Немислар Фашист Германиясидаги болалик ҳақида нима дейди?

Берлин болалари Фото муаллифлик ҳуқуқи Fred Ramage/Getty Images
Image caption Берлин болалари

Яқинда Берлиндаги нашриётлардан бири томонидан болалаги Фашист Германиясида ўтган немисларнинг хотиралари тўпланган «Kriegskinder» (Уруш фарзандлари) номли китоб чоп этилди. Китоб муаллифларидан бири фотограф Фредерика Хелвиг уруш вақти ҳақида одамлар нималарни эслаши ва нималарни эсга олишни истамаслигидан ҳикоя қилади.

Бола сифатида онгга муҳрланиб қолган бу хотиралар баъзида ёрқин, баъзида эса хира. Уларни ўқий туриб ўша йилларга тушиб қолгандек бўласан киши. Хотиралар билан бир қаторда биз болалик даврига назар солаётган кекса инсонларнинг суратлари келтирилган. Немисчада уларни Kriegskinder ёки 'уруш фарзандлари' деб атайдилар. Улар Иккинчи Жаҳон Уруши йилларида Фашист Германиясида ўсганлар.

Европадаги ўзбеклар қатлгоҳида

Путин Штирлицга тақлид қилганми?

«Кунлардан бир куни Берлиндаги сув ҳавзаларидан бири бўйида сайр қилиб юрардим, - хотирлайди 1937 йили Дортмундда дунёга келган Бригитта. - Сувда аёл кишининг мурдаси юзтубан ётганча оқиб юрарди. Шамол аёлнинг юбкасига ел бериб, елкан каби жасадни сув бўйлаб ҳаракатлантирарди».

Бу каби хотиралар, 44 та фотопортрет билан биргаликда, «Kriegskinder» китобига жамланган. Фотограф Фредерика Хелвик китоб қаҳрамонларини суратга олган, Анна Ваак эса хотираларни қоғозга туширган.

Қаҳрамонларнинг баъзилари бола кўзи билан кўрилган даҳшатли воқеалар ҳақида илк бор ҳикоя қилишга аҳд қилганлар.

Ҳали тутаб турган сигарет қолдиғи, жасадларнинг оғзига тиқилган тошчалар, бомбаланган уй балконида турган икки помидор новдаси…

Онгга тезда таъсир қиладиган мазкур хотиралар тарихчилар томонидан кўп бора ёзилган манзараларга бошқача назар ташлашга ундайди.

«Мазкур мавзу тарих ва статистикадан фарқли ўлароқ, ўша давр воқеаларининг хиссий жиҳатларини очиб бериши билан мени ўзига жалб этди,» ҳикоя қилади Хелвиг BBC Culture муҳбири билан суҳбатда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Бригитта 1937 йилда туғилган

Китоб қаҳрамонларидан Никлас Франк ўтмишни тиклаш учун кўп ишларга қўл урган. Никлас 1939 йили оккупация қилинган Полша генерал-губернатори бўлган, бу мамлакатда поляклар ва яҳудийларга қарши кенг кўламли террор ташкилотчиларидан бири сифатида тарихда қолган Ганс Франк оиласида дунёга келган. (Урушдан сўнг Нюренберг суди Ганс Франкни ўлимга ҳукм қилган эди).

Юксак эътирофларга сабаб бўлган «Менинг нацистча ўтмишим: Оталаримиз қилмишлари» ҳужжатли филмида Никлас Франк британиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Филипп Сендс билан Европа бўйлаб кезиб, ўша давр ҳақида материаллар тўплайди. (Филмда ўтмиш хотиралари билан ўртоқлашган Сендснинг бобоси Холокост даврида ўзининг кўплаб поляк қондошларидан жудо бўлган эди).

«Уруш фарзандлари» китобида Никлас Франк оиласининг Полшада ўтган даври ҳақида сўзлайди. У онаси ва энагаси билан Краковдаги яҳудийлар геттосига бозорлик қилишга боргани ҳақида ҳикоя қилади.

«Биз гетто бўйлаб машинада кезардик, онам ўзи истаганча мўйна, шарф, кўйлаклар сотиб оларди. Мен 'Мерседесънинг орқа ўриндиғида энагам Хилда билан ўтирардим. Оқ-қора тусдаги костюм кийиб олган эдим».

«Одамлар бизга хафақон кўзлари билан тикилиб турарди. Мен ўзимдан каттароқ болага тилимни чиқариб, уни мазаҳ қилардим. Бола эса ортга ўгирилганча тез-тез юриб кетарди. Унинг менга жавоб қайтармаслиги ғалаба қозонганимдан далолатдек эди, гўё. Мен бундан қувониб иржаярдим, лекин энагам сукут сақлаганча мени ўриндиққа қайта ўтирғизиб қўярди».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Никлас 1939 йилда таваллуд топган.

Энди эса бу хотиралар юракда ширин хисни эмас, балки ғашлик уйғотади. «Китобдаги ҳикояларнинг асосий қисми ҳақиқий ҳаётдан олинган хотиралардан иборат, - дейди Хелвиг. - Одамлар ҳикоя қилаётган хотираларни тинглаш мароқли, лекин улар тилга олишни истамайдиган хотиралар унданда қизиқарлироқ».

Қаҳрамонларнинг аксарияти ўзгаларнинг ўлимини бола дунёқараши билан гувоҳ бўлган ҳолда тасвирлайдилар. «Уйимиз қаршисида осиб ўлдирилган одам жасади ётарди. У немис эди. У вайрон бўлган бинога яшириниб, урушга бормасликка интилган. Уни топиб олишгандан сўнг кўчадаги симёғоч осишган, - дейди Вернер. - Бироз вақтдан сўнг арқонни кесиб юборишган. Жасад бир неча кун кўчада чўзилиб ётди. Биз, болалар, эса унинг очилганча қотиб қолган оғзига майда тошчаларни ташлаб, ўйнардик».

«Ниҳоят уни йўл четига кўмишди. Лекин шаҳар кўчаларида жасадлар бўлмаслиги учун юк машиналарда келиб, уни ва бошқа жасадларни кавлаб олишди, кейин машинага улоқтиришди. Биз, болалар, бу жараённи бир четдан кузатиб ўтирар эдик. Машиналардан кўздан ғойиб бўлгандан сўнг биз ҳам тушлик қилгани кетдик. Тушликка маккажўхори унидан бўтқа тайёрланган эди, лекин менинг кўз ўнгимдан суяклари титилиб кетган кийим унгурларидан чиқиб турган жасадлар кетмас эди. Овқатимни ея олмадим, кўнглим беҳузур бўлиб кетди».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Вернер 1936 йилда туғилган

Ўша давр ислари, овозлари «Уруш фарзандлари»даги хотиралар билан бирга бизнинг замонамизга ҳам кириб келди. «Кўпчилик ҳали-ҳануз бомбапаноҳда қандай жон сақлаганликлари, огоҳлик сиренаси чинқириғи, ҳаво ҳужумлари, катталар юзидаги қўрқув, узала тушиб ётган жасадлар, ярадорлар, жонига қасд қилганлар танаси, вайрона уйлар ҳақида хотирлайдилар. Вайронагоҳларда қандай қилиб ўйнаганликлари ҳақида ҳам эслайдилар,» деб ёзади Александра Зенффт китоб сўзбошисида. Александра нацист жиноятчисининг невараси (Ганс Элард Людин Словакияда Германия элчиси сифатида фаолияти давомида 70 мингдан ортиқ Словак-яҳудийларини ўлим лагерларига депортация қилган шахс эди) ва «Ўтмишнинг узун кўланкаси» китоби (унда бобосининг ёвуз қилмишларидан хабар топгандан кейинги ҳолатини тасвирлайди) муаллифидир.

«Отанг ёки онанг жиноятчи эканлигини тан олиш, уларга бўлган муҳаббатинг ҳаққи-ҳурмати бу ҳақиқатга кўз юмиш… Бу иккиюзламачиликка олиб келади ва чидаб бўлмас азоб юклайди киши қалбига,» деб ёзади Зенффт.

«Яқинлари қўл урган қабиҳликларни яшириб юриш кун келиб авлодлар онгига ўнглаб бўлмас зарар етказиши мумкин. Севимли ва севувчи ота бир вақтнинг ўзида қандай қилиб ёвуз қотил эканлигини қабул қилиш оғир синовдир».

«Жуда озчилик қалбида ҳам севимли ота-она ҳам жиноятчи қиёфасини тенгдан сақлашга ҳаракат қилади. Лекин аксарият ёки ота-онаси қўл урган жиноятни инкор қилади ёки улардан воз кечади».

Урушдан сўнг анча вақт ўтган бўлсада, хотиралар ҳеч қаёққа йўқолмаган.

«Kriegskinder, яъни уруш фарзандлари ўзларини қийнаган хотираларни биз - набираларга етказишган, - ёзади Зенффт. - Психологларнинг қайд этишича, кўплаб набиралар боболари қўл урган амалларни шахсий ҳаётларининг бир қисмига айлантиришган».

Хелвиг ўз фарзандлари пайдо бўлгандан кейин бундайин хотиралар қийноғи ҳақида янада кўпроқ ўйлай бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Аннелиза 1938 йилда таваллуд топган

«Мазкур китоб ғояси дўстларим билан фарзандларимизда ватанимиз яқин ўтмишига қизиқиш пайдо бўлиши учун нималар қилишимиз, ўтмиш ҳақида сўзлаб, уларда масъулият шаклланиши учун нималарни ҳикоя қилишимиз мумкинлиги тўғрисида суҳбатлашганимдан сўнг пайдо бўлган».

«Шундай суҳбатларнинг бирида англадимки, баъзида биз ота-оналаримизда гувоҳи бўладиган ғалатилик уларнинг болалиги уруш вақтида ўтганлиги билан изоҳланиши мумкин экан. Шундан сўнг ўша давр хотираларини тўплашга бел боғладим».

Шундан сўнг Хелвиг кексалар билан суҳбатга киришишни ўзига асосий мақсад қилиб олди. «Ҳар бир немис Холокост ҳақида яхши билади, у тўғрисида мактабда ўргатишади, кўплаб ҳужжатли материаллар чоп этилган… лекин немис оилаларида сўзланилмайдиган бир ҳолат бор - бу сизнинг бобонгиз уруш вақтида қўл урган амаллар ва уларнинг оқибатларидир. Бу, ҳудди, табуга айланиб қолган».

Уруш фарзандларининг ҳаммаси ҳам хотиралар ҳақида сукут сақлашни афзал билмайди. «Мазкур авлод узоқ йиллар давомида хотираларни ўзи билан сақлаб келган. Биз суҳбатга чорлаган кексаларнинг аксарияти хотиралари билан очиқ ўртоқлашишдан тортинмадилар. Уларнинг фикрича, бу хотиралар кўпчиликка қизиқ бўлиши мумкин».

Хелвиг китоби кўп нарсани ўзгартиришига умид қилади. «Хотираларни ўқиганда ўзгача ҳисларни туясиз. Ҳислар эса қизиқувчанлик ва янгидан-янги саволларни пайдо қилади. Ўша даврга холис баҳо бериш учун янада очиқроқ суҳбатларни истаб қоласиз,» дейди Хелвиг.

«Гап бор айбни бутун бошли авлод гарданига юклаб қўйиш ҳақида кетмаяпти. Турли авлод вакилларини очиқ суҳбатга чорлаш жуда муҳим».

«Kriegskinder» китоби Исроиллик психолог, психотерапевт, нацизм ҳақида хотиралар ва Холокост оқибатлари бўйича тадқиқотчи Дана Бар-Онадан келтирилган қуйидаги иқтибос билан якунланади: "Қуролли ихтилофлар жамиятда тилга олинмаслик маъқул кўриладиган мавзуларни пайдо қилади. Жиноятчиларнинг амаллари қурбонларнинг азоблари ва бу жараённи четдан кузатган учинчи томон каби йўқликка ғарқ бўлади. Мазкур сукут авлоддан авлодга кўчиб ўтади".

«Уруш фарзандлари» дунёда кескин ўзгаришлар содир бўлаётган бир вақтда чоп этилган.

«Китобда кўплаб йил олдин содир бўлган воқеалар яна тилга олинади, лекин бу ўша воқеалар қайтадан такрорланмаслигини англатмайди, - таъкидлайди Хелвиг. - 2014 йили китоб устида иш бошлаганимизда дунё ҳозиргидан кескин фарқ қилар эди».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Карл 1941 йилда туғилган

"Мен немис дўстларимга уруш вақтида ўтган болалик ҳақида китоб ёзаётганлигим ҳақида сўзлаганимда уларнинг муносабати тахминан бундай бўлди: «Қизиқ. Бу ҳақида ҳозир гапиришимиз шартмикан? Германиянинг аҳволига боқ».

«Меркел ва Обама даври эди ва, тўсатдан, орадан икки йил ўтиб Германия, Европа ва Америкада умуман бошқача вазият юзага кела бошлади».

Ўзининг сўзбошисида Зенффт одамларнинг хотиралар ҳақида сукут сақлаши қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида алоҳида таъкидлайди.

«Тадқиқотларга кўра, руҳий жароҳатлар ва стресс авлоддан авлодга кўчиши мумкин. Агар бунга чек қўйилмас экан, бу ҳолат чексиз давом этаверади».

Хотираларни мажбуран яшириш фақат бир оила доирасига тегишли бўлмайди. «Оила ичида бўғилган ва гилам остига яширилган хотираларнинг кун келиб жамият ва сиёсатга суқилиб киришига қаршилик қилиш имконсиз».

«Тўйиб овқатланишга имконимиз бўлмагани туфайли мени Швецариядаги бувимнинг синглисиникига юборишди. Унинг эри мебелларга қоплама тайёрловчи уста эди. Уйдан ошланган терининг ёқимли ифори анқирди, лекин квартира бўйлаб чумолилар чопиб юрарди. Бувим чумолиларни чўчитиш учун полга селедка балиғи бошчаларини қўйиб чиққанди».

"Квартирада ҳашамдор диван бўлиб, унда кичик рисолалар уйилиб ётарди. Кундузлари бувим тез-тез Цюрихга кетарди ва у уйда йўқ кунларнинг бирида рисолаларни варақлаб кўришга жазм қилдим. Уларни очиб кўрганимда вужудимни даҳшат қоплай бошлади. Рисолалар Германиядаги ўлим лагерлари ҳақида эди ва у ердаги жараён суратлар билан изоҳланганди… Шаҳар кўчаларидан бирида сайр қилиб юрганимда ортимдан кимдир келиб, бўйнимга қаттиқ туширди ва қичқирди: «Исқирт немис!» Мен йиғлаб юбордим".

«Бўйи пакана рус аскарлари оиламиз фермасини эгаллаб олиб, отларимизни миниб юришарди. Улар вовуллагани учун катта кеесхонда (немис зотдор ити)мизни отиб ташлашди. У менинг дўстим эди. Аскарлардан бири мени отга ўтқазиб, қишлоқ бўйлаб сайр қилдирди».

«1945 йилдаги туғилган кунимда онам биз - болалар, бувим ва бошқа бир неча қариндошимиз билан Ғарб томон қочишга қарор қилди. Шошилганидан оёқ кийимимнинг ўнг пойини чапига, чапини ўнгига кийдириб қўйди. Кун бўйи тўхтамасдан юрдик. Оёғим оғришидан қанчалик шикоят қилмай, онам мени эшитмасди ҳам».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Рене 1937 йилда таваллуд топган

«Йўл чети бўйлаб одамлар ва отларнинг жасадлари аралашиб ётарди. Биз пичанхоналар, ташландиқ фабрикалар, поездлар, бит босган лагерлар ва шўрва тўкилган қўланса кўчма ошхоналарда тунардик. Баъзида бизни устимиздан бомба ёғдирар эдилар. Тинимсиз юрар эканмиз, бувим ва бир қанча қариндошларимиз ҳаётдан кўз юмишди. Фақат мен, онам ва синглим омон қолдик, холос».

"Руслар келишганда бизнинг кичкинтой Лизбет ичи Гитлер сурати туширилган варақаларга тўла қутига кириб олди. Уйдаги ҳамма ойналар тўкилиб тушган эди. Ойим биз, болалар, билан ҳовлида ўтирар эди. Уни фикрича, бизга ҳеч ким тегинмас эди, гўё. Аскар уй ертўласидан чиққан пайт мен унинг иштонидан тортқилаб қичқирдим: «Лаънати ўрис! Лизбетни тинч қўй!». Ва у менга тегинмади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Петер 1941 йил туғилган

«Рўпарадаги вилладан даҳшатли шовқин эшитилди ва бувим у ерга боришга аҳд қилди. Виллада зўрланган она ва қиз ялонғоч ҳолда каравотда ётишар, уларни сўйиб кетишган эди. Бувим ширакйф руслар кўздан йўқолмагунча ортидан аламдан қичқириб қолди. Шифокор бўлган онам иккала аёлни текшириб кўриб, улар ўлганлигини тасдиқлади. Биз уларни боғга дафн қилдик.»

«Ҳар куни одамлар бизнинг уйимиз олдидан ўтишарди. Радиодан Силезияни тарк этиш лозимлиги ҳақида эълон қилишгандан кейин биз бошқаларга қўшилиб, шарққа томон йўлга чиқдик. Қош қорайиши билан биз катта йўлга чиқмасликка ҳаракат қилардик, ҳамма ўзига тунаш учун жой ахтарар эди».

«Кунлардан бирида биз мушуклари кўп кекса аёл уйидан тунашга жой топдик. Биз тушликка ўтирган пайтимиз мушукчалар стол-стул атрофида нимадандир ҳавотирлангандек ёввойиларча сакрай бошлади. Бувим бу ҳолатдан аччиқланар эди».

«Аёл уйида қолишга рухсат бермади ва биз эски шахтадан паноҳ топдик. Сиреналар чинқирай бошлаганда ҳаммани илкис қўрқув қоплади. Шахта ёпирилиб кирган одамларга тўлиб кетди. Кимдир қоқилиб тушди ва оломон унинг устидан тепкилаб ўтарди. Мушуклар бизни хавфдан огоҳлантириб, ҳаётимизни сақлаб қолганди».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Вольф-Дитер 1941 йил туғилган

«Онамнинг қорни қаттиқ оғриб азоб берар, лекин у охиригача сабр қилишга интиларди. Ниҳоят, қўшнимиз онамни шифохонага олиб борди. У ерда онамнинг кўричаги ёрилиб кетгани ва фасод қорин бошлиғига ўтиб кетганлиги ҳақида айтишди. Фақатгина пенициллин ёрдам беради, дейишди. Уни эса фақат қора бозордан топиш мумкин эди. Холам пенициллин топиб келганда жуда кеч бўлганди».

«Онамни ваннахона ва коридор ўртасидаги тор жойга ётиқизишди. Ундан йиринглаган тўқима ҳиди анқирди. У сув сўради. Мен эса кўзимда ёшим билан унга лимонад топиш мақсадида шаҳар бўйлаб чопиб юрардим. Ҳеч қанча вақт ўтмай у дунёдан кўз юмди».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Гизела 1939 йилда таваллуд топган

«Қиш шунақанги совуқ келган эдики, Рейн сувларида катта-катта музлар оқиб юрар эди. Шаҳар вайроналарга тўла, вайроналар эса биз, болалар, учун ажойиб ўйин майдончаси эди. Мактаб йўлидан юраётиб кичик черков ёнига келиб қолдим. Черковнинг қўнғироқ минораларидан бири вайрон бўлган, иккинчисида ҳамон қўнғироқлар осилиб турарди. Онамнинг айтишича, бу ерда бир вақтлар шифохона бўлган ва мен унда туғилган эканман. Эндиликда унинг ўрнида фақат деворлар қаққайиб турарди. У худди биз урушгача истиқомат қилган Блюнменталштрассдаги уйимизнинг ҳозирги ҳолатини ёдга соларди. Мен вайрон бўлган уйимизнинг пўлат балконидан гўдаклигимдаги аравачам қолдиқларини топиб олган эдим».

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Ханнелора 1936 йилда туғилган
Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Хорст 1941 йилда таваллуд топган

«Кёлн соборига унча зарар етмаган эди. Унинг бир қисмига бомба ёки снаряд тушган эди. Минора қулаб тушмаслиги учун бомба ҳосил қилган тешикни пишган ғишт билан тўлдириб қўйишган эди. Гогентсоллерн кўприги бутунлай бузилиб тушган, ундан қолган қолдиқлар Рейн остида ётарди. Унинг ўрнида америкалик аскарлар вақтинчалик кўприк барпо қилишган ва унга Паттон деб ном беришган эди. Паттон америкалик генералнинг исми эди. Автомобиллар, айниқса, юк машиналари бу кўприкдан ўтганда унинг ёғоч қопламалари оғир ғичирлар эди».

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ