Сурия инқирози: Кучлар тўғридан-тўғри тўқнашадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Иттифоқчилар

Туганмас инқирозлар каби Сурия муаммоси ҳам бир қанча кичик урушларга бўлиниб кетди.

Инқирознинг асл бошланиши бўлган Сурия ҳукумати ва уни йўқ қилиш ниятидаги мухолифат ўртасидаги қарама-қаршилик ҳозирги кунда деярли ўз аҳамиятини йўқотди. Президент Ассад позицияси тубдан ўзгарган бўлсада, унга қарши турадиган кучлар деярли қолмади, бўҳрон давомида қўлланиб келинган «исёнчи» тушунчаси эса истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолди.

Бир вақтлар оғир жангларга гувоҳ бўлган мамлакатнинг улкан ҳудудларида ҳануз қарама-қарши кучлар таъсир доираси учун кураш олиб бормоқдалар, ҳукумат эса бу жойларда назоратни қўлга олиш уддасидан ҳозирча чиқолмаяпти.

Инқирозга ташқаридан таъсир ўтказиб турган давлатлар йиллар давомида дипломатиядан тортиб ошкора ҳарбий интервенцияга қадар усуллар билан воқеалар ривожини бошқаришга уриниб келмоқдалар.

Бундай ташқи кучларнинг инқирозга энг кўп аралашгани Россия ва Эрон бўлиб қолмоқда. Улар инқирозни молиявий, сиёсий ва ҳарбий таъсирлар орқали ўз манфаатлари ўзани томон буриб юборишга ҳаракат қилиб келдилар.

Туркия ҳарбийлари Сурия тупроқларига кирди

Ушбу икки давлат, ўз навбатида, Сурия бўҳронида энг кўп таъсир доираси ва қудратга эга бўлган ўйинчиларга айландилар, лекин шунга яраша жанг майдонларида етарлича аскар ва президент Ассадни ҳокимиятда сақлаб қолиш йўлида улкан маблағни бой беришга мажбур бўлдилар.

АҚШ таваккалчиликка кўп қўл урмади - исёнчиларни тўлиқ ва ошкора қўллаб-қувватламади. Шунчаки дипломатларнинг хайрихоҳ нутқлари ва кичик ёрдамлар билан чекланди. Натижада расмий Вашингтоннинг инқирозга таъсири кескин чекланди, мақсадлари доимий равишда ношаффофлигича қолди.

Туркия ҳам инқироздаги асосий ўйинчилардан. Аввалига исёнчиларни очиқ дастаклаган Туркиянинг диққати, кейинчалик, ўз чегараси ёнида мустақил давлат ташкил қилиш ҳаракатида бўлган суриялик курдларга қаратилди. Уларнинг мақсадига тўсқинлик қилиш ниятидаги Туркия Сурияга очиқ ҳарбий интервенция билан бостириб кирди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
АҚШ Сурия ҳаво базасини ҳужумга тутди

Жанубда эса Исроил инқирозга очиқ аралашишдан тийилиб келмоқда. Суриянинг қўшниси - Ливанда 16 йил давом этган даҳшатли фуқаролар урушига бош суққан Исроил яна бир бор оғир талафотлар ва кутилмаган воқеалар ривожига етакловчи инқирозга аралашиб қолишни истамаяпти. Исроил ўзига яқин бўлган Сурия ҳудудларида жойлашган эҳтимолий Эрон ҳарбий базалари ва Ҳезболлоҳга қарашли қурол-яроғ омборларини ҳаводан нишонга олиш билан чекланиб келмоқда.

Деярли етти йилдан бери давом этаётган инқирозга аралашган мазкур ташқи кучларнинг манфаатлари доим бир-бирига тескари бўлган. Айнан ўзаро якдил манфаатларнинг мавжуд эмаслиги эса инқирозни тўхтатишга бўлган уринишларни чиппакка чиқармоқда.

Бироқ манфаатлар қанчалик тўқнашмасин, ташқи ўйинчилар билвосита уруш орқали тўғридан-тўғри қарама-қаршиликдан сақланишга интиладилар.

Зиддиятлар ўта кескинлашганда эса томонлар очиқ тўқнашувдан тийилиб, ортга тисариладилар. Оқибатлардан эса, ҳар доимгидек, сурияликлар азият чекиб қолаверади.

Умумий мақсад

"Исломий Давлат" аталмиш гуруҳнинг бош кўтариши томонларни инқирозга бошқача назар билан қарашга мажбур қилди ва воқеалар ривожини янада кескинлаштириб юборди. Бироқ Исломий Давлат шу пайтгача бир-бирини қириб келаётган душман томонларни маълум вақт норасмий иттифоқчиларга айланишига сабаб бўлди: томонларнинг деярли ҳар бири Исломий Давлатни умумий душман сифатида кўра бошлади.

Америкаликлар, руслар, эронликлар, турклар, курдлар ва, ҳатто, Ассад режими Исломий Давлатни енгиш учун бор кучларини сафарбар қилдилар. Натижада улар маълум вақт умумий душманга қарши курашаётган кучларга айландилар.

Исломий Давлатга қарши йўналтирилган куч ўзини оқлади. Жиҳодчилар деярли барча ҳудудидан айрилиб, майда гуруҳларга сочилиб кетди.

Бироқ умумий душманга қарши кураш авжида давом этаётган бир пайтда келажак учун янги мураккабликлар пайдо бўлаётган эди.

Америк қўлловини олган курдлар Исломий Давлат жангариларидан тозаланган улкан ҳудудларга эга бўлиб олган, бу эса Туркияни ташвишлантира бошлаган эди.

Ассад режими қайтадан оёққа тураётган бир пайтда Россия ва Эрон Сурия сарҳадларида янада мустаҳкамроқ ўрнашиб ола бошлади.

ИШИД парчалаб ташлангандан кейин АҚШнинг Суриядаги мақсадлари янада ноаниқлик томон юз тутди, унинг инқирозга таъсири ҳам шунга яраша камайди.

Жангларда пишган Ҳезболлаҳ ва эроний жангчилар ўз чегараси томон янада яқинроқ силжиган сари Исроил ҳам эҳтиёткорлик ила вазиятни кузатганча ҳарбий фаолликни оширмоқда ва инқирозга очиқ аралашишга тайёрланмоқда.

Музокаралар столи атрофида қанчайин тинчликни таъминлаш борасида суҳбатлар ўтмасин, мамлакат ҳудудларида ўт очишни тўхтатиш ҳақида қанчалик келишувларга эришилмасин, Сурияда ҳамон бомбаларнинг овози сўнмаяпти.

Зиддиятнинг янада кучайиш хавфи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жабрдийдалар

Сурия инқирози янада чигаллашиб кетиши мумкин, дейиш исталган шахсни умидсизлик томон етаклайди.

Лекин ташқи ўйинчилар томонидан олиб борилаётган билвосита урушнинг кескинлашиши, манфаатлар тўқнашувининг жиддийлашиши томонлар парда ортидан чиқиб, тўғридан-тўғри тўқнашувга киришиб кетиши хавфидан дарак бермоқда.

Яқинда содир бўлган воқеалардан кўриш мумкинки, ташқи кучлар билвосита тўқнашувлар жиддийлашган замон ҳар доим ҳам ортга бироз чекинишнинг уддасидан чиқа олмаслиги мумкин.

Исроил ҳаво ҳудудига кириб қолган Эронга қарашли дронни тутиш учун ҳаракат қилаётган Исроил ҳарбий учоғи ўз сарҳадида Суриядан отилган ракета билан уриб туширилиши шундай воқеалардан бирига яққол мисол бўла олади. Мазкур воқеа шу вақтга қадар нисбатан сокин бўлган Сурия жануби ҳам Исроил ҳарбий интервенцияси орқали уруш майдонига айланишига сабаб бўлиши мумкин.

Айни воқеа АҚШ-Курд ҳарбий базаси томон ҳаракатланаётган россиялик ёлланма жангчилар америкаликлар томонидан ўлдирилган бир пайтда содир бўлди. Бу томонда эса НАТО аъзоси ва АҚШнинг ҳарбий иттифоқчиси бўлмиш Туркия америкаликларнинг бошқа бир иттифоқчиси - курдларга қарши шиддатли жанглар олиб бормоқда.

Ҳозирча ташқи кучлар очиқ қарама-қаршиликдан тийилишнинг уддасидан чиқиб турган бўлсада, Суриядаги урушнинг яқин орада барҳам топишидан умид йўқ. Бироқ инқирозда иштирок этаётган барча ўйинчиларнинг манфаатлари бир-бирига тескарилигича қолмоқда. Бу эса келажакда улар ўртасида тўғридан-тўғри қарама-қаршиликлар юзага келиши эҳтимоли сақланиб қолаверади, деган маънони англатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар