Туркиянинг Суриядаги уруши нечоғли аҳамиятли?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Сурия шимолидаги ҳужумларда Туркия танклари ҳам қатнашмоқда

Кимда-ким Исломий Давлатнинг мағлубиятга учратилиши Суриядаги инқирознинг тугаши ёки юмшашига олиб келади, деб ўйласа хато қилган бўлади.

Инқироз ҳали-бери тугамаслигини англаш учун Сурия шимолий вилояти бўлмиш Афринда давом этаётган Туркия ҳарбий ҳаракатларига назар ташлаш кифоя. Туркия икки давлат ўртасидаги мавжуд буффер зонани Сурия томон кенгайтирмоқчи ва курд жангчиларини ўз ҳудудидан нарига ҳайдаш ниятида.

Расмий Анқара курд жангчиларини ўз ҳудудидаги курд айирмачиларининг иттифоқдошлари сифатида кўради. Ҳақиқатан, Туркиянинг Суриядаги инқирозга нисбатан ўтган йиллар ичида бир неча бор ўзгаришга учраган бўлсада, Курд мухторияти ғоясига кескин қарши чиқиш сиёсатида собит туриб келмоқда.

Турклар ўз мамлакатининг жанубий чегараси теграларида мухтор Курд ҳудудининг пайдо бўлишини ҳеч қачон ҳазм қила олмаслиги турган гап. Шу сабабли ҳам Туркия ҳозирги ҳарбий ҳаракатлар орқали ўзи учун «хавф» ҳисоблайдиган курдларни Сурия ичкарисига ҳайдашга интилмоқда.

Лекин Туркиянинг ушбу мақсади амалга ошиши учун қанча ҳарбий қудрат зарур ва Сурия шимолидаги мазкур ихтилоф яна қанча муддатга чўзилиши мумкин?

Курд жангчилари узоқ вақтдан буён америкаликлар томонидан қўлланиб келадилар ва, ишончни оқлаган ҳолда, Исломий Давлатга қарши курашда расмий Вашингтоннинг энг салоҳиятли иттифоқдоши эканликларини намоён қила олдилар.

ИШИД мағлуб этилгандан сўнг, курдлар Сурия шимолидаги салмоқли ҳудуд устидан назоратни қўлга олиш уддасидан чиқдилар.

Вашингтонга кўра, Туркия интервенцияси Суриядаги инқирозни янада чигаллаштиради.

АҚШ ҳарбийлари сўзчиси Сурия шимолидаги хавфисизликни таъминлаш мақсадида Курд чегара қўшинларини ташкил қилиш борасидаги маърузаси ортидан Анқара зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборган эди.

Ноқулай вазият

Америкаликлар курд чегара қўшинлари ташкил қилиш ғоясини шунчаки мавжуд келишувларнинг давоми сифатида кўрсатиб, мазкур мавзу аҳамиятини пасайтиришга уринаётган бир пайтда ҳарбий қўмодонлар ва Трамп маъмуриятининг фикри бир жойдан чиқмаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Турк танки чегарадаги Рейханли туманида жойлашган ҳарбий базага келди

Ҳарбийлар Американинг курдлар билан иттифоқчилигини янада қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлса, ҳукумат расмийлари Туркияга нисбатан босимни кучайтиришга даъват қилган ҳолда курдлардан аста-секин узоқлашишга интилмоқдалар.

Ҳозирда Вашингтон учун жуда мураккаб вазият юзага келиб қолган: унинг НАТО аъзоси бўлмиш иттифоқдоши, яъни Туркия Суриядаги бошқа бир иттифоқдош - курдларга қарши шиддатли жанглар олиб бормоқда. Вазият бунданда жиддий тус олиши мумкин.

Мободо, Туркия ҳарбий интервенцияси шарққа қараб - Манбиж шаҳри томон ҳаракатлангудек бўлса, жанглар АҚШ ҳарбий мутахассислари ва махсус кучлари жойлашган ҳудудларга қадар етиб бориши мумкин.

Америкаликлар учун курдлар ривожланиб бораётган Сурия бўйича стратегиядаги муҳим иштирокчи сифатида аҳамиятини йўқотмай бормоқда.

Ҳарбий нуқтайи-назар билан қаралганда ИШИД деярли мағлуб этилган бўлсада, Вашингтоннинг эндиги диққати минтақада Эрон таъсир доираси ортиб кетиш эҳтимолига қаратилган. Эрон Ассад ҳукуматини қўллаш орқали Исломий Давлатни парчаланишидан манфаат кўра олган саноқли кучлардан бири ҳисобланади.

АҚШ Ассад ҳукуматини босим остида тутиб турган ҳолда Суриянинг муҳим қисмларида ўз таъсирини кенгайтириш ва, шунингдек, Россиянинг мамлакатдаги имкониятларини чеклаш истагида.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш йўлида АҚШга ишончли иттифоқчилар зарур. Масалан, курдлар каби.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Курдлар бошчилик қиладиган Сурия демократик кучлари иттифоқи ИШИД эгаллаб олган Раққани озод қилган

Сурия шимолида бошланган янги инқироз АҚШнинг мамлакатда барқарорликни қайта тиклаш учун фақат Исломий Давлатни енгишнинг ўзи кифоя, деган тор доирадаги сиёсатининг ўзи етарли эмаслигини кўрсатмоқда.

Суриянинг аксарият ҳудудлари олдингидек даҳшатли жанг майдонларига айланиш хавфи остида қолаётгани ҳақиқат. Мамлакатнинг катта қисми номига Ассад ҳукумати назорати остида бўлса ҳам, улар, аслида, ярим мухтор ҳарбий гуруҳлар қўлидадир.

Курд қаршилик ҳаракати

Сурияда билвосита Эрон таъсирида бўлган кучлар сони ҳам етарлича. Ал-Қоида билан у ёки бу йўллар орқали алоқада бўлган гуруҳлар салмоқли ҳудудларни назорат қилади. Бундай вазиятда мунтазам барқарорликдан умидвор бўлиш бефойда. Мамлакат яна бир бор исломий экстремизмнинг бош кўтаришига саҳна бўлиши эҳтимоли юқори.

Вашингтоннинг Суриядаги Эрон таъсирига нисбатан янгича қараши икки ўртадаги тарангликни юмшатмаслиги ҳам бор гап.

Туркиянинг Сурия шимолидаги ҳарбий ҳаракатлари эса расмий Анқаранинг ўзи учун улкан хавфни келтириб чиқариши мумкин. Туркия ҳарбий ҳаракатларнинг барқарорлигини тутиб туришга интилаётган бўлсада, шиддатли курд қаршилиги ва ноқулай об-ҳаво билан юз келишга мажбур бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жангларда ўнлаб курд жангчилари ва тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда

Ҳарбий интервенция бир қанча парадоксларни келтириб чиқаришга ҳам улгурди.

Бир неча йил муқаддам Суриядан ўз ҳудудига бостириб кирганлигини иддао қилган ҳолда рус ҳарбий учоғини уриб туширган Туркия яқинда Москва билан келишув имзолаб, Сурия шимолида ҳарбий ҳаво кучларидан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Бундан ташқари АҚШда жойлашган Урушларни Ўрганиш Институти (Institute for the Study of War)нинг таҳмин қилишича, Сурия ҳукумати Африндаги жангчиларга кўмак бериш учун йўлга отланган курд ёрдамчи кучларини ўз назорати остидаги ҳудудлардан ўтишига қаршилик қилмаган. Институтнинг бошқа бир кузатувига кўра, ўтган ойнинг сўнгги кунларида Сурия ҳукуматига тарафдор кучлар мухолифат назорати остидаги ҳудуд орқали Алеппонинг жанубий-ғарби томон ҳаракатланаётган улкан турк зирҳли техникалар карвонини ўққа тутиб, тўхтатиб қолган.

Янги жанглар

Мазкур карвоннинг мақсади Сурия ҳукумати кучларининг ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган шимолий ҳудудларга аралашуви олдини оладиган блокпост ташкил қилиш бўлган бўлиши мумкин.

Расмий Дамашқ шимолдаги Туркия ҳарбий ҳаракатларини ўз суверенитетига таҳдид деб баҳолайди. Анқара эса ўзи билан жангга киришган курдларнинг Ассад ҳукуматидан ҳеч қандай кўмак ололмаслигини таъминлашга интилади.

Ташқи ўйинчилар манфаатлари бирламчи аҳамият касб этган Сурия ҳудудларида янгидан-янги уруш ўчоқлари юзага келмоқда. Сурия шимолида бўлаётган воқеалар юзасидан ташвишланиш учун Туркия қатор сабабларга эга ва у юзлашаётган хавфлар ҳам сиёсий ҳам ҳарбий аҳамият касб этади.

Шу вақтга қадар Туркиянинг Сурия бўйича сиёсати бўзчининг мокисидек уёқдан-буёққа бориб қайтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон

Туркиянинг Ассад ҳукуматига нисбатан қаршилиги расмий Анқара Москва ва Теҳрон билан Сурия келажагини шакллантириш борасида тил топиша олгандан кейин бироз юмшаган эди.

Бироқ ушбу дипломатик муваффақият ҳаётга татбиқ қилина олинмади. Россия мезбонлигида Сочида бўлиб ўтган конференция натижалари кенгроқ миқёсдаги Женева учрашувлари каби деярли аҳамиятсиз натижалар билан якунланди.

Кўлами тобора ортиб бораётган Туркиянинг ҳарбий ҳаракатлари унинг Россия, Сурия ва Эрон билан муносабатларига таъсир ўтказмай қолмайди. Шунингдек, Туркиянинг Вашингтон ва НАТО давлатлари билан алоқалари ҳам ўзгаришга учраши кутилмоқда.

Туркия ҳарбий ҳаракатлар ёрдамида ўз сиёсий мустақиллиги ва Ғарбдан узоқлашаётганлигига урғу бериш орқали иттифоқдош давлатлар билан муносабатларини савол остига қўймоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek