Россия депутати кимга тегажоқлик қилди? Кимдан кечирим сўради?

Пикет Фото муаллифлик ҳуқуқи AMNESTY INTERNATIONAL

Россия Давлат Думаси аъзоси, таниқли депутатлардан бири Леонид Слуцкий ўзи "билиб-билмай" кўнглини оғритган аёллардан кечирим сўради.

Унинг оммавий кечирим сўраши россиялик уч аёл журналист депутатни жинсий тегажоғликда айблаб чиқиши ортидан интернетда пайдо бўлди.

Жаноб Слуцкий аёлларга нисбатан тегажоғлик қилганини рад қилади ва бундай даъво билан чиққан нозик жинс вакилларини унинг шахсига туҳмат қилиш важи асосида судга беришини айтмоқда. Депутат ўз узрномасида ҳеч кимнинг номини тилга олмаган.

Россияда жинсий тегажоғликни ҳуқуқий асосда аниқ таснифлайдиган қонунлар мавжуд эмас.

Ҳозирда АҚШ ва Ғарбий Европа каби минтақаларда авж олган юқори даражали секс-жанжаллар Россияда бирор марта ҳам кузатилмаган ва рус жамоатчилиги бундай мавзуларга жиддий кўз билан қарамайди.

Жаноб Слуцкий ўз узрномасида нима деди?

Депутат ўзининг Facebookдаги саҳифасида "Халқаро хотин-қизлар куни" муносабати билан шундай сўзларни қолдирди:

"Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзим билиб-билмай дилини оғритиб қўйган аёллардан кечирим сўрайман. Ишонинг, мен сизга ҳеч қандай ёмонлик раво кўрмаганман."

50 яшар депутат Давлат Думасида юқори аҳамиятга эга қўмиталардан бирига бошчилик қилади. У Владимир Жириновский раҳбарлигидаги Либерал-Демократик партиянинг ҳурматга сазовор аъзоларидан бири саналади.

Унга қарши қандай даъволар илгари сурилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи DONAT SOROKIN/TASS

Уч аёл журналист депутатни жинсий тегажоғлик даъвоси билан оммавий айблаб чиқди.

Улардан бири Би-би-си Рус Хизмати журналисти Фарида Рустамовадир.

Рустамова депутат билан 2017 йил 24 мартида бўлган ўзаро суҳбатни аудио тасмага ёзиб олган. Айни вақтда ушбу аудио ёзув Би-би-си ихтиёрида мавжуд, бироқ маълум сабабларга кўра хизмат уни оммага тақдим қилмасликка қарор қилган.

Ўтган йили Рустамова хоним Франция президентлигига номзод Мари Ле Пеннинг Россияга ташрифи бўйича интервью олиш мақсадида жаноб Слуцкийнинг парламент биносидаги офисига боради.

Суҳбат давомида депутат тўсатдан мавзуни бошқа томонга буриб, журналистга Би-би-сини ташлаб, ўзи билан ишлаш таклифини беради.

Рустамова хоним бу таклифни рад қилгандан сўнг аудио ёзувда депутатнинг ўз истагини очиқ билдиришга ўтгани эшитила бошлайди: журналист уни ўпмаётганидан нолийди ва Рустамовага жазмани бўлиши мумкинлигини маълум қилади.

Рустамова хоним, шундан сўнг, депутат унга томон қўл югуртира бошлаганини айтади. Журналист томонидан "Қўлингизга эрк берманг," деган огоҳлантиришга депутат "Мен қўлимга эрк бермайман. Лекин озгина эрк берсам ҳеч нарса қилмайди. Қўлга эрк бермоқ - хунук ибора," деб жавоб қайтаради.

Би-би-сининг бўлиб ўтган ҳолат юзасидан жаноб Слуцкийдан изоҳ олишга уринишлари бесамар бўлди.

Ҳозирда Рустамова хонимга РТВИ каналининг муҳаррир ўринбосари Екатерина Котрикадзе ва «Дождь» телеканали продюсери Даря Жук ҳам қўшилганлар. Ҳар икки аёл ҳам жаноб Слуцкийга қарши жинсий ахлоқсизлик даъвосини илгари сурмоқда.

Жинсий зўравонлик бўйича Россиядаги мавжуд ҳолат ҳақида фактлар:

•Россия қонунчилигида жинсий зўравонликни таснифлай оладиган энг асосий ҳуқуқий асос «Жиноят Кодекси»нинг 133-моддаси бўлиб, унда «жинсий зўрлаш» кўзда тутилган;

•Россияда жинсий зўравонлик қурбонларига айбни тўнкаш авж олган; кўп ҳолларда қурбонларнинг ўзи зўравонликка сабаб бўлишда айбланадилар;

•Ҳозирда ижтимоий тармоқларда Россиядаги жинсий зўравонлик ҳолатларига нисбатан эътибор кучаймоқда. 2016-йилда Facebookнинг рус сегментида «Айтишдан қўрқмайман» ҳаракати оммалашган эди. Ўшанда турли ёшдаги эркак ва аёллар жинсий тажовуз ҳақидаги фикрлари, ўз бошларидан ўтганларни ошкора ёзиб қолдиришган эди;

•Фаоллар ўсмирларга замонавий жинсий тарбия бериш заруриятини янада кўпроқ таъкидламоқдалар;

•Россия қонунчилигида жинсий зўравонликни янада аниқроқ таснифловчи ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ