Технология даҳоси Илон Маск Твиттерда қовун туширди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Илон Маскка телефон қилсангиз, "Уруш Худоси" видео-ўйинининг мурожаатини эшитасиз.

SpaceX ва Tesla компаниялари асосчиси, миллиардер Илон Маск билмасдан ўз телефон номерини ўзининг 16.7 миллион фолловерларига твит қилиб юборди.

У аслида Окулус виртуал воқелик ва технология фирмаси раҳбари Жон Кармакка мўлжалланган эди.

"Гаплашишга бир сониянг борми? Менинг мобилим ..." деб ёзди Маск.

Твит тезда ўчирилса-да, унинг кўплаб фолловерлари рақамни ёзиб олишга улгуришганди.

CNBC телеканали бу номерга телефон қилганида, жаноб Маск эмас, балки "Уруш Худоси" видео-ўйинининг мурожаатини эшитди.

"Худоларнинг амри билан бунинг уддасидан чиқдинг. Қандайдир йўл билан менга элтувчи йўлни топибсан. Сенга ўз табригим ва миннатдорчилигимни билдираман", - дейилади телефоннинг автоматик жавобида.

Илон Маск нега Кармак билан гаплашмоқчи бўлгани ноаниқ. Кармак ишлайдиган Oculus компаниясини 2014 йилда Фейсбук сотиб олган.

Фейсбук воизи жаноб Кармак бу компаниядан кетишни режаламаётганини айтди.

Маскнинг компаниялари фазовий сафар, электрик машиналар ва қуёш энергияси бўйича иш олиб боради.

Сентябрда у шаҳарлараро ракета транспорт тизими режасини тақдим қилди. Унга кўра, Нью-Йоркдан Лондонга ярим соатдан кам вақт ичида етиб олиш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002