Европа суди "талоқ"ни ноқонуний деб топди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Европа адлия судига кўра, давлат суди томонидан олинмаган қарор тан олиниши кўзда тутилмайди.

Германияда хотинини шариат қонунларига биноан талоқ қилган суриялик кишига Европа адлия суди унинг ажрашуви Германияда қонуний эмаслигини билдирди.

Европа адлия суди айтишича, Европа Иттифоқи давлатлари фақат давлат суди ҳукми асосидаги ажрашувни тан олишлари керак.

Европада яшаётган баъзи мусулмон эркаклар уч марта "талоқ" дейиш билан ўз никоҳларини тугатиш мумкинлигига ишонадилар.

Бу Европа адлия судининг айни масаладаги биринчи ҳукмидир.

Суд иши

Жуфтлик Германияга кўчишдан олдин 1999 йилда Суриянинг Ҳомс шаҳрида турмуш қуришган. Улар ҳам Сурия, ҳам Германия фуқаролигига эгалар.

2013 йилда эр Суриянинг Латакия шаҳридаги шариат маҳкамасида уч марта "талоқ" дейиш билан никоҳини бузган.

Европа судига кўра, бу "хусусий ажрашув", ва унга давлат идораси гувоҳ бўлмаган.

Хотини ёзма равишда ажрашувни тан олган, аммо эри ажрашувни Германиянинг Мюнхен шаҳрида қонунийлаштиришга уринганида, қарши чиққан.

Мюнхен суди сўнгра ишни Европа адлия судига йўллаган.

Европа суди диний маҳкамадаги бир-томонлама ажрашув Германия қонунларига мос эмаслигини айтган.

Охирги қарорни Мюнхен суди олиши керак бўлади.

Ислом ва мусулмонлар: Уч талоқ учун уч йиллик қамоқ жазоси?..

Ҳиндистонда "уч талоқ"нинг қонунийлиги кўриляпти

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002