"Сени боқиб катта қилганим учун $1 миллион!"

Стоматолог ўғил онасига пул тўлайди. Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Стоматолог ўғил онасига пул тўлайди.

Тайван Олий Суди тарбиялаб катта қилгани ва стоматологияга ўқиш харажатларини тўлагани учун ўғли онасига 1 миллион АҚШ долларидан зиёд пул тўлашга мажбур деган қарор чиқарди.

Чунки ўғли онаси билан айнан шу мақсадда шартнома имзолаган эди.

Бундан 20 йил олдин она ва ўғли ўртасида имзоланган шартномага биноан ўғли ўзининг ойлик маошининг 60 фоизини онасига бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.

Аёл ва ўғлининг тўла исми-шарифлари матбуотда эълон қилинмаяпти.

Фақат суд ишида аёлнинг номи "Ло", ўғли эса "Чу" деб келтирилган.

Маълум бўлишича, эри билан ажрашганидан кейин она икки ўғлини бир ўзи боқиб катта қила бошлаган.

Суд пайти "Ло"нинг айтишича, ўғилларини кичкиналикларида, мактабни тугатиб институтда ўқиб юрган пайтларида парваришлаб катта қилган, олий таълим олиш учун талаб қилинган бир неча юз минг доллар маблағни тўлаган.

Бироқ кунлардан бир кун, "ўғилларим қариб қолганимдан кейин мен ҳақимда қайғуришдан бош тортсалар-чи", деган савол ўйлантириб қўйган.

Аёл икки ўғли билан шартнома тузишга қарор қилган.

1997 йили стоматология мутахассислиги бўйича ўқиётган 20 яшар ўғли ва акаси билан маошларининг маълум фоизини ўзига беришлари шартлиги ҳақидаги ҳужжатларни имзолаган.

"Ло"нинг судда айтишича, ўқишни тугатиб маош топа бошлаганига бир неча йил бўлганига қарамасдан, "Чу" шартномасида бўйнига олганидек, ўзининг маошининг бир қисмини бермай келаяпти.

Шу сабабли у ўғлини судга беришга қарор қилган.

Ўғли эса судда, ўз фарзандини боқиб катта қилгани учун товон пули талаб қилиш ахлоқий жиҳатдан тўғри эмас, деб айтган.

Маҳкама эса "Чу"га ўз ихтиёри билан шартнома имзолаганини, бу юридик ҳужжат ҳисобланишини, шартномада ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармагани учун энди жавобгар эканини айтган, шу боис энди қўшимча фоизлари билан жами 1 700000 АҚШ долларига тенг маблағни тўлаши шартлиги ҳақидаги қарорни чиқарган.

Тайван маҳаллий матбуоти хабарларига кўра, "Ло"нинг катта ўғли онаси билан шартнома имзолаётганида 60 фоиздан камроқ суммга келишган.

"Чу" эса суд пайти шартномани имзолаганида жуда ёш бўлганини, бу қоғознинг мазмунини англамаганини, шунинг учун ҳам бу контрактни ҳақиқий ҳисобламаслик керак, деб айтган.

Шунингдек, "Чу"нинг маҳкамада айтишича, институтни тугатганидан кейин онасининг хусусий стоматология клиникасида ишлаган ва онасининг 1,7 миллион доллардан ҳам кўп даромад топишига ёрдамлашган.

Аммо суд ўғилнинг шартнома имзолаган пайтида вояга етган инсон бўлганинини ва уни имзолашга ҳеч ким мажбур этмаганини айтиб важларини рад этган.

Би-би-сининг Тайбейдаги мухбири Синди Суй ёзишича, Тайван фуқаролик кодексига биноан, вояга етган фарзанд кекса ота-онаси ҳақида қайғуриши шарт.

Оқибатсиз чиқиб қолганларида ҳам кўпчилик тайванлик ота-оналар ўз фарзандларини судга бермайдилар, дейди Би-би-си мухбири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002