Сурия ҳукумати оташкесимга амал қилмасдан Ғутани бомбалади

Шарқий Ғута бир ҳафтадан бери бомбардимон қилинади Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Шарқий Ғута бир ҳафтадан бери бомбардимон қилинади

БМТ томонидан жума куни Ғута бўлгасида оташкесим эълон қилишига қарамасдан Сурия ҳукумати исёнчилар қўлидаги шаҳарни ҳаводан бомбалади. Дамашқ яқинидаги Шарқий Ғута анклавида бир ҳафта тинмаган бомбардимон юзлаб одамларнинг умрига зомин бўлган.

БМТнинг кечиктирмасдан 30 кунлик оташкесим жорий қилиш талабидан бир неча соат ўтиб бошланган ҳужумларга қуруқликдан бостириб кириш ҳам қўшилган.

Якшанбу куни Франция ва Германия оташкесимга амал қилиш учун Сурия ҳукуматига босим ўтказишни сўраб Россияга мурожаат билан чиқди.

Германия канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия Президенти Владимир Путинга қилган қўшма қўнғироғида БМТ резолюциясининг амал қилинишида ёрдам сўраган.

БМТ резолюциясида Ғутага ёрдам етказиш ва тиббий эвакуацияни амалга ошириш келишиб олинганди. Бироқ оташкесим йирик жиҳод гуруҳларини қамраб олмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Оташкесим шартлари ичида муҳтожларга ёрдам олиб киришга изн бериш ҳам бор эди

Ушбу ҳудуд Дамашқ ёнидаги исёнчилар томонидан қўлга киритилган энг йирик минтақа ҳисобланади.

Якшанба куни нима содир бўлди?

Нью Йоркда оташкесим келишуви имзоланганидан сўнг ҳукумат учоқлари исёнчиларга қўл остидаги шаҳарга ҳаводан ҳужумни бошлади. Айтиш жоизки, ҳужумлар бошқа кунлардагига қарганда пастроқ даражада ташкил қилинди.

Сўнгги ҳужумлар натижасида камида 3 одам ҳалок бўлган. Шарқий Ғутадаги исёнкор гуруҳлардан бири бир неча ҳукумат аскарларини ўлдирганини айтган.

Британия жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқларини кузатиш марказининг таъкидлашича, ҳаво ҳужумлари Шарқий Ғутанинг энг йирик тумани бўлган Дума чеккаларини нишонга олган.

Марказ Сурия ҳукумат кучлари анклавнинг жанубий қисмида исёнчилар билан тўқнашуви натижасида икки томондан ҳам қурбонлар бўлганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шарқий Ғутага қилинган бомбардимон натижасида болалар ҳам жароҳат олган

Ҳам ҳукумат ҳам мухолифат кучлари якшанба куни Шарқий Ғутага киришга ҳаракат қилган.

Исёнчи гуруҳларнинг айтишича, ҳукумат исёнкорлар қўли остидаги жойларга бостириб киришга ҳаракат қилган, бироқ уларга етарлича қаршилик кўрсатилган.

Эрон оташкесимга амал қилишини таъкидлаган бўлса-да, Дамашқ четидаги унга кирмаган ҳудудларда ҳарбий амалиётларни давом эттиришини маълум қилди.

Эрон ва Россия Сурия Президенти Башар Ассаднинг асосий қўллаб қувватловчисидир. Улар Ассаднинг мамлакат бўйлаб ерларни ўз бошқарувига қайтариб олиши учун муҳим роль ўйнамоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар