Би-Би-Сининг БМТга мурожаати: Форс Хизматидаги ходимларимиз хавфсизлигидан хавотирдамиз

Image caption Би-Би-Сининг арзномаси БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг Женевадаги ўтказилиши режаланаётган мажлиси давомида тақдим этилиши кутилмоқда.

Би-Би-Си раҳбарияти Лондонда фаолият юритаётган Форс Хизмати ходимлари ва уларнинг Эрондаги оилаларига нисбатан қилинаётган таҳдидлар юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига арз қилди.

Би-Би-Сига кўра, Эрон ҳукумати Би-Би-Си Форс Хизмати ходимлари ва уларнинг яқинларига қарши қўрқитиш, таҳдид ва хорижга чиқишни чеклашдан иборат кампания уюштирмоқда.

Эрон намойишлари: Тартибсизликлар тўхтамаса Инқилоб Гвардиячилари аралашади

Расмий Теҳрон 2009 йилда бўлиб ўтган Эрон президентлиги сайлови жараёнларига хорижий кучларнинг таъсир кўрсатишга уринганлиги борасидаги иддао билан чиққандан буён Би-Би-Си Форс Хизмати фаолиятига нисбатан босим ўтказишга уриниб келмоқда.

Би-Би-Сининг арзномаси БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг Женевадаги ўтказилиши режаланаётган мажлиси давомида тақдим этилиши кутилмоқда.

Ҳибсга олиниш борасидаги хавотирлар

Ўтган йилнинг октябр ойида Би-Би-Си Форс Хизмати журналистлари Эронда отаси вафот этган ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йиғилдилар. Журналист фожиадан атиги бир ҳафта олдин Эронда яшаётган отаси оғир бетоб эканлигидан хабар топади.

Одатий ҳолларда, ушбу журналист зудлик билан Эронга бориб, сўнгги кунларида отасининг ёнида бўлар эди.

Бироқ Би-Би-Си Форс Хизмати ходимларининг Эронда ҳибсга олиниш эҳтимоли юқорилиги сабабли у отаси билан Skype тармоғи орқали суҳбатлаша олди, холос.

Хабардан бир ҳафта ўтиб, журналистнинг отаси ҳаётдан кўз юмди. Қариндошлари билан отасининг маъракасини ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлган журналистни ҳамкасблари қўллаб-қувватлашга аҳд қилдилар. Журналист отаси хотирасини Лондонда, ҳамкасблари даврасида ёд этиш билан кифояланишга мажбур бўлди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Эронда аёллар яна сайловда қатнашмоқдалар

Бу ҳолат Би-Би-Си Форс Хизмати учун янгилик эмас. Ўтган 10 йил давомида 30 дан ошиқ хизмат ходимлари яқинларидан ажралганлар ва таҳдидлар туафйли Эронга бориб, дафн маросимларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлганлар.

Эрон ҳукумати Би-Би-Си Форс Хизмати ходимларини «хорижий жосуслар» ёки «иғвогарлар», деб атайди. Журналистлар доимий қўрқувда яшашга мажбурлар - улар уйдан кимдир қўнғироқ қилиб, бирор яқинлари касал бўлгани ёки вафот этгани ёда хавфсизлик хизматлари томонидан сўроқ қилинишга олиб кетилгани ҳақида айтишидан хавотирда бўладилар.

Ўлим таҳдидлари

Би-Би-Си Форс Хизмати ходимларидан бирига Skype тармоғи орқали ўз ишидан воз кечиши ёки ҳамкасблари фаолияти юзасидан жосуслик қилиши лозимлиги, акс ҳолда 27 ёшли синглиси озодликка чиқарилмаслиги ҳақида айтилиб, таҳдид қилинган.

Журналистнинг синглиси Теҳрондаги ота уйидан хавфсизлик хизматлари томонидан олиб кетилиб, Эроннинг машҳур Эвин қамоқхонасида сақланган.

«Уларга йўқ жавобини берганимдан сўнг синглимни бир кишилик камерада 17 кун давомида ушлаб ўтиришди,» дейди журналист. У хавфсизлик хизмати ходимлари билан бўлган ҳар бир суҳбатни ёзиб олганлигини айтади.

Би-Би-Си Форсий телевидениесида бошловчи бўлиб фаолият юритувчи бошқа бир ёш аёл журналист ишидан воз кечилиши талаб қилинган таҳдид хати олганини маълум қилади. Унинг айтишича, таҳдидчилар журналистнинг 10 яшар ўғли қайси мактабда ўқиши ҳақида билишини маълум қилиб, босим ўтказмоқчи бўлган.

Би-Би-Си Форс Хизматида продюсер бўлган яна бир ходимнинг Теҳрондаги онаси махсус хизматлар томонидан терговга чақирилган.

Сўроқ давомида онага Лондонда ишлайдиган ўғли фаолиятидан воз кечмаса, бахтсиз ҳодисага учраши айтилган. Она бу таҳдидни жиддий қабул қилган, шунингдек, аксил-терроризм бўйича Лондон полицияси ҳам ходимнинг хавфсизлигини таъминлашни зудлик билан кучайтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Би-би-сига қарши намойиш

20 дан ортиқ Би-Би-Си Форс Хизмати ходимлари ёки уларнинг яқинлари ўлим таҳдидлари олишган. Ҳозирда улар полиция томонидан қаттиқ қўриқланмоқда.

Ўз ходимларига нисбатан давом эттирилган бир неча йиллик зўравонлик ва таҳдидлардан сўнг Би-Би-Си БМТга арзномаси орқали халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилмоқликка қарор қилди.

«Би-Би-Си БМТга арзнома билан мурожаат қилиш орқали мисли кўрилмаган қадам ташлашга қарор қилди. Сабаби босим ва таҳдидларни тўхтатиш борасидаги уринишларимиз Эрон ҳукумати томонидан батамом эътиборсиз қолдирилди,» дейди Би-Би-Си бош директори Тони Ҳол.

Ушбу қарор Эрон ҳукуматининг Би-Би-Си Форс Хизмати ходимларига қарши таҳдид кампаниясини янада кучайтиришга уриниши ортидан олинди.

Би-Би-Си Форс Хизматининг собиқ ва ҳозирда фаолият юритаётган 152 нафар ходими расмий Теҳрон томонидан «миллий хавфсизликка таҳдид солиш»да айбланган ва уларга нисбатан жиноий иш очилган. Шунингдек, аксар журналистларнинг Эрон банкларидаги ҳисоблари музлатиб қўйилган.

БМТ Бош котиби Антонио Гуттереш Эрон ҳукуматини Би-Би-Си Форс Хизмати ходимлари ва уларнинг оилаларига нисбатан қўзғатилган ҳамма жиноий ишларни бекор қилиш ҳамда «Би-Би-Си бўладими ёки бошқа хизмат, мустақил журналистик фаолиятга қарши чиқмаслик»ка чақирди.

Би-Би-Си Форс Хизматининг вебсайти, радиоси ва сунъий йўлдош телевидениесини, тахминан, 18 миллионга яқин эронлик ёки мамлакат аҳолисининг чорак қисми кузатиб боради. 12 миллионга яқин эронлик хизмат томонидан эфирга тайёрланадиган теледастурларни мунтазам томоша қилади.

«Борган сари кўпроқ эронликлар кучли назорат остидаги миллий матбуот хизматларига ишонч билдирмасдан, янгиликлар ва имкон қадар холис маълумотларни олиш мақсадида Би-Би-Си Форс Хизматига юзланмоқдалар,» дейди Би-Би-Си Форс Хизмати раҳбари Розита Лотфи.

2009 йилда кўплаб эронликлар президентлик сайлови натижаси сохталаштирилгани даъвоси билан норозилик ҳаракатлари бошлаган эди.

Эрон ҳукумати бир неча ой давом этган норозилик намойишларини уюштиришда Буюк Британия, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари, жумладан, Би-Би-Сини айблаб чиққан эди.

Ўша вақтда Би-Би-Сининг Теҳрондаги мухбири Жон Лейн бошқа халқаро журналистлар билан биргаликда мамлакатдан ҳайдаб чиқарилган эди. Шундан бери Эроннинг журналистларга қарши босими тўхтамади.

2017 йил октябр ойида БМТнинг Эрондаги сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус ҳисоботчилари Би-Би-Си Форс Хизмати атрофидаги вазият юзасидан мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифга мактуб йўлладилар.

Ҳисоботчилар журналистларнинг миллий хавфсизликка таҳдид қилиш билан айбланаётганликлари юзасидан изоҳ сўрадилар. Шунингдек, улар Би-Би-Сида фаолият юритиш миллий хавфсизликка қандай таҳдид уйғотиши мумкинлиги билан ҳам қизиқдилар. Орадан ойлар ўтибдики, мактубга ҳануз жавоб берилмади.

Шу вақтга қадар Эрон ҳукумати журналистларга нисбатан уюштирилаётган босим борасида бирор изоҳ бермаган. Инглиз дипломатлари ушбу масала ҳақида сўраган вақтда Эрон томони доимо мавзу ҳали «ўрганилаётгани» ҳақида айтади.

«Бу ерда гап фақат Би-Би-Си ҳақида кетмаяпти. Биз Эрон ҳукумати томонидан таҳдид ва босимга учраган ягона ташкилот эмасмиз,» дейди Тони Ҳол.

«Аслида бу масала янада жиддийроқ - у фундаментал инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek