Путин президент сайловларида қатнашишини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MIKHAIL METZEL/TASS

Россия Президенти Владимир Путин янги муддат учун ўз номзодини илгари суради.

Бу ҳақда у Нижний Новгород шаҳридаги ГАЗ заводи ишчилари билан учрашув чоғида эълон қилди.

Россия халқи президент Путиндан розими?

Бундан аввал Путин келгуси сайловларда қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бир неча бор қочган эди.

Бу сафар сайловлар ҳақида ундан завод ишчиларидан бири сўраган.

"Бугун кўнгиллилар форумида сиздан номзодингизни илгари сурасизми, деб сўралди. Сиз, агар халқ қўллаб-қувватласа, ҳа, деб жавоб бердингиз. Бугун бу залдаги ҳамма истисносиз сизни қўллаб-қувватлайди! Владимир Владимирович, келинг, қарорингизни эълон қилинг-да, бизга совға қилган бўлинг! Ахир биз, ГАЗ-сизнинг тарафингизда!", - деган завод ишчиси.

Ўтирганлар эса "ГАЗ сиз учун, ГАЗ сиз учун" дея ҳайқирганлар.

Ўз навбатида Путин "қарорни эълон қилиш учун бундан яхши жой ва бундан ҳам яхши фурсат бўлмаса керак", - деб айтган.

"Қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга раҳмат. Мен Россия Федерацияси президентлиги учун номзодимни илгари сураман!", -деб айтган Путин.

"Умид қиламанки, сизлар билан кўзлаган барча мақсадларимизга эришамиз", дея қўшимча қилган у.

Путин 2000 йилдан буён аввалига президент, кейин бош вазир ва кейинроқ яна президент сифатида қудратда бўлиб келади.

Агар мартдаги сайловларда ғалаба қозонса, у 2024 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.

Тележурналист Ксения Собчак Путинга рақиб бўлишини эълон қилган, аммо омма сўровлари Путин осонлик билан ғалаба қилишини кўрсатмоқда.

Россия мухолифатининг асосий номзоди бўлган Алексей Навальний эса расман сайловлардан четлатилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар