Кобулдаги Шамшод телестанциясига қуролли ҳужум

Телестанцияда тозалаш амалиёти давом этмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Телестанцияда тозалаш амалиёти давом этмоқда

Афғонистон пойтахти Кобулдаги телевизион станцияга қуролли шахслар ҳужум қилди. Камида бир киши ҳалок бўлди. Телеканалда отишмалар давом этмоқда.

Полициянинг айтишича, уч ҳужумчи Шамшод ТВни кираверишида бомба портлаши ортидан ҳужумга ўтган.

Ҳужумда телеканал қўриқлаш хизмати ходими ва жангарилардан бир киши ҳалок бўлган. Босқинчилар билан отишма давом этмоқда.

Жабрланганларнинг сони борасида аниқ маълумот йўқ. ИШИД ўзининг Амақ деб номланмиш хабарномасида ҳужумни ўз зиммасига олган.

Воқеа жойига яқин бўлган ҳудуддаги Би-би-си мухбири ҳамон отишма овозларини эшитаётганини айтган, телеканал ичига кириб олган жангарилар қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.

"Қутилиб қолдим"

Ҳужум бошланиши ортидан Шамшод ТВ эфирдан узилиб қолган.

"Айрим ҳамкасбларим ўлдирилди ва жароҳатланди. Мен қутилиб қолдим", дейди пашту хизмати мухбири Ҳашмат Истанкзай.

Шамшод ТВ пашту тилида янгиликлар, кундалик воқеаларга бағишланган кенг кўламли кўрсатувлар эфирга узатади. У Би-би-сининг ҳамкор телеканалларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги ойларда ИШИД ва Толибон Кобулга бир неча маротаба ҳужум қилган.

Афғонистон журналистлар медиа ходимлари учун дунёнинг энг хавфли давлатларидан бири ҳисобланади.

Шу йилнинг май ойида худкуш ҳужумчи ўзини портлатиши ортидан ҳалок бўлган 150 одам ичида Би-би-си ҳайдовчиси ҳам бор эди.

Ўтган йил Толибон худкуш ҳужуми ортидан Толо хусусий телеканалининг 7 ходими ҳалок бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар