Россиядан радиоактив булут тарқалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Радиоактив изотоп рутений октябрь ойи бошида Италияда кузатилган.

Россия ҳудудидан Рутений-106 радиоактив моддаси Европа, Қозоғистонда тарқалганига қарамасдан, Россия расмийлари, мамлакатда радиоактив изотоп ҳавога ёйилишига сабаб бўладиган ҳеч қандай ҳодиса рўй бермаган, демоқдалар.

Россия об-ҳаво хизмати Урал тоғлари ҳудудида Рутений-106 моддаси меъёрдагидан қарийб 1000 баробар ошиб кетганини тан олган.

Росгидромет саломатлик учун таҳдид йўқ демоқда.

Илк бор Европа осмонида радиоактив изотоп булути пайдо бўлгани ҳақида Франция ядро ва радиация хавфсизлиги институти (IRSN) хабар тарқатди.

IRSN Россия ёки Қозоғистондаги ядровий иншоотлардан бирида ҳалокат рўй берган бўлиши мумкин деган тахминни илгари сурган.

Икки мамлакат ҳам ўзларидаги ядровий иншоотларда носозлик юз бермаганини эълон қилганлар.

Франция мутахассисларининг хабарини Росгидромет тасдиқлади.

Росгидромет хабар қилишича, ўзларига тегишли Урал тоғларидаги икки об-ҳавони кузатиш станцияси сентябрь ва октябрь ойларида "ҳаддан зиёд юқори" радиоактив изотоп булғанишни аниқлаган.

Бу станциялар Челябинск вилоятидаги Аргаяш ва Новогорний деган жойларда намуналарни олган.

Госгидрометга кўра, об-ҳаво шароити туфайли Ғарбий Сибир, Жанубий Урал, Прикаспийск ва Предкавказье текисликларидаги ифлосланган ҳаво аввал Ўрта Ер денгизига, сўнг Европа шимолига етиб борган.

Рутений-106 билан ҳаво ифлосланиши Урал жануби, Татаристон, Ростов ва Волгоград вилоятларида ҳам кузатилган.

Франциянинг IRSN институти тахминича, радиоактив изотоп Қозоғистон ҳудудида ҳам тарқалган.

Рутений нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи IRSN
Image caption IRSN харитаси. Қаерда нуқталар катта ва қизил бўлса, рутений ўша ердан тарқалган, деб тахмин қилинмоқда.

Рутений - платина гуруҳига кирадиган кумушранг металл. Рутений 1844 йили кашф қилинган ва унга Рус ёки Россиянинг Лотиндаги номи Ruthenium берилган.

2017 йил 20 ноябрида 1 килограмм Рутенийнинг баҳоси қарийб 4180 АҚШ долларни ташкил этган.

Табиатда рутенийнинг етти барқарор изотопи учрайди.

Шунингдек, олимлар рутенийнинг ўнлаб радиоактив изотопларини топганлар. Улар орасида Рутений-106 энг узоқ яшайдигани ҳисобланади.

Қандай қилиб Рутений-106 атмосферага тарқалиши мумкин?

Биринчи тахмин - ядро реакторидаги бузилиш туфайли. Бу тахмин ҳақиқатга яқин бўлмаслиги мумкин, чунки ядро реактори ҳалокатида ҳавода фақат Рутенийнинг ўзи эмас, бошқа радиоактив изотоплар ҳам кузатилган бўларди, дейишади ISRN мутахассислари.

Бу фикрни Россия атом саноати ташкилоти - "Росатом" таркибидаги "Маяк" ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳам маъқуллаган.

"Маяк" корхонаси Челябинск вилоятидаги Озёрск шаҳрида жойлашган, бошқа фаолият турлари билан бирга ядровий чиқиндиларни кўмиш билан ҳам шуғулланади.

Иккинчи тахмин - таркибида Рутений бўлган моддадан фойдаланиш ёки бу моддани чиқиндига чиқариш жараёнида радиоактив изотоп сизиб чиққан бўлиши мумкин.

"Гринпис" экология ташкилотининг Россия бўлими мутахассислари тахмин қилишича, "Маяк" ишлаб чиқариш бирлашмасининг Челябинск вилоятидаги заводида ядровий ёқилғини шишалаш ёки металларни қайта эритиш учун печкага солаётган пайти Рутений-106 моддаси тўкилиб кетган бўлиши мумкин.

Шишалаш - чиқиндиларни кўмиш усулидир. Суюқлик ёки кукун шаклидаги радиоактив материалларни шиша ҳосил қиладиган материаллар билан аралаштиришади ва Цельсий шкаласи бўйича 1000 даражагача қиздиришади. Пайдо бўлган суюқликни деворлари қалин зангламайдиган пўлатдан ясалган контейнерга қуйишади ва контейнер ер остига кўмилади.

"Маяк" корхонаси сентябрь ва октябрь ойидаги рутений тарқалишига буткул алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот тарқатди.

Учинчи тахмин - Ерга қулаб тушган сунъий йўлдош. Айрим Ер сунъий йўлдошларига рутенийли термоэлектрик генераторлар ўрнатилган.

Бу тахминни Ато энергетикаси бўйича халқаро агентлик - МАГАТЭ ўтказган текширув рад этди. ISRN дан маълум қилишларича, Европа осмонида рутений булути тарқалган кунларда сунъий йўлдошнинг Ерга қулаши кузатилмаган.

Рутений ҳавога тарқалиши инсон саломатлигига хавф соладими?

Россиянинг об-ҳаво маркази - Росгидромет хабар тарқатишича, 21 ноябрь куни атмосферада Рутений-106 концентрацияси рухсат этилган нормадагидан "бир неча баравар паст" бўлган.

Росгидрометга кўра, бундан олдин атмосферада умуман рутений изотопи бўлмагани сабабидан ўлчов пайти кўрсаткичлар бир неча юз баравар юқорини кўрсатган.

Европа мамлакатлари осмонида Рутений-106 булути пайдо бўлгани инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга ҳеч қандай салбий таъсир қилмаслиги керак, дея таъкидлашган Франция мутахассислари.

"Бу шов-шувни айрим атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ташкилотлари кейинги йил бюджетини шакллантириш пайтида жамоатчилик кўзи ўнгида ўзларининг аҳамиятини "ошириш" мақсадида кўтардилар", деб ҳисоблайди Росгидромет.

Росгидрометга кўра, Руминиядаги кўрсаткич Россиядагидан 1,5-2 баравар юқори бўлган, Полша ва Украинадаги кўрсаткичлар эса Россиядагига тенг бўлган.

Ўша ердан рутений тарқалди деб кўрилаётган Челябинск вилоятида одамлар "рутенийдан шикоят қилаётганлари йўқ" ва "ҳокимиятдан вазиятга аралашишни сўрамаяптилар", деб айтишган прокуратура ва полицияда.

"Ўша вақтда кўтарилиш кўтарилгани кузатилди, лекин хавфли даражага чиққани йўқ", деб айтган Челябинск вилоят жамоат хавфсизлиги вазири Евгений Савченко.

Аҳоли учун ҳеч қандай хатар йўқ, деб айтган Челябинск вилоят бош онколог шифокори Андрей Важенин. "Ҳаво булғанганидан хавотирланаётганлар бориб футбол кўрсин, пиво ичсин", деб маслаҳат берган жаноб Важенин.

Алоқадор мавзулар