Техасдаги отишмада камида 26 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳодиса жойида Федерал қидирув бюроси ходимлари ишламоқда

АҚШнинг Техас штатидаги баптистлар черковида қуролли шахснинг ўт очиши натижасида камида 26 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи бошдан-оёқ қора кийинган оқ танли ёш йигит.

Маҳаллий вақт билан 11.30 да бронежилет кийган ва қурол кўтарган эркак киши Сазерленд-Спрингс шаҳарчасидаги черковга кириб келган ва ўт очган.

Бу пайтда черковда якшанба кунги ибодат маросими кечаётганди.

Полициянинг хабар беришича, қурбонлар орасида 5 ёшдан 72 ёшгача бўлганлар бор.

Гарчи расман қуролли шахснинг исм-шарифи айтилмаётган эса-да, кўпгина америка ахборот воситалари ҳужумчининг аввалроқ АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлариидан шармандаларча бўшатилган Дэвин Патрик Келли эканини ёзмоқда.

Уилсон округи полицияси комиссари Альберт Геймзнинг сўзларига кўра, ҳужумчи машинага ўтириб, ҳодиса жойини тарк этган ва кейинроқ ўлик ҳолда топилган.

Полиция қуролли фуқаролардан бири ҳужумчини отиб ўлдирганини маълум қилган.

Камида 10 нафар ярали, жумладан, болалар яқиндаги Сан-Антонио шифохонасига юборилган.

Жароҳатланганларни эвакуация қилиш учун бир неча вертолётлар жалб қилинган.

Сазерленд-Спрингс-бир неча юз киши яшайдиган кичик шаҳарча бўлиб, Сан-Антониодан 50 километр жануби-шарқда жойлашган.

Ҳодиса жойида Федерал қидирув бюроси ходимлари ишламоқда, ҳозирча ҳужумчининг қандай мақсадда ҳаракат қилгани номаълум.

Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилаётган Президент Дональд Трамп "Твиттере"даги саҳифасида мана бундай деб ёзган : "Техаснинг Сазерленд-Спрингс шаҳарчаси аҳлини Тангри қўлласин. ФБР ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса жойида ишламоқда. Мен вазиятни Япониядан туриб кузатяпман".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02