Путин номзодини "Ягона Россия"дан илгари сурмайди

Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи Alexei Druzhinin/TASS

Президент Владимир Путин 2018 йилдаги Россиядаги президентлик сайловида ҳам қатнашиши ҳақида расман эълон қилди.

Президент Путин бу гал ўз номзодини "Ягона Россия"("Единая Россия") партиясидан эмас, мустақил номзод сифатида илгари суриши ҳақида ўзининг йиллик матбуот анжумани пайти маълум қилди.

Владимир Путин Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келади.

У Россияда ўтказилган 2000-йилдаги, 2004, 2012 йиллардаги президентлик сайловларида ғалаба қозониб президент бўлгани эълон қилинган.

Яқин-яқингача ҳам Россия расмийлари жаноб Путиннинг 2018 йилдаги президентлик сайловига номзодини илгари суриш-сурмаслиги ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдириб келишган, бироқ аксар кузатувчилар Владимир Путин бундан кейин ҳам қудратни қўлидан бермаслигига ишонишган.

Илк бор 6 декабрь куни ГАЗ автомобиль заводи ишчилари билан учрашувда Владимир Путин яна президентлик сайловига номзодини қўяжаги ҳақида маълум қилди.

"Бу ўз номзодини илгари суриш бўлади. Мен, албатта, мамлакатни ривожлантириш бўйича мен билан ҳамфикр сиёсий кучлар, партия ва жамоат ташкилотларига, фуқароларнинг кенг қўллаб-қувватловига умид қиламан", деб айтган йиллик матбуот анжуманида Президент Путин.

Пресс-конференцияда Президент Путин ўзининг сайловолди дастури деярли тайёр экани, лекин ҳозир бу дастурни эълон қилиш мавриди эмаслигини айтган.

Россия қонунчилиги бўйича бирор бир партиядан эмас, ўз номзодини президентликка илгари сурган шахс учун 300000 фуқаронинг имзосини тўплаш, ташаббус гуруҳига камида 500 кишини йиғиш талаб қилинади.

"Ягона Россия" партияси эса қай шаклда ўзининг номзодини илгари суришидан қатъи назар, жаноб Путиннинг сайловолди кампаниясида уни дастаклаши ҳақида эълон қилган эди.

Хабарларга кўра, "Ягона Россия" партиясидан фирқа раҳбари Сергей Миронов, Россия Либерал-Демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский, мухолифатдаги "Яблоко" асосчиси Григорий Явлинский, Ўсиш партияси раҳбари Борис Титов номзодлари илгари сурилиши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TASS
Image caption Ксения Собчак Президент Путин матбуот анжуманида журналист сифатида қатнашган

Россия коммунистлари Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюганов номзодини илгари сурадими-йўқми, бир қарорга келмаганлари хабар қилинмоқда.

Россия президентлигига ўз номзодини тележурналист Ксения Собчак илгари суриши ҳақида эълон қилган.

Шунингдек, Коррупцияга қарши кураш жамғармаси раҳбари Алексей Навальний ҳам сайловда қатнашишга ҳаракат қилган, аммо Навальнийнинг судлангани боис унга ўз номзодини илгари суриш ҳаққи йўқлигини айтишган.

Матбуот анжуманида президентликка номзод Ксения Собчак журналист сифатида аккредитациядан ўтиб қатнашган.

Йиллик матбуот анжумани пайти Президент Путиннинг айтишича, ўзининг президентлик фаолиятидаги муваффақиятлари нега ўзига қарши арзигулик мухолиф йўқлигини намойиш этади.

Унинг сўзларига кўра, президентликка илк бор келганидан кейин Россияда ҳақиқий даромадлар беш баравар ўсган ва инсонлар умри узайиши кутилмоқда.

Матбуот анжуманида 1600 дан ортиқ журналист иштирок этган.

Аксар саволлар Россия ички ҳаётига тааллуқли бўлган.

Бир неча хорижий журналистлар Президент Путинга савол бериш учун қўлларини икки соатдан кўпроқ кўтариб туриб, қўллари оғриб кетганидан шикоят қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Бу мавзуда батафсилроқ