар)лик битимни имзолай олмаган.

Амалга ошгани тақдирда Усмонов "Арсенал"нинг 97 фоиз ҳиссаларини қўлга киритган бўларди.

Алишер Усмонов "Арсенал"га таъсир ўтказолмаслиги ва унинг директорлар кенгашида қатнаша олмаслигидан кўнгли тўлмаслиги маълум.

Ҳар икки клуб- "Эвертон" ҳам, "Арсенал" ҳам сўнгги пайтларда Англия чемпионатида яхши натижалар кўрсатмаяпти.

"Арсенал"нинг кўпчилик ишқибозлари бош мураббий Арсен Венгер жойида қолиши кераклигига шубҳа қилишади.

"Эвертон" эса жорий мавсум бошида мураббий Рональд Куманни ишдан бўшатди.

22 октябрда "Эвертон" мезбонлик қилган беллашув 5-2 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02