Нуқтаи назар: "Мусулмонлар Қуддус атрофида бирлашган, аммо..."

Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ўнгида мусулмонлар намоз ўқишмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ўнгида мусулмонлар намоз ўқишмоқда

"АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ҳаракатлари араб ва мусулмон дунёсини уйқудан уйғотадиган бир қарор сифатида кўрилиши мумкин. Кўпчилик мусулмонлар Американинг минтақадаги тинчлик жараёнига оид концепцияси ўзларини чалғитгани ҳақидаги хулосага келаётган бўлсалар, ажабмас.

Ҳозирда АҚШ Исроилнинг тарафини олаётган экан, улар Американинг мусулмонлар билан иши йўқ ва минтақадаги барқарорлик Америка учун бир пул, деб ўйлаётган бўлишлари муумкин.

Ўтмишда Фаластин даъвоси ҳамиша мусулмон дунёсини бирлаштириб келган. Улар Сурия масаласи ёки Ироқ борасида келишмасликлари мумкин, аммо Фаластин, хусусан, Қуддуси шариф ҳақида гап кетганда, мусулмонлар ҳамиша бирдам.

Бу жуда муҳим нуқта. Қуддус масаласи бу ҳамжиҳатликни биринчи планга олиб чиқиши ва мусулмон дунёси бўйлаб ришталарни мустаҳкамлаши мумкин.

Рамзий бир даражада.

Трамп ва Исроилга қарши, АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришга қарши.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Monitoring
Image caption Трампнинг қарорига қарши Араб ва турк нашрларидаги сарлавҳаларда ғазабни сезиш қийинмас

Гарчи Қуддус масаласи янгилик бўлмаса-да. Агар тарихга қарасак, янги Интифода (Исроил ишғолига қарши Фаластин исёни-таҳр.)ни башорат қилишга асос борлигини кўрамиз. "Ҳамас" ҳозирнинг ўзида исёнга чақирди.

Мусулмон дунёсида зиддиятни тинч йўл билан ечиш мумкин ва ечим Фластин давлати деган инонч бор эди. Осло битимидан 23 йил ўтиб, ҳеч нарса амалга ошгани йўқ. Ғарбий соҳил ва Қуддусда 800 минг нафар исроилликлар ерлашди.

Мусулмонлар орасида Трампнинг қарори тинчлик жараёнини жонлантирмайди, аксига уни тамоман ўлдиради, деган муштарак фикр бор.

Қандай қилиб Трамп бир вақтнинг ўзида ҳам Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилиши ва ҳам тинчлик жараёнини сақлаб қолиши мумкин? Бу имконсиз.

Қуддуснинг келажаги тинчлик жараёнининг марказий масаласидир.

Агар Қуддус исроилликларники, деб тан олинган бўлса, фаластинликлар тинчлик жараёнида нимани муҳокама қилишади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Трампнинг эълонидан сўнг Ғарбий соҳилда танглик кучайган

Трамп қарори қисқа муддатда муқаррар оқибатларни келтириб чиқаради. Ҳозирнинг ўзида норозилик ва намойишлар, зўравонлик ва Интифода таҳдидларига гувоҳ бўляпмиз.

Оқибат номаълум, аммо одамлар ғазабнок.

Мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи 56 давлат 1,5 миллиард аҳолиси (дунё аҳолисининг 22 фоизи) билан ўз ғазабида бирдам, чунки Қуддус улар учун муқаддас жой, Макка ва Мадинадан кейин учинчи муқаддас шаҳар.

Бу мусулмонлар учун ҳақорат. Ҳеч қандай сабабсиз ҳақорат.

Нима учун АҚШ ўз элчихонасини Қуддусга кўчириши керак? Ва нима учун ҳозир?

АҚШ мусулмонлар муқаддас ва ўзлариники деб ҳисоблайдиган муқаддас шаҳар масаласида фақат Исроилни ҳақ деб биладиган қудратли давлатдир.

Аммо Қуддус масаласи мусулмон давлатлар ўртасидаги бошқа келишмовчиликларни бартараф этиши мумкинми?

Бу 56 давлат ўртасидаги келишмовчиликлар тўлиб ётибди.

Бу келишмовчиликлар Қуддус масаласидан каттароқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Фаластинликлар Байтуллаҳмдаги Исроил деворида Трамп суратига қора чаплашган

Қуддусга келганда, мусулмон давлатларнинг аксари ўзаро келишмовчиликларни яширадилар, аммо ҳукуматлар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд ва улар йўқолиб қолмайди.

Иккинчи бир зиддият Американинг террорга қарши уруши билан боғлиқ.

Ғарб давлатлари радикализмга қарши курашмоқда.

Аммо Трампнинг сўнгги қадами Ал-Қоида ҳамда Исломий давлат сингари гуруҳлар учун айни муддао ва энг яхши қуролдир.

Ушбу гуруҳлар "қаранг, америкаликлар Ироқ ва Сурияда бизни тор-мор қилгандан кейин арабларни эмас, балки исроилликларни мукофотлашди", дейишлари мумкин.

Бу эса бизнинг минтақада террорчилик ва радикализмни авж олдиради.

Вақти билан Европа ва АҚШга ҳам Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганлик учун бир нави қасос амали ўлароқ етиб бориши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қуддус мусулмонларнинг учинчи муқаддас шаҳридир

Бу радикалларга қўл келади, АҚШнинг Яқин Шарқдаги Миср,Саудия Арабистони ва БАА сингари иттифоқчиларини ноқулай аҳволга қўяди.

Яъни, самара бермайдиган амалдир.

Бу мусулмонларни Фаластин даъвоси атрофида бирлаштириши мумкин, аммо минтақадаги беқарорликни кучайтиради.

Парадокс шунда: бу қарор турли мусулмон давлатларидан одамларни бир-бирига яқинлаштиради, айни пайтда экстремизм ва радикаллашувнинг ҳам тегирмонига сув қуйиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002