ИШИДчилар Раққани қандай тарк этди?

ИШИДчилар автобусларга ўтирганлар
Image caption ИШИДчилар автобусларга ўтирганлар

Би-би-си ўтказган журналистик тадқиқотдан маълум бўлишича, Сурия Демократик Кучлари қуршовдаги Раққа шаҳридан "Исломий Давлат" жангарилари ва уларнинг оила аъзолари соғ-саломат чиқиб кетишига изн берган.

Видеони Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube каналида томоша қилинг

Би-би-си журналистларининг ўрганишларидан маълум бўлишича, шу йилнинг 12 октябрь куни ИШИДнинг 250 тача жангариси, уларнинг 3500 атрофида оила аъзолари юк автомобиллари ва автобусларга ўтирғизилиб "Исломий Давлат"нинг пойтахти ҳисобланган Раққа шаҳридан олиб чиқилган.

Би-би-си мухбирлари гаплашган юк автомобиллари ҳайдовчилари, Суриянинг Раққадан жанубдаги аҳоли масканлари яшовчиларининг ҳикоя қилишларича, 50 та юк автомобили, 13 автобус, ИШИДчи жангариларнинг 100 тача ўз транспорт воситаларидан тузилган карвон 6-7 километрга чўзилган.

Image caption ИШИДчилар Раққани тарк этаётгани мобиль телефонларда тасвирга олинган.

"Биз аёллар ва болаларни қўшиб ҳисоблаганда 4000 тача одамни олиб чиқдик", деб айтган юк автомобилларидан бирининг ҳайдовчиси.

Сурия ҳукумат кучларига қарши урушаётган Сурия Демократик Кучлари жангчилари, уларнинг Курд ва Араб иттифоқчилари ИШИДчиларнинг Раққадан соғ-омон чиқиб кетишлари борасида махфий келишувга эришганлар.

Би-би-сига маълум бўлишича, Раққадан чиқиб кетганлар орасида ИШИДнинг юқори лавозимли раҳбарлари ҳам бўлганлар.

ИШИДчиларга фақат ўз шахсий қуролларини олиб чиқиб кетишга рухсат берилган.

Лекин ИШИДчилар Раққадан "тиш-тирноғигача" қуролланган ҳолда чиққанлар.

Image caption Юк автомобиллари ҳайдовчилари Би-би-си мухбирига ўз кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Юк оғирлигидан айрим машиналар бузилиб ҳам қолган.

ИШИДчиларни олиб чиққани учун бир неча минг доллар ваъда қилинган ва аммо шу кунгача ҳам пулини ололмаган ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, жангариларнинг ҳам, уларнинг аёллари, ҳатто болалари эгнида ҳам ҳар дақиқада ўзини портлатишга тайёр худкушлик нимчалари бўлган.

ИШИДга қарши тузилган ҳарбий коалицияга раҳбарлик қилаётган АҚШ ҳарбийлари Раққадан хорижий жангариларнинг тирик чиқиб кетишларига йўл қўйиб бермасликларини айтишган.

Аммо ИШИДчилар карвонида кўп сондаги хорижий жангарилар бўлганлар.

"Улар Франция, Туркия, Озарбайжон, Покистон, Яман, Саудия, Хитой, Тунис, Миср..."дан, дейди ҳайдовчилардан бири. Бошқа ҳайдовчилар эса яна бошқа мамлакатларнинг ҳам номларини тилга олади.

ИШИДга қарши ғарбий коалиция вакиллари ушбу махфий келишувга ўзларининг алоқаси йўқлигини, бу Сурия Демократик Кучларининг қарори эканини айтишган.

Image caption Раққадан чиққан ва саҳро ўртасида ғойиб бўлган улкан карвон йўли

ИШИДга қарши "Ажратиб бўлмас ечим" амалиёти" сўзчиси полковник Райан Диллоннинг Би-би-сига айтишича, ғарбий коалиция жангариларнинг Раққани тирик тарк этишини исташмаган.

"Биз ҳеч кимнинг чиқиб кетишига йўл қўймоқчи эмас эдик. Аммо бу бизнинг стратегиямизга, ўша жойнинг ўзидаги маҳаллий раҳбарларнинг тарозига солиб кўриш асосидаги мақсадларига мос келади. Бу сурияликлар қабул қилган қарор - жанг қилаётган ва ҳалок бўлаётган улар. Амалиётлар бўйича улар қарор қабул қилишади", деб айтган полковник Райан Диллон.

Ғарб офицерлари музокараларда иштирок этган бўлсалар ҳам муҳокамаларда "фаол иштирок этмаганлар", деб айтган коалиция сўзчиси.

Нега бунча кўп сондаги хорижий жангарилар чиқиб кетишига йўл қўйиб берилгани ҳақидаги саволга полковник Райан Диллон, "фақат тўрт хорижлик чиқишига рухсат берилди, улар ҳам ҳозир Сурия Демократик Кучлари ҳибсида", деб айтди.

Раққага яқин масофадаги қишлоқ яшовчилари энди ИШИДчилар яна қайтишлари мумкин деган хавотир билан яшамоқдалар.

Image caption Саҳро ичидаги йўл

Жангарилар саҳро орасида ғойиб бўлганлар.

Энди улар бутун Сурия бўйлаб тарқалиб кетганлар деб кўрилмоқда.

Сурия-Туркия чегарасида одам контрабандаси билан шуғулланадиган "Имад" исмли контрабандачининг сўзларига кўра, халифат барбод бўлгани ўзининг бизнесига даромадни кўпайтирган.

У Суриядан Туркияга ўтказиб қўйгани учун киши бошига 600 АҚШ доллари, бир оилани ўтказиб қўйишга камида 1500 доллар олишини айтади.

Бу турдаги бизнесда кўп нарса сўраб ўтирилмайди, бироқ "Имад" Туркия ҳудудига "Француз, Европалик, Чеченлар, Ўзбекларни" ўтказиб қўйганини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ