"Исландиянинг хатна тақиқини қоралаймиз"

Baby Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Исландиядаги Мусулмон, Яҳудий ва Насроний раҳбарлар хатнани тақиқлаш қонунини қораладилар, ушбу амал диний эркинликка ҳужум дея таърифламоқдалар.

Исландия парламенти муҳокамасига нотиббий мақсаддаги хатнани тақиқлаш қонуни лойиҳасини "Прогрессив партия" февраль ойи бошида тақдим этди.

"Прогрессив партия"дан парламент аъзоси Силжа Догг Гуннарсдоттир айтишича, ушбу қонун билан болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаганлар.

"Биз болалар ҳуқуқи ҳақида гапиряпмиз, диний эркинлик ҳақида эмас", деб айтган Силжа Догг Гуннарсдоттир.

"Ҳар ким хоҳлаган нарсасига ишонишга ҳақли, бироқ болаларнинг ҳуқуқлари эътиқод ҳуқуқидан юқори турмоғи лозим", деб айтган парламент вакили.

Қонун лойиҳасида айтилишича, хатна бу - "боланинг танасига чидаб бўлмас оғриқ пайдо қиладиган аралашувдир".

Кимки "боланинг жинсий аъзосининг бир қисми ёки бутун жинсий аъзосини" олиб ташласа, 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши лозим, дейилган қонун лойиҳасида.

Агар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда парламент аъзолари маъқулласалар, сўнг парламент қўмитаси тасдиғидан ўтиши талаб қилинади.

Ана ундан кейин қонун кучга киради.

Агар тасдиқланадиган бўлса, Исландия Европадаги хатнани тақиқлаган илк мамлакат бўлади.

Бу мамлакатдаги мусулмонлар сони 1500 кишини, яҳудийлар эса 250 кишини ташкил этади.

Исландияда 2005 йили айрим халқларда урф бўлган аёл жинсий аъзосини шикастлаш(Female Genital Mutilation - FGM) амалиётини тақиқлаган эди.

Янги қонун тарафдорлари хатни тақиқини ўша 2005 йилги тақиққа қиёсламоқдалар.

Нордик Яҳудийлар жамияти шу муносабат билан очиқ хат эълон қилган, ушбу тақиқ яҳудий динидаги "энг марказий удум"га қаратилгани айтилган.

"Сиз Яҳудийликка ҳужум қилмоқдасиз, бу ҳужумингиз бутун дунёдаги яҳудийларни хавотирга солади", дейилади мурожаатда.

Яҳудийларнинг Milah UK гуруҳи FGM ва ўғил бола хатнасининг бир-бирига таққосланаётгани ноўриндир.

Чунки ўғил бола хатнаси "боланинг организмига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатмайди".

Исландия Исломий Маданият маркази раҳбари, Имом Аҳмад Сиддиқ ҳам янги қонун ташаббусини қоралаб чиқди.

"Бу... динимизнинг бир қисмидир. Бу бизнинг динимизга бевосита дахл қилади ва менинг ишончим комил, бу диний эркинликка ҳам зид келади", деб айтган Имом Аҳмад Сиддиқ.

Рейкявик Бишопи Агнес М. Сигурдардоттир айтишича, бундан кейин мусулмон ва яҳудий одамлар ўзларини Исландияда "хуш қаршиланмаган ҳис қиладилар".

"Хавф кўпаяди, агар бу лойиҳа қонунга айланса, Яҳудийлик ва Ислом жиноийлаштирилган динларга айланади. Биз экстремизмнинг ҳар қандай шакли олдини олмоғимиз лозим", деб айтган насроний раҳбар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ