Фидел Кастронинг ўғли ўз жонига қасд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 2002 йилда олинган расмда у отасига нақадар қаттиқ ўхшагани намоён бўлади.

Кубанинг собиқ раҳбари Фидел Кастронинг 68 ёшли ўғли ўзини ўлдирган. Бу ҳақида Куба давлат матбуоти хабар қилди.

Фидел Анхел Кастро Диаз-Баларт пайшанба тонгида топилган. У депрессиядан азоб чеккани ишонилади.

Собиқ президентнинг тўнғич фарзанди отасига ўхшагани учун "Фиделито", яъни Кичик Фидел дея лақаб олганди.

У Совет Иттифоқида ядровий физикадан таълим олган.

"Фидел Кастро Диаз-Балартнинг чуқур депрессиясини бир гуруҳ шифокорлар бир неча ой давомида даволашди, аммо у бугун эрталаб ўз жонини олди", дея хабар тарқатди Кубанинг расмий Гранма газетаси.

Унинг отаси 2016 йил охирида 90 ёшида вафот этганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Фидел Кастро Диаз-Баларт 2015 йил Гаванада ўтган Хабанос фестивалида Парис Хилтон билан суратга тушган.

Фидел Кастро Диаз-Баларт Куба Давлат кенгашининг илмий маслаҳатчиси ва Куба Фанлар академиясининг вице-президенти эди.

У 1980 йилдан 1992 йилгача Кубанинг ядровий дастурига раҳбарлик қилган.

У илк турмуш ўртоғи - россиялик Наташа Смирнова билан уч фарзанд кўрган. Унинг иккинчи хотини - Мария Виктория Баррейро.

Фидел Кастро Диаз-Баларт 1949 йилда отасининг инқилобгача юқори лавозимларда бўлган сиёсатчининг қизи Мирта Диаз-Баларт билан қисқа турмушидан туғилган.

Фидел Кастро 1959 йилда АҚШ томонидан қўлланган диктатор Фулхенсио Батистани ағдарганида, хотинининг оиласи оролдан қочиб Флоридага жойлашган.

Фиделито ота-онаси ажрашиши туфайли болалигининг бир неча йилини АҚШда ўтказган. Отаси сўнгра уни Кубага қайтариб олиб келишга муваффақ бўлганди.

Унинг яқин қариндошлари Куба инқилоби ғояларининг энг ашаддий танқидчиларидан бўлишган. Унинг тоғаваччаси Марио Диаз-Баларт АҚШ конгресси аъзосидир.

Фиделитонинг ўзи Куба инқилобига содиқ бўлган, аммо охирги йилларда отасининг соясида яшашдан чарчаган ва Кубадаги энергия заҳиралари борасида олинган қарорлардан четлатилган.

АҚШ ва Куба раҳбарлари ярим асрда илк марта қўл сиқишди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Кастро ўлимидан сўнг кубалик ёшлар нима деб ўйлашмоқда?