«Қандай қилиб мен адашиб жиҳодчиларга қўшилиб қолдим»

Image caption Алберт бугун

300 нафардан ортиқ косоволиклар Сурия ва Ироқда 'муқаддас уруш' олиб бораётган исломий жангариларга бориб қўшилганлар - бу рақам аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Европадаги энг юқори кўрсаткичдир. Бироқ шаҳид бўлиш орзусидаги косоволикларнинг барчаси ҳам умумдунёвий эталонга айланиб қолган «жиҳодчи» қиёфасига мос келмайди. Ҳелен Нианиас Косова пойтахти Пристинада олифта кийинган ёш эркак билан бир финжон қаҳва устида суҳбат қуради.

Калта соқол қўйган, тўқ мошранг пальто кийиб олган бир йигит хаёл сурганча қаҳвахона столлари орасидан мен томон келарди. Жойлашар экан, унинг юзида бироз хижолатлик аломатларини кўриш мумкин эди.

Бу йигитнинг исми Алберт Бериша. Ёши 31 да. У беш йил олдин Сурияга жангларда қатнашиш мақсадида борган.

«Бунга ишониш қийинлигини биламан, лекин бу воқеа содир бўлди,» ҳикоя қилади Алберт ўзининг тўққиз кунлик турли экстремист гуруҳлараро хотиралари ҳақида. «Ўз фикрингни аниқ изҳор қил ва диққатингни бир ерга жамла,» изоҳлайди Сурия президенти Башар ал-Ассад кучларига қарши жанг қилишга борган Алберт ўз мақсадларини.

АҚШлик тадқиқотчи: 'Ўзбеклар террорчи эмас'

Яқин Шарқ: Ўзбекистонлик ‘1500 ИШИДчи’ жангарига нима бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Сурия

«Витнаил ва Мен» бадиий филмидаги каби Алберт ҳам Сурияга 'хато туфайли' бориб қолган, ноўнғай ва даҳшатли муҳит ичра аросатда юрган. Атиги бир неча кунга чўзилган давр мобайнида муқаддам ал-Қоида билан қўшилган ва асосан хорижий жангарилардан иборат ал-Нусра Фронти Албертни ўз сафига олишга ҳаракат қилади. Бироқ Алберт улардан кетади ва этник албанлардан ташкил топган бошқа бир гуруҳга бориб қўшилмоқчи бўлади. Бу гуруҳ ҳам Исломий Давлат таркибига ўтиш тадоригида эканлигидан хабар топган Алберт ундан ҳам кетади.

Алберт албанлардан ташкил топган гуруҳ курдлар билан жангда банд бўлиб қолган чоғда қочишга муваффақ бўлганлигини айтади. Шундан сўнг у террорчи гуруҳ сифатида таснифланмаган Аҳрор ал-Шом номли исломчилар ва салафчилар иттифоқига қўшилишга қарор қилади. Янги гуруҳда Калашников автоматини қандай қисмларга ажратиш ва қайтадан йиғишни ўргатишади, лекин Албертнинг жангларда иштирок этиш орзуси ҳеч қачон амалга ошмайди. Орадан беш кун ўтган сўнг Алберт Суриядаги ҳаёт, мазлумларни озод қилиш йўлидаги жангларда иштирок этиш ўзи ўйлаган романтик орзулар билан мос келмаслигини англаб етади.

«Мен 'шунчаки инсонпарварлик кўмаги таклиф қилиш учун бордим' дейдиганлар каби ёлғон сўзлашни истамайман,» дейди Алберт. «Мен тайёргарликдан сўнг жангларда иштирок этишни чин дилдан истаганман. Мен ҳеч қачон истамаган нарса эса бирор террорчи гуруҳга қўшилиб қолиш эди.»

Болалиги Косовонинг Сербия билан икки йиллик уруши даврида ўтган Алберт учун қўлга қурол олиш у қадар қўрқинчли ғоя эмас эди. Ўзининг айтишича, Сурияга боришдан олдин мутаассиб эмас, балки шунчаки аҳмоқ бўлган. Суриядаги жиҳодий ҳаёт ҳақида кўпроқ интернетдаги видеолардан илҳомланган.

«Мен Ассадга қарши курашаётганлар ичида жиноятчилар йўқ, деб ўйлаган эдим,» дейди у. Алберт мухолиф гуруҳлардагиларни 'фақатгина оддий аҳолига ёрдам бериш истагидаги оқкўнгил одамлар' деб тасаввур қилгани ҳақида ҳикоя қилади.

Сурияда 'оқкўнгил одамлар' ўрнига эса таъсир учун бир-бирининг қонини тўкаётган, арзимаган сабаб туфайлибир-бирига душман бўлиб қолаётган исломий гуруҳларни кўради. Улар оддий аҳолини ҳимоя қилиш ўрнига кўпроқ зарар келтирар эди. Ўз командирига келишдан олдин муҳим қоидалардан бирини бажармаганлигини тушунтиргандан кейин Албертни Аҳрор ал-Шом сафларидан чиқаришади ва у уйига қайтади. Алберт келишдан олдин онасидан рухсат сўрамаган эди. Алберт атиги икки ҳафтача Косовода бўлмади. Онаси эса унинг Сурияга бориб-келганлигини билмади ҳам.

Албертни 2014 йили оиласи уйида ҳибсга оладилар. Шундан сўнг у терроризмга уриниш билан айбланиб уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинади. Ҳозирда Алберт суд қарорига нисбатан норозилик шикояти берган. Агар шикоят рад қилинса, унинг қамоққа кетишдан бошқа чораси қолмайди.

У ердан чиққан жиҳодчилар сони кўплиги сабабли Косово «Европанинг жиҳодий маркази» деб ном олган. Исломий жиҳод бу ерда ўта нозик мавзу. Ҳукумат расмийларининг бири билан суҳбатда жиҳодчилар мавзусини кўтарар эканман, суҳбатдошим жаҳл билан интервьюни тўхтатиб қўяди. Унинг айтишича, Косовонинг жиҳодчиларга тўлиб-тошганлиги борасидаги гаплар "рус ва серб пропагандаси" экан.

Яқин Шарқда Исломий Давлат парчалаб ташлангандан сўнг ватанига қайта бошлаган косоволик жиҳодчилар мавзуси ҳозирда энг долзарб бўлиб қолмоқда. Косовонинг бош вазири Рамуш Ҳарадинаж жиҳодчи ватандошларини ортга қайтариш истагида эканлигини маълум қилади. Бошқа давлатлар эса бу мавзуга кескинлик билан ёндашмоқда. Масалан, Буюк Британия жиҳодчи британияликларни фуқаролигидан маҳрум қилмоқда.

Алберт ва унинг дўсти Арбер «Хавфсизлик, интеграция ва дерадикализация институти» номли ташкилотга асос солганлар. Улар одамларни жиҳодчиларга қўшилиш фикридан қайтариш, интернетдаги жиҳодий тарғиботларга қарши курашишни ният қилган. Шунингдек, улар ортга қайтганларга тўғри йўл топишда ёрдам бермоқчи, лекин уларнинг қанча қисми радикал ғоялардан воз кечиши мумкинлигини билмасликларини тан оладилар.

Алберт 34 ёшигача қамоқдан озод қилинишига умид қилмоқда.

«Болалигимда яқинларим мени машҳур сиёсатчи бўлади деб ўйлар эдилар, лекин матбуотда террорчи сифатида танилдим,» дейди афсус билан.

Алберт ҳақ, унинг ҳикоясига ишониш қийин эди. Ҳозирда унинг ўзи ҳам қўлида қурол тутганча ал-Қоида таркибидаги гуруҳлар ёки Исломий Давлат учун жанг қилиб юрганини тасаввур қила олмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар